Илк бор саудиялик аёл космосга учди
Олам
−
23 Май 2023
7834Кеча, 21 май куни бортида 4 нафар экипажи бўлган “Falcon 9” ҳаво кемаси Флоридадаги Канаверал фазо марказидан Халқаро космик станцияси (ХКС)га учирилди. Экипажда 2 нафар Саудия Арабистони фуқароси бўлиб, уларнинг бири аёл киши бўлган. Бу ҳақда “SpaceX” сайтида хабар берилди.
Унга кўра, Crew Dragon космик кемаси “Озодлик” шиори билан орбитага учирилган. Ракета қўмондони этиб, NASA собиқ аёл астронавти Пегги Уитсон тайинланган. У билан бирга бортда бизнесмен ва пойга ҳайдовчиси Жон Шофнер ҳамда Саудия Арабистонидан икки космонавт Али ал-Карни ва биринчи саудиялик аёл фазогир Райёна Барнавий ҳам бор. Космонавтлар саккиз кун давомида Халқаро космик станцияда қолиб, у ердаги доимий экипажи билан бирга 20 дан ортиқ илмий ва технологик тажрибалар ўтказади.
Райёна Барнавий – биотиббиёт фанлари магистри бўлиб, саратон ва илдиз ҳужайраларини ўрганишга ихтисослашган. Унинг тарихдаги иккинчи хусусий парвозга номзодини Саудия Арабистони ҳукумати илгари сурган. Барнавийнинг сўзларига кўра, у ҳар доим бу ҳақда орзу қилган. Ҳатто, 2014 йилда у парвозлар учун махсус тайёргарликни ҳам ўтаган.
“Менинг орзуим амалга ошди. Саудия Арабистони аҳолиси учун ўз мамлакатидан фазогирларни биринчи марта космосга учирилиши жуда ҳаяжонли. Бу имконсиз нарса йўқлигини исботлайди. Агар биз буни уддаласак, қолганлар ҳам буни қила олади”, деди Барнавий.
Маълумот ўрнида, бу SpaceХ’нинг Ахiоm миссияси доирасида ХКС иккинчи тижорат парвози ҳисобланади. Унга кўра, Ахiom-1 миссиясининг ҳар бир аъзоси парвоз учун нархи 55 миллион долларга баҳоланган.
Келтирилишича, хусусий астронавтларнинг биринчи парвози 2022 йил апрель ойида амалга оширилган эди. 2023 йил охирида Ах-3 номли дастурнинг учинчи миссияси режалаштирилган бўлиб, унда тўрт кишилик экипаж ХКСда икки ҳафта вақт ўтказади.
Келажакда SpaceХ Ахiоm дастури орқали космик сайёҳлар билан парвозларни йилига икки-уч марта амалга оширишни режалаштирган.
Маълумот учун, Халқаро космик станцияси 1998 йилда коинотда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун ташкил этилган. ХКС кўп миллатли лаборатория бўлиб, инсон бошидан 248 мил, яъни 400 километр баландликда орбитада жойлашган. Тахминларга кўра, у 2030-2031 йилларда орбитадан чиқарилади.
Севара Азимова