IMAN Holding ва Маҳмуд Усмон ўртасида можаро: мустақил аудит ва шаръий текширув бошланди

Бизнес

−

image

Кеча, 30 октябрь куни Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши вакили Маҳмуд Усмон IMAN Holding компанияси фаолиятидаги молиявий тафовутлар, инвесторлар маблағларининг сарфланиши ва бир қатор шубҳали келишувлар юзасидан баёнот берган эди. У компания портфелида 20 миллион доллар камомад борлигини иддао қилиб, бунга оид бошқа бир қатор ҳолатларни ҳам очиқлаганди. Бунга жавобан IMAN Holding аввалги муносабатини билдирган бўлса-да, компания бу мавзуга яна қайтиб, навбатдаги баёнотини эълон қилди.

IMAN Holding мустақил текширув бошланганини маълум қилди

Компания матбуот хизмати раҳбари Мирза Қодировнинг айтишича, Маҳмуд Усмон томонидан келтирилган маълумотлар икки томон ўртасидаги баҳснинг бир иштирокчиси фикри бўлиб, уларни аудиторлар хулосаси ёки суд қарори билан тасдиқланган факт сифатида қабул қилиб бўлмайди. Компания ўз баёнотига ҳам бир томоннинг позицияси сифатида қараш лозимлигини таъкидлаган.

Шу муносабат билан IMAN Holding молиявий кўрсаткичлар юзасидан оммавий баҳсларни давом эттириш ўрнига, барча даъволарни мустақил мутахассислар ўрганиши кераклигини билдирган. Компаниянинг маълум қилишича, масала ҳуқуқий, молиявий ва шаръий йўналишларда текширилади.

Хусусан, шаръий масалаларни ўрганиш учун Usmoni’s аудиторлик компанияси жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки аудит жараёнлари бошланган, яқин вақт ичида компания вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюради.

Бундан ташқари, IMAN Holding Ўзбекистон мусулмонлари идорасига масаланинг шаръий жиҳатларини ўрганиш учун уламолар ажратиш юзасидан расмий мурожаат тайёрлаган. Компания мамлакатда ҳурмат қозонган бошқа диний уламолар иштирокида алоҳида шаръий кенгаш тузиш бўйича ҳам иш олиб бораётганини маълум қилган. Кенгаш аъзоларининг номлари уларнинг розилиги олинганидан кейин эълон қилинади.

Компания баёнотида Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши вакилларига икки ярим йиллик ҳамкорлик учун миннатдорчилик ҳам билдирилган. Қодировнинг таъкидлашича, IMAN Holding шу давр мобайнида кенгашнинг барча хулоса ва талабларига, ҳатто улар бизнес манфаатларига зид бўлган ҳолатларда ҳам амал қилиб келган. Унинг айтишича, Маҳмуд Усмоннинг ўзи ҳам буни аввалги оммавий тадбирларда эътироф этган.

IMAN Holding инвесторларни мустақил мутахассислар хулосаси эълон қилингунига қадар шошилинч қарорлар қабул қилмасликка чақирган. Компания фаолиятида камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этишга тайёрлигини ҳам билдирган.

“Агар муаммолар аниқланса, уларни бартараф этишга тайёрмиз. Бизнинг тамойилларимиз ва мақсадимиз ўзгармаган”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, компания Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши вакиллари мавжуд ҳолатни тўғрилаш бўйича таклифлар билан чиқса, уларни кўриб чиқишга очиқ эканини маълум қилган.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Ислом молиясига мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) “Iman Invest” билан ҳамкорликни зудлик билан ва тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда кенгаш аъзолари – ислом молияси бўйича халқаро аудитор Маҳмуд Усмон ва халқаро ҳуқуқшунос Ҳусайн Ражабов баёнот берди. Маҳмуд Усмоннинг баёнотига кўра, компания фаолияти бўйича якуний хулоса берилмаган, шаръий аудит жараёни эса давом этган. 2026 йил июль ойида кенгашга компаниядаги шубҳали транзакцияларни акс эттирувчи ҳужжатлар келиб тушган.

Шундан сўнг халқаро молиячилар, ҳуқуқшунослар ва шаръий аудиторлардан иборат тафтиш комиссияси тузилиб, уч ярим ой давомида текширув олиб борилган. Молиявий текширувлар 15 октябрь куни якунланган.

Бунга жавобан “Iman Invest” компанияси асосчиси Рустам Раҳматов Маҳмуд Усмон томонидан компания фаолиятига нисбатан билдирилган даволарни рад этди. Унинг айтишича, томонлар ўртасидаги келишмовчилик хизмат ҳақларини камайтириш масаласи ва компания акцияларидан улуш сўралиши ортидан юзага келган.

Кейинроқ, Маҳмуд Усмон ўзининг расмий саҳифасида баёнот бериб, компаниянинг 70 миллион долларлик портфелида 20 миллион долларлик камомад борлигини айтди. IMAN Holding ушбу талқинга қўшилмаслигини билдириб, келтирилган сумма учта алоҳида молиявий кўрсаткични бирлаштириши ва уларни бевосита зарар сифатида баҳолаш нотўғри эканини маълум қилди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг