Илон Маскнинг Зеленский ҳақидаги меми низо келтириб чиқарди
Олам
−
02 Октябрь 2023
13211Америкалик миллиардер, Tesla ва Space X асосчиси Илон Маск бугун, 2 октябрь куни X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ҳарбий ёрдам сўрашини истеҳзо билан изоҳлаган мемни эълон қилди. Бу эса ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кескин реакцияга сабаб бўлди.
Бу 2014 йилда тарқалган машҳур мемнинг фотошоп версияси бўлиб, унда “юзида томирлар бор стрессли йигит”нинг қиёфаси Зеленскийники билан алмаштирилган. Илон Маскнинг саҳифасидаги мемда “Миллиард долларлик ёрдам сўрамаганингдан беш дақиқа ўтиб”, деган ёзув қолдирилган.
Эълон қилинганидан 13 соат ўтиб, Маскнинг пости 500 мингдан ортиқ "лайк" йиғган, 55 минг марта репост қилинган ва 36 мингдан ортиқ шарҳ қолдирилган.
Кўпчиликнинг мазкур постга муносабати салбий бўлган. Масалан, фойдаланувчилардан бири ўз изоҳларида Маскнинг Россия Қуролли кучлари зобити кийимидаги фотошоп билан ўзгартирилган суратини жойлаштирган. Яна бир фойдаланувчи Россия Президенти Владимир Путиннинг ўзгартирилган суратини жойлаштириб, “Ядровий таҳдид қилмаганингдан беш дақиқа ўтиб” деган изоҳ қолдирган.
Британиянинг BBC медиа компанияси Маскнинг Украина Президенти ҳақидаги мемини “ҳақорат билан чегараланган” деб атаган.
“Forbes”нинг ёзишича, Илон Маск Украинани молиялаштиришга қарши бўлган ва маблағдан АҚШ-Мексика чегарасини ҳимоя қилиш учун фойдаланишни таклиф қилаётган сиёсатчиларнинг, асосан республикачиларнинг нуқтаи назарига қўшилади.
Миллиардернинг пости Киевда ҳам танқидларга сабаб бўлган. Хусусан, Украина Президенти идораси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Telegram’даги каналида Илон Маскка мурожаат қилиб, Россияни қўллаб-қувватлаш уруш ва Украина халқининг геноцидига қўйилган тўғридан тўғри сармоя эканини эслатган.
“Бугунги кунда Россияга ҳар қандай ёрдам урушга, геноцидга, эркин дунёни ўлдиришга, эскалация ва жазосиз қолиш ҳуқуқига тўғридан тўғри сармоядир. Украина бўйича ҳар қандай сукунат ёки киноя оммавий зўравонлик ва қирғинни оқлайдиган Россия ташвиқотини сўзсиз рағбатлантиришдир”, деган Подоляк.
Унинг ёзишича, уруш эпимарказидан минг километр узоқликдаги медиа вакилларининг барчаси ҳам ҳар куни содир бўлаётган портлашлар ва ота-оналарини йўқотаётган болалар йиғиси нимани англатишини тушуна олмайди.
“Баъзида сукут сақлаш маъқул, шундай эмасми, Илон Маск?” деб қўшимча қилди Подоляк.
Бироқ у кейинчалик постини ўчириб ташлаган ва Илон Маск ҳақидаги эслатмани олиб ташлаб, янгитдан чоп этган.
Олий Рада раҳбари Руслан Стефанчук ҳам X ижтимоий тармоғида Илон Маскни белгилаб, ҳақоратомуз пост ёзди. Пост остидаги изоҳларда ўқувчилар Рада спикерига Украинани шарманда қилмасликни ва дипломатларга Маскга жавоб бериш имкониятини беришни тавсия қилди.
Маълумки, Президент Зеленский мунтазам равишда Ғарб давлатларини Украинани қўллаб-қувватлашга чақиради. Киев ҳарбий харажатларни Ғарбдаги ҳамкорлари ёрдамида молиялаштиришиини очиқ эълон қилиб келади. 2023 йил учун Украина расмийлари 38 миллиард долларлик рекорд дефицитни режалаштирган эди, ўшанда Зеленский Ғарбга уни тўлиқ қоплашни таклиф қилди. Бироқ, ҳозир Украинанинг 2024 йилги бюджети лойиҳасида бундан ҳам катта камомад мавжуд – тахминан 42 миллиард доллар. Украина Молия вазири Сергей Марченконинг айтишича, Ғарб давлатларида Киевга пул ажратишни хоҳловчилар тобора камайиб бормоқда ва бу Украина ҳукуматига янги маблағ сўрашни тобора қийинлаштирмоқда.
АҚШда эса Украинага Россия агрессиясидан ҳимоя мақсадида ёрдам бериш баҳсли мавзуга айланган. Аксарият демократлар ва баъзи республикачилар Киевга кўмак беришни қўллаб-қувватламоқда. Бироқ АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп тарафдорлари қаторида бўлган республикачилар давлат бюджетидан ажратилаётган бу харажатларни ортиқча, деб ҳисобламоқда.
Трампнинг Конгрессдаги айрим тарафдорлари ҳам бу пул Мексика билан чегарада девор қуришга сарфлангани маъқул, демоқда. Илон Маск ҳам улар қаторида олдинроқ “АҚШдаги сиёсатчилар Украина чегараси ҳақида ўз давлатларидан кўра 100 баробар кўпроқ хавотирда”, деб киноя қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат ёпилишига йўл қўймаслик мақсадида Украинага ёрдам кўрсатишни назарда тутмайдиган 45 кунлик (17 ноябргача) бюджет лойиҳасини қабул қилган эди. Оқ уй ва Конгрессдаги демократлар Киевга кўмакни тўхтатишни хоҳламаса-да, республикачилар бунга тўсқинлик қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь