Илон Маск сайловдан кейин қарийб 29 млрд доллар йўқотди

Олам

−

image

АҚШда Конгрессга ўтказилган оралиқ сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилингач, америкалик тадбиркор Илон Маскнинг бойлиги қарийб 29 миллиард долларга камайди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Қайд этилишича, жориий йилнинг 3 ноябрь куни ўтказилган сайловларда Демократик партиянинг ғалаба қозониши ҳақидаги дастлабки маълумотлар инвесторларда хавотир уйғотган. Оқибатда Маскнинг асосий активлари ҳисобланган SpaceX ва Tesla компаниялари акциялари савдолар бошланишидан олдин мос равишда 6,9 фоиз ва 5 фоизга арзонлашган.

Инвесторларнинг хавотирига Демократик партия ғалабаси ортидан сунъий интеллект соҳасидаги тартибга солиш талаблари кучайтирилиши ва SpaceX ҳамда Tesla компанияларининг эҳтимолий бирлашуви истиқболлари қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, июль ойи охиридан буён Tesla акциялари компаниянинг сунъий интеллект соҳасидаги маҳсулотларига қизиқиш ва SpaceX билан бирлашиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар фонида 34 фоизга қимматлашган эди. Бироқ демократларнинг сайловдаги муваффақияти ушбу режаларга нисбатан инвесторлар қарашини ўзгартириши мумкин.

Таҳлиличилари Маскни сайлов натижаларидан энг кўп зарар кўрган шахслардан бири сифатида баҳолаган.

Таъкидланишича, тадбиркор сайловлар арафасида Республика партияси номзодларини қўллаб-қувватлаш учун тахминан 446 миллион доллар сарфлаган. Маблағларнинг катта қисми Техасдаги Сенат сайловлари учун сарфланган. Шунингдек, Маск ўзининг X ижтимоий тармоғидаги 240 миллион обуначисини Демократик партия номзодларига овоз бермасликка чақирган.

Дастлабки натижаларга кўра, Демократик партия Конгресснинг ҳар икки палатасида ҳам назоратни қўлга киритган. Партия Вакиллар палатасидаги 435 ўриндан 258 тасини эгаллаши мумкин. Сенатда эса демократлар 54 та, республикачилар 44 та ўринни қўлга киритган. Миссисипи ва Аляска штатларидаги сайлов натижалари ҳали аниқланмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг