Илк бор тошкентлик фуқаро уйида электр токи ишлаб чиқариб, сотишни бошлади

Жамият

image

Бугун, 3 ноябрь куни пойтахнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро билан Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида шартнома имзоланди. Унга кўра, корхона фуқародан электр энергияси сотиб олади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Р. хонадонида 6 кВт қувватли кичик қуёш фото электр станцияси ўрнатиб, ушбу станция орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишни бошлаган. 

Ушбу станция орқали йилига 7 000 дан 10 000 кВт.соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Маълум бўлишича, бугун, 3 ноябрь куни мазкур хонадон эгаси ва Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида “Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида” шартнома имзоланган.

“Эндиликда ушбу хонадонда ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги 610-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти”га асосан амалга оширилади.

Бунда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электр энергиясини сотиб олиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги ПҚ-4779-сонли қарорида белгиланган тарифга асосан амалга оширилади.

Аҳамиятлиси, шу каби ишлаб чиқарилган электр энергиясини умумий тармоққа сотиш – АСКУЭ тизими доирасида ўрнатилган замонавий электрон ҳисоблагичлар орқали амалга оширилади.

Маълумот учун, шахсий қуёш фотоэлектр станцияларини (1 МВт гача) ўрнатиш истагида бўлган фуқаролар станцияларини ягона энергетика тизимига уланган ҳолда фойдаланишлари ҳамда ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига юқоридаги қарорларга асосан шартнома асосида сотишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

668

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг