Инсониятга таҳдид: Ер сайёрасига 4 йирик муаммо хавф солмоқда

Таҳлил

image

10 минг йил олдин Ер сайёрасида атиги 5 миллион аҳоли яшаган, минг йиллар давомида дунё аҳолиси жуда секин ўсиб келди ва шу тарзда XIX асрга қадар давом этди. Бироқ тиббиёт, технология ва қишлоқ ҳўжалигидаги ривожланиш натижасида 1800 йилга келиб дунё аҳолисининг сони 1 миллиардга етди. Шундан сўнг, юз берган икки Жаҳон уруши ва “Испан” гриппи пандемияси давридаги йўқотишларга қарамай, 1960 йилда “ерликлар” сони 3 миллиарддан ошди. Кўриниб турибдики, ушбу рақамлар фақат юқорига қараб ўсмоқда. 

Орадан бор-йўғи яна 60 йил ўтиб, аҳоли сони 2,5 баравар кўпайди. Айни вақтда ер юзида 7 миллиард 840 миллион инсон яшамоқда ва ушбу кўрсаткич шиддат билан ўсишда давом этяпти. БМТнинг башоратига кўра, 2055 йилга келиб Ер аҳолиси 10 миллиардга етади. Аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиши келажакда инсониятнинг ўзига хавф соладими? Ахир, Ер сайёрасидаги табиий ресурслар чекланган ва тобора тугаб бормоқда. Бу масалада қандай ечим бор? Ушбу саволлар юзасидан қуйидаги мақолада сўз юритамиз.

Ер яна қанча вақт инсониятга чидаб бера олиши мумкинлиги ҳақида сўз очишдан аввал, инсон омили туфайли сайёра қандай ҳолатга етиб келгани ва унда қанча ресурс қолгани ҳақида фикр юритиб кўрайлик.

Ўрмонларнинг йўқ қилиниши

Ўрмонлар керакми ўзи? Нима, уларсиз одам яшай олмайдими? Гап шундаки, ўрмонлар нафас олишимиз учун кислород ишлаб чиқаришдан ташқари, сувнинг ерга сингиб, йўқ бўлиб кетиши ҳамда тупроқнинг эрозияга учрашидан ҳимоя қилади. Шу билан биргаликда, ўрмонлар қанчадан-қанча ўсимлик ва ҳайвонот олами учун бошпана бўлиб хизмат қилади.

“National Geographic” ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, 1950 йиллардан бери дарахтларнинг кенг миқёсда кесилиши натижасида шу вақтгача дунё ўрмонларининг 46 фоизи йўқ қилинган. “The Guardian” нашрининг NASA маълумотларига таяниб ёзишича, бирор бир чора кўрилмаса, шу кетишда 2100 йилга келиб, дунёда умуман ўрмон қолмайди. У вақтгача эса кўплаб давлатларда инсонларнинг нафас олиш аъзолари билан боғлиқ касалликлар авж олиб, дунёда турли хил эпидемия ва пандемиялар ҳукм сураётган бўлиши мумкин.

Сув тақчиллиги

Сув яна қанча вақтга етади? Инсон тириклиги учун кейинги энг муҳим нарса – сув. Ер сайёрасининг 70 фоиздан ошиғи сув билан қопланган бўлсада, унинг 2,5 фоизи истеъмол учун яроқли. Шундан атига 0,3 фоизи дарё ва денгизлар, аниқроғи ер сатҳида жойлашган ва инсон ундан эмин-эркин фойдаланиб келмоқда. Қолган асосий қисми эса ер остидан ва Антартика музликлари таркибидан ўрин олган. 

Узоқ хаёлий келажак ҳақида сўз очмайлик. Чунки сув танқислиги аллақачон, глобал кўриниш олиб бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, бугун дунё бўйича 785 миллион одам сувсизликдан азоб чекмоқда. Нафақат Африканинг қолоқ давлатлари, балки ривожланган мамлакатларнинг улкан мегаполисларида ҳам сув муаммоси ўткирлашиб бормоқда. Хусусан, Пекин, Мехико шаҳри, Токио ва Жакарта каби йирик шаҳарларнинг ҳар бирида 10 миллиондан 20 миллионгача аҳоли ҳар куни сув тақчиллиги билан яшашга мажбур бўлса, Бразилиянинг Сан-Паулусида ҳар бир уй ер остидан сув тортиш учун махсус “скважина” қуриши керак. Африка давлатларида эса сув учун турли гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар одатий ҳолдир.

Сув тақчиллигига олиб келаётган омиллардан бири бу – унинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши. Таҳлилларга кўра, сув энг кўп сарфланадиган соҳа – қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ирригация (суғориш –таҳр.). “The Guardian”нинг маълумотларига кўра, 1 дона тухум олиш учун 196 литр, 1 литр сут учун эса 628 литр сув, 1 килограмм картошка етиштириш учун 287 литр сув сарфланади. Бир тасаввур қилинг, 1 дона нон, 2 дона тухум, 200 грамм қовурилган картошка ва 1 стакан сутдан иборат нонушта учун тахминан 1000 литрга яқин сув ишлатилади. Қўрқинли рақамлар-а, шундай эмасми?

Дунёда 2021 йил бошидан бери 600 миллион литр сув сарфланган. Даниянинг Артур университети тадқиқотларига кўра, инсоният сувдан шу тарзда фойдаланишда давом этса, 2040 йилга бориб бутун сайёра ўткир сув танқислигидан азоб чека бошлайди. Аллақачон, география фанига Марказий Осиёда Орол фожиаси, Шимоли-шарқий Африкада Нил “ўлими” каби тушунчалар кириб келган. Хитой цивилизациясининг ўчоғи бўлган Сариқ дарёнинг қуриб бориши 2000 йиллардаёқ муаммога айланиб улгурган. 

Энергия таъминоти

Саноатлашган давлатларда нефть ва кўмир энергиянинг асосий манбаи ҳисобланади. Хусусан, АҚШда кўмир ёқиш орқали мамлакатнинг 30 фоиз электр энергияси олинади. Стэнфорд университетига кўра, бугунги кунда дунёда ишлаб чиқарилаётган 38 фоиз электр энергияси кўмир ёқиш ҳисобига олинади. Нефтнинг инсон ҳаётидаги ўрни эса ундан ҳам юқори. Яхшилаб назар солсак, “қора олтин”ни ёқилғи саноатидан ташқари қурилишда ҳам, озиқ-овқатда ҳам, кундалик эҳтиёжда ишлатиладиган ошхона жиҳозларидан тортиб кийим-кечак таркибида ҳам кўришимиз мумкин

Афсуски, кўмир ва нефть ҳам чекланган. Статистик маълумотларга кўра, дунё йилига 36 триллион баррель (1 баррель 159 литрга тенг – таҳр.) нефть ишлатади. “Worldometers”нинг маълумотларига кўра, агар ҳар йили шунча миқдорда нефть сарфланса, 47 йилдан сўнг “қора олтин”нинг захиралари тугайди. Бундан ҳам даҳшатлироғи – агар барча нефть заҳиралари ёқиб юборилса, экология қандай аҳволга келади?

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида АҚШ, Германия ва Британия олимлари NASA билан ўзаро ҳамкорликда тадқиқот ўтказишган. Натижаларга кўра, агар Ер юзидаги нефть, газ ва кўмирнинг барча захираси ёқиб юборилса, ҳаво ҳарорати кўтарилиб, Антарктика ва Гренландия музликлари эрийди ва сув сатҳи 100 метрдан ҳам баландроққа кўтарилади, атмосферани эса чуқур ва заҳарли буғ қоплаб олади. У эса минг йилгача тарқалмай туради.

Урбанизация

Урбанизация – шаҳарларнинг кенгайиши. Бунга қишлоқ аҳолисининг иш излаб, яшаш шароитини яхшилаш мақсадида шаҳарларга кўчиб ўтиши сабаб бўлмоқда. БМТнинг маълумотларига кўра, 1800 йилда дунё аҳолисининг атига 2 фоизи шаҳарда яшаган бўлса, айни вақтда бу кўрсаткич 55 фоизга тўғри келади. 2050 йилга келиб эса дунёнинг 70 фоиз аҳолиси шаҳарларда яшай бошлайди.  

Шаҳар аҳолиси қишлоқдагиларга қараганда кўпроқ даромад қилади. Кўп даромад эса кўпроқ ҳаражат ва кўпроқ истеъмолдан дарак беради. Кўпроқ сув, электр энергияси, парвоз ва саёҳатлар, шахсий автомобиль: буларнинг барчаси Ерда қолган ресурсларнинг сарфланишини тезлаштиради. Шаҳарлар эса кундан-кунга кенгайиб, унинг аҳолисидаги эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. 

Бундай фарқ нафақат қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг кундалик эҳтиёжида, балки АҚШ, Корея, Япония ва ривожланган Европа мамлакатлари билан Африканинг қолоқ ҳамда энди-энди ривожланаётган давлатлари орасида ҳам кузатилади. Гап шундаки, ривожланган давлатларда тибиийки, аҳолининг даромади ҳам юқори бўлади. Бу эса кўпроқ ҳаражатга олиб келади. Шунчаки, қўша-қўша автомобиль ёки бассейнда сузмоқчи бўлса, албатта ўша бассейн катта бир яхтада, у яхта эса қайсидир денгизда жойлашган бўлиши керак. Даромаднинг баландлиги фақат иштаҳанинг очилишига олиб келади. 

Швейцариянинг “Global Footprint Network” илмий-таҳлилий марказига кўра, айни вақтда Ер юзида мавжуд бўлган 8 миллиардга яқин инсоннинг ҳар бири хитойлик каби ҳаёт кечирганда, Ер сайёраси торлик қилган бўлар эди. Агар француздек ҳаёт кечирса, 2,5 та, АҚШ фуқаросидек яшаса, 4 та Ер сайёраси керак бўлар эди. Дубай аҳолисидек ҳаёт кечириш учун эса 5 та Ер ҳам камлик қилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, кислород таъминотчиси ҳисобланган ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетишига 80 йил, ичимлик сувининг тугашига эса 19 йил ва барча энергия таъминотини ёқиб юбориб, дунёни заҳарли шарга айлантириш учун яна 47 йил вақт қолибди. Келажак авлодга яхши замин қолдирайлик, деб экологлар жар солиб юради-ю, лекин ҳозирги авлодга ҳам аллақачон ҳеч қанча вақт қолмабди.

Эшик қоқиб улгурган юқоридаги глобал муаммоларга қандай ечим борлиги хусусида келгуси мақолада ўқишингиз мумкин. QALAMPIR.UZ`дан узоқлашманг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1212

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг