Давлат мукофотлари қайсилар ва уларга қанча маблағ тўланади?
Жамият
−
09 Декабрь 2019
69663Ҳар бир инсон ўз меҳнатини самарасини кўришни хоҳлайди. Йиллар давомида тер тўкади, вақтини сарфлайди. Заҳмат чекиб ишлаётган меҳнаткашлар нафақат моддий, балки маънан рағбатлантиришга ҳам муҳтождир. Давлат томонидан маънавий рағбатлантиришнинг олий кўриниши – давлат мукофотларидир. Хўш, уларнинг қандай турлари бор ва топшириш тартиби қандай?
Давлат мукофотларининг нечта тури мавжуд?
Аввало, сўзни олий қонунимиз Конституциямиздан бошласак. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини бериш Президент ваколатларидан бири ҳисобланади. Бу борада ўз даражаси бўйича Конституциядан кейинги ўринда турувчи хужжат бу – “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонун ҳисобланади.
Давлат мукофотлари ҳам маълум турларга эга. Буларнинг ичида мавқеи жиҳатидан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони юқори ҳисобланади. Бу мукофот билан тақдирланган сирасига марҳум шоир Абдулла Орипов, бу йил тақдирланган Олтиариқ тумани “Нурли обод”фермер хўжалиги бошлиғи Лола Муротоваларни киритиш мумкин.
Сўнгра, Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари, орден, медаллари ва фахрий ёрлиқлари давлат мукофотларига мисолдир.
“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига медали ва гувоҳнома топширилади. Фахрий унвонларнинг эса қонунда 34 хили назарда тутилган. Улардан Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси кабиларни келтириш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг орденлари қуйидагилардан иборат: “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Буюк хизматлари учун ордени”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, I ва II даражали “Соғлом авлод учун”, I ва II даражали “Шон-шараф”, “Дўстлик”, “Мардлик”.
Ўзбекистон Республикаси медаллари эса 4тагина бўлиб, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун”, “Келажак бунёдкори”, “Шуҳрат” медалларидир.
Мукофотни бериш тартиби
Давлатнинг ушбу мукофотларини топшириш, уларнинг эгаларини аниқлашда асосий орган бу – Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия ҳисобланади. Бу комиссиянинг таркибини Президентнинг ўзи белгилайди.
Ким қайси мукофотга лойиқ кўрилиш масаласи тақдимнома тарзида давлат раҳбарига киритилади. Бу тақдимномани бериш масаласи комиссия билан биргаликда соҳанинг юқори турувчи ташкилоти билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Мисол учун, бирор судьяга давлат фахрий унвони ёки орден берилиши Олий суд билан, бирор банк ходимига Марказий банк билан келишилган ҳолда тақдимнома билан Президентга киритилади. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам давлат мукофоти билан тақдирланиши мумкин. Бундай тақдимномани Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда киритилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ўзи ҳам ташаббус билан чиқиши мумкин. Президентни ўзини давлат мукофоти билан тақдирлаш ташаббуси Парламент палаталари қарорлари билан бўлади.
Айни бир шахс айни бир мукофот билан тақдирланиши мумкин эмас. Бир марта “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлган шахс яна шу мукофотни олиши мумкин эмас. Бир мукофот олган шахс бошқа мукофот билан орадан 3 йил ўтиб мукофотланади. Лекин, истиснолар доим бўлган. Қонунда алоҳида ҳолларда бу муддат амал қилмаслиги келтирилган.
Давлат мукофотини олишга деярли ҳамма ҳақли. Ҳатто, вафот этган марҳумлар ҳам бу ҳуқуқдан мосуво этилмаган. Давлат мукофоти Президент ёки бошқа ваколатли ташкилот раҳбари бериши мумкин. Масалан, Олий мажлис Сенати раиси, Қонунчилик палатасининг Спикери, Бош вазир, Олий суд раиси в.ҳ.
Мукофотлар қандай тақилади?
Давлат мукофотларини тақишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Мукофотлар умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида ва бошқа ҳолатларда тақилади. Олий мукофот “Олтин Юлдуз” медали, фахрий унвонларига доир кўкрак нишонлари, орденлари ва медаллари кўкракнинг чап томонига тақилиши лозим.
Агар сизда бир неча мукофот бўлса, уларнинг жойлашиш тартиби ҳам қонун хужжатларида келтирилган. Қуйида улар билан танишамиз.
– Энг олий мукофот – “Олтин Юлдуз” медали энг юқорига тақилади.
– Фахрий унвонлар орден ва медаллардан олдин тақилади
– Орденлар медаллардан олдин тақилади. Уларнинг тартиби юқоридаги кўринишда бўлади. Фақат истисно сифатида, “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Буюк хизматлари учун” орденлари ўнг томонга тақилади. Агар сизда чет давлатнинг мукофоти мавжуд бўлса, сиз Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотини олдин тақишингиз лозим.
Кундалик ҳаётда орден ва медаллар ўрнига ленталар тақилади. Ленталар учун планкалар бўртиб чиққан ва бўйи 12 мм, эни 24 мм бўлиши лозим.
Ушбу планкалар бўйича истисно мавжуд. Уларга оид қоидалар “Олтин Юлдуз” медали, “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди” орденларига ва фахрий унвонларга нисбатан тадбиқ этилмайди.
Мукофотларни сақлаш, мамлакатдан олиб чиқиш ва моддий манфаат
Давлат мукофотини олган шахслар уларни бут сақлашлари лозим. Агар ҳарбий вазиятда, табиий офатда ва олдини олиб бўлмас ҳолатда йўқотилса, дубликати берилади. Лекин унда ҳам қимматбаҳо бўлган мукофотлардан ташқари. Бундай турдагисининг дубликати берилмайди. Яъни, сизда қимматбаҳо металдан қилинган мукофот бўлса, уни эҳтиёт қилинг. Ҳар қандай вазиятда ҳам унинг дубликатини олишнинг иложи йўқ.
Агар мамлакат ҳудудидан олиб чиқишни ихтиёр қилган бўлсангиз, унда сизда тегишли мукофотни тасдиқловчи хужжат (гувоҳнома) бўлиши лозим. Бундай хужжат йўқми, демак сиз уни олиб ўтолмайсиз.
Давлат мукофотлари фақатгина маънавий эмас, моддий жиҳатидан ҳам фойдалидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 3 январдаги 2-сон қарорига мувофиқ, “Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Низомга кўра, “Халқ” ва “Хизмат кўрсатган арбоб” фахрий унвонларига энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари, “Хизмат кўрсатган артист” учун 1,8 баравари, “Хизмат кўрсатган” унвони билан бошқа касбдагиларга 1,6 баравар миқдорида тўловлар берилади.
Шунингдек, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ҳар ойлик маоши ёки иш ҳақи миқдорида бериб борилади.
• “Мустақиллик” ордени – энг кам иш ҳақининг 75 баравари миқдорида;
• “Амир Темур” ордени – энг кам иш ҳақининг 70 баравари миқдорида;
• “Жалолиддин Мангуберди” ордени – энг кам иш ҳақининг 60 баравари;
• “Буюк хизматлари учун” ордени – энг кам иш ҳақининг 60 баравари;
• “Эл-юрт ҳурмати” ордени – энг кам иш ҳақининг 50 баравари;
• “Фидокорона хизматлари” ордени – энг кам иш ҳақининг 45 баравари;
• “Меҳнат Шуҳрати” ордени – энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
• 1-даражали “Соғлом авлод учун” ордени – энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
• 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени – энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида;
• 1-даражали “Шон-шараф” ордени – энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
• 2-даражали “Шон-шараф” ордени – энг кам иш ҳақининг 20 баравари;
• “Дўстлик” ордени – энг кам иш ҳақининг 30 баравари;
• “Мардлик” ордени – энг кам иш ҳақининг 15 баравари;
• “Содиқ хизматлари учун” медали – энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;
• “Келажак бунёдкори” медали – энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;
• “Жасорат” медали – энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;
• “Шуҳрат” медали – энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида бир марталик маблағ тўланади.
LiveБарчаси