Имомали Раҳмон Қозоғистонга борди
Олам
−
04 Май 2023
6249Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни пойтахт аэропортида давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Остона аэропортида мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Шундан сўнг Оқўрданинг тантанали маросимлар залида ҳам фахрий қоровул саф тортган ва икки давлат мадҳиялари янграган. Расмий учрашувдан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтган.
Кенгайтирилган таркибдаги музокараларда эса Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Тожикистон билан ҳамкорликнинг бутун минтақа учун муҳимлигини таъкидлаган.
“Давлатларимиз ўртасида барча даражада ишончли сиёсий мулоқот ўрнатилди. Биз бир қатор халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиб, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва хавфсизликни таъминлаймиз. Турли соҳалардаги 100 дан ортиқ шартномаларни ўз ичига олган мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий база яратилган. Бугун бу рўйхат янги муҳим келишувлар билан тўлдирилади”, деган Қосим-Жомарт Тўқаев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистон кўп йиллар давомида Тожикистоннинг иккинчи муҳим савдо ҳамкори бўлиб келган. Ўтган йилнинг ўзида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этган.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса “Иттифоқдош ҳамкорлик тўғрисидаги декларация”ни икки томонлама алоқалар пойдеворини сезиларли даражада мустаҳкамловчи тарихий декларация, деб атаган.
“Савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатларимизнинг энг муҳим таркибий қисми бўлиб қолмоқда. Қозоғистон кўп йиллардан буён Тожикистон ташқи савдоси таркибида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Йиллик товар айирбошлаш ҳажмини яқин вақт ичида 2 миллиардга етказишга келишиб олдик. Бу вазифа тизимли равишда амалга оширилаётгани қувонарлидир. Бугунги кунда Қозоғистон Тожикистоннинг савдо ҳамкорлари орасида иккинчи ўринда туради. 2023 йил охирида Қозоғистон 1-ўринга кўтарилиши мумкин. Имкониятлар жуда катта”, деган Имомали Раҳмон.
Кеча, 3 май куни эса Остонада Қозоғистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтган, унда ишбилармонлар 1,3 миллиард долларлик шартномалар имзолаган.
LiveБарчаси