Иман Хелиф кибербуллинг сабаб Х'ни судга берди
Спорт
−
15 Август
7833Париж Олимпиадасидаги иштироки жинси бўйича баҳсларга сабаб бўлган жазоирлик боксчи Иман Хелиф аёллар ўртасидаги 66 кг вазн тоифасидаги баҳсларда мутлақ тенгсиз деб топилди ва Олимпиада чемпионлигини ўз ҳисобига муҳрлаб қўйди. Спортчи ватанига қайтгач, ўйинлар вақтидаги гендер можаросидан сўнг таҳқирли кибербуллинг ҳолатлари юзасидан судга мурожаат қилди. У судга йўллаган даъво аризасида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп, америкалик тадбиркор, SpaceX ва Х (собиқ Тwitter) асосчиси Илон Маск ва “Гарри Поттер” муаллифи, ёзувчи Жоан Роулинг исмлари келтирилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Даъво аризасида келтирилишича, Хелиф ушбу таниқли шахсларнинг айбловлари ва онлайн ҳақоратларига дуч келган. Трамп, Маск ҳамда Роулинг Жазоир боксчисининг аёллар ўртасидаги бокc баҳсларида қатнашиш учун берилган ҳуқуқини шубҳа остига қўйган. Негаки, Хелиф 2023 йилда Нью-Деҳлида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медаль учун курашдан бир неча соат олдин Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) мувофиқлик мезонларини бажара олмагани учун дисквалификация қилинган эди. Халқаро Олимпия қўмитаси унга гендер бўйича тест синови туфайли аввалги чемпионатдан дисквалификация қилинганига қарамай, Париждаги мусобақада қатнашишга рухсат берди ва у олтин медални қўлга киритди.
Даъво таъқиб учун масъул бўлган шахсларга қаратилган бўлиб, потенциал текширувлар бошқа иштирокчиларга ҳам тегишли. Хелифнинг адвокати Набил Боуди Трамп, Маск ҳамда Жоан Роулинг томонидан спортчига қилинган ҳақоратларни “ирқчилик ва жинсий алоқа кампаниясини ташкиллаштириш” деб атаган. Адвокат Париж прокуратурасининг онлайн нафрат сўзларига қарши курашувчи махсус бўлинмасига қонуний шикоят билан мурожаат қилган. Адвокатнинг “Variety” нашрига берган интервьюсига кўра, иш Х’га қарши қўзғатилган, аммо Маск ва Роулинг каби шахслар платформадаги постлари учун алоҳида жазога тортилиши керак.
Юридик ҳаракат ушбу шахсларни Олимпиада вақтидаги очиқ баёнотлари ва онлайн постлари учун жавобгарликка тортишдан иборат.
Италия Бош вазири Жоржия Мелони ҳам жазоирлик боксчи Иман Хелифнинг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида қатнашишига эътироз билдирганди. Сабаби Олимпиада ўйинларининг бокс бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда италиялик Анжела Карини рақиби, жазоирлик Иман Халифга қарши жангнинг 46-сониясида тўқнашувни давом эттиришдан бош тортганди. Негаки Анжела Карини жанг давомида рақибининг кучли зарбаларига дош бера олмаган. Илгари тестостерон ва жинсга оид тестлардан ўта олмагани учун жаҳон чемпионатларида қатнашиши тақиқланган Жазоир боксчиси эса рақиби мусобақани тарк этганидан сўнг, Олимпиададаги дастлабки жангида ғалаба қозонди.
Хелиф ғалабаси билан Африка давлатларидан чиққан бокс бўйича биринчи Олимпия чемпионига айланди. Шу тариқа спортчи Жазоир тарихидаги еттинчи, 2000 йилдан буён биринчи, шунингдек, аёллар боксида мамлакат тарихида биринчи бўлган Олимпиада ўйинлари медалини қўлга киритди.
Бундан ташқари, Париж Олимпиадасидаги иштироки жинси бўйича баҳсларга сабаб бўлган Хитой Тайпейи (Тайвань) боксчиси Лин Юй-Тин ҳам олтин медални қўлга киритди ва у ҳам Олимпиада чемпионига айланди. Бокс бўйича аёллар ўртасидаги ушбу баҳсларда ўзбекистонлик Ситора Турдибекова Хитой Тайпейи (Тайвань) вакили Лин Юй-Тинга қарши рингга кўтарилиб, якунда мағлубиятга учраганди. Лин Юй-Тин 2023 йилги аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмаган, аниқроғи боксчига мундиалда қатнашишга рухсат берилмаган, бироқ Лин Юй-Тинга Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпиада баҳсларида қатнашишга рухсат берди.