Иллинойс штатида Трампнинг сайловда қатнашиши тақиқланди

Олам

image

АҚШнинг Иллинойс штати суди собиқ президент Дональд Трампни Республикачилар партиясининг бошланғич сайловида қатнашишига йўл қўймаслик ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда кеча, 28 февраль куни CNN хабар берди.

Судья қарори АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишнинг 3-бўлими асосида қабул қилинган. Унда айтилишича, содиқликка қасамёд қилиб, “кейин Қўшма Штатларга қарши қўзғолонда қатнашган ёки унинг душманларига ёрдам кўрсатган” шахс давлат хизматида бирон бир лавозимни эгаллаши мумкин эмас.

Судья ушбу қарор ижросини жума кунига қолдирди. Бунгача Трамп қарор устидан апелляция бериши кутилмоқда.

Январь ойи бошида Иллинойс штати сайлов кенгаши собиқ президентни маҳаллий праймеризларда сайлов бюллетенидан четлатиш тўғрисидаги даъвони бир овоздан рад этган. Сайлов комиссиясининг барча саккиз аъзоси бундай қилиш ваколатига эга эмас, деган хулосага келди.

Маълумот учун, 2021 йилнинг 6 январида ўша пайтда Америка етакчиси бўлган Трампнинг тарафдорлари 2020 йил ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларини сертификатлашдан ўтишига тўсқинлик қилиш мақсадида АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди. Сайловларда демократ Жо Байден ғалаба қозонганди. Бино ичидаги тартибсизликлар вақтида полиция қурол ишлатгани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп Мичиган штатидаги праймеризда ғалаба қозонганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп сайлов Иллинойс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг