Инқироз: Ерда қариялар сони рекорд даражада кўпайди
Бу қизиқ
−
15:11 1306 2 дақиқа
Дунё аҳолиси барча кузатувлар тарихида илгари кузатилмаган демографик маррага етди: 65 ва ундан юқори ёшдаги одамлар сони илк бор 5 ёшга тўлмаган болалар сонидан ошиб кетди. Бу ҳақда АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси ҳисоботига таяниб, “Axios” хабар берди.
Қайд этилишича, ўзгаришлар демографлар кутганидан кўра тезроқ юз бермоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири дунёнинг аксарият мамлакатларида туғилиш даражасининг пасайиши бўлган.
2023 йилда сайёра аҳолисининг 71 фоиздан ортиғи туғилиш кўрсаткичи аҳолининг оддий такрор кўпайиши даражасига – бир аёлга қарийб 2,1 нафар бола тўғри келадиган даражагача тушиб кетган мамлакатларда яшаган. 2013 йилда эса бундай мамлакатларда аҳолининг атиги 45 фоизи истиқомат қилган.
Паст туғилиш кўрсаткичи дунёнинг аксарият мамлакатларида кузатилмоқда. Бир аёлга 2,1 нафардан кам бола тўғри келиши кўрсаткичи, хусусан, Ернинг энг кўп аҳоли яшайдиган икки мамлакати – Хитой ва Ҳиндистонда қайд этилган. Аҳолининг такрор кўпайиши даражасидан паст бўлган кўрсаткич Бангладеш, Мексика ва Вьетнамда ҳам кузатилмоқда.
Шу билан бирга, кекса ёшдаги одамлар сони тез суръатлар билан ўсишда давом этади. АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси прогнозига кўра, 2025 йилда дунёда 65 ва ундан юқори ёшдаги 852 миллион киши ҳисобланган. 2060 йилга бориб уларнинг сони 2 миллиардга етиши, яъни икки баравардан кўпроққа ошиши мумкин.
Ушбу ўзгаришлар меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли ва кексалар ўртасидаги нисбатни аста-секин ўзгартириб бормоқда. Аҳолининг ёш таркиби бўйича энг қари минтақа сифатида Европа қолмоқда. Бироқ қариш тенденцияси аллақачон анча кўп мамлакатлар ва минтақаларни қамраб олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2040 йилга бориб Ўзбекистонда туғилишлар сони йилига 1 миллиондан ошиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси