“Инновацион ғоя”. Бухородаги қадимий обидага пластик ромлар ўрнатилди
Жамият
−
11 Ноябрь 2023
8070Facebook'да Бухородаги “Масжиди Калон” масжидига пластик ва алюминий ромлар ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.
Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” масжиди “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасига асосан Мусулмонлар идорасининг Бухоро вилояти вакиллигига масжид сифатида фойдаланиш учун топширилган. Мурожаатда кўрсатиб ўтилган пластик ва алюминий ромлар 2016 йилда намозхонларга қулайликлар яратиш мақсадида масжид маъмурияти томонидан ўрнатилгани аниқланган.
Ҳукумат томонидан тасдиқланган “Маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш бўйича 2023 йилги Манзилли дастур”га асосан “Масжиди Калон”ни ҳам реставрация қилиш, таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан маъқулланган.
Ҳозирда мазкур лойиҳа асосида масжидни реставрация қилишнинг 1-босқичи доирасида том қисмини таъмирлаш ҳамда конструктив жиҳатдан мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳага кўра, масжиддаги пластик ва алюминий ромларни бинонинг архитектурасига мос келадиган анъанавий ёғоч ромларга алмаштирилади. Мазкур ишлар таъмирлашнинг 2-босқичида амалга оширилиши белгиланган.
“Шунингдек, мурожаатда айтиб ўтилган объектга кириш билетларининг пуллик экани масаласи юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз: Ҳақиқатан ҳам масжидга маҳаллий ва хорижий саёҳатчилар учун кириш пуллик бўлиб, намозхонлар ва зиёратчилар учун алоҳида кириш жойлари мавжуд бўлиб улардан йиғим ундирилмайди. Объектга кириш билетларини сотишдан тушган маблағлар объектни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишларига сарфланади”, дейилади муносабатда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь