Тошкентда имом-хатиблар йўлидан адашмаслиги учун йиғилиш ўтказилди
Жамият
−
09 Февраль 2019
6490Кеча, 8 февраль куни Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳамда Тошкент шаҳар бош-имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов иштирок этган.
Имом-хатиб бугун ўзига юклатилган шарафли масъулиятни қанчалик тўлақонли адо этяпти? Қандай фазилатларга эга бўляптию, қайси жиҳатларда оқсамоқда? Айниқса, шиддат билан ўзгараётган даврда дин атрофидаги мунозараларга илмий ечим, асосли жавоб бера оляптими? Йиғилишда ана шу масалалар муҳокама қилингани айтилмоқда.
“Диний соҳа эгаси ўта ҳассос омонатни тутиб турган кишидир. Унинг зиммасида бугун икки карра масъулият бор. Кишиларни ҳидоят ва маърифатга чақириш, ундан сўнг эса бу йўлда адашиб кетмаслик. Аждодлар, улуғ устозлар йўлини тутишда мустаҳкам кўприк бўла олиш. Инчунин, адашиш бугун осон бўлиб қолди. Бўлинаётган барча фирқа, тоифа ўзини нажотга бошловчи, соф исломни таълим берувчи деб эълон қилади. Бундай пайтда имом-хатиб ўз билими, илмий салоҳияти ила ҳақ билан ботилни ажратиб беради, адашган тоифа эгасига асосли раддия бера олиши билан жамиятда бирдамлик, биродарликни таъминлай олади. Мана шундай талабга жавоб бера олганларгина бу вазифага муносиб бўладилар”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тарқатилган хабарда.
LiveБарчаси