Ҳиндистон душманларига қарши урушга ҳам тайёр
Олам
−
28 Февраль 2019
6722Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди мамлакат керак бўлса курашишга ҳам тайёрлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон душманлари вазиятни издан чиқариш учун теракт ва фитнадан фойдаланяпти. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
“Ҳиндистон курашади, яшайди, меҳнат қилади ва ғалаба қозонади”, деган Моди Ҳиндистон халқ партияси вакиллари олдидаги чиқишида.
Агентликнинг таъкидлашича, Бош вазир Покистон билан можаро ҳақида гапирмаган. Партия аъзолари эса қўшни давлатга янги зарбалар бериш кераклигини айтган.
Бундан ташқари Ҳиндистон Мудофаа вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, Покистон ҳукумати “Жаиш-е-Муҳаммад” террорчилик гуруҳининг етакчиларини яширяпти.
Расмий Исломобод Ҳиндистон билан уруш чиқишини истамаслигини айтяпти. Бироқ “The Times of India” нашрининг ёзишича, Покистон Бош вазири Имрон Хон ядро кучлари қўмондонлари билан йиғилиш ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Покистон Ҳарбий ҳаво кучлари Ҳиндистон ҲҲКга қарашли иккита қирувчи самолётни уриб туширди. Бу Ҳиндистон авиацияси “Жаиш-е-Муҳаммад” лагерига ҳужум қилгач, юз берди.
“Жаиш-е-Муҳаммад” гуруҳи 14 февраль куни ҳинд ҳарбийлари автоколоннасига қарши уюштирилган теракт учун жавобгарликни ўзига олганди. Терактда 45 киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси