Илк бор Макка пакти тафсилотлари очиқланди. Унда нималар дейилган?

Олам

−

image

Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида жорий йилнинг 7 август куни имзоланган “Макка қўшма мудофаа тўғрисида”ги келишувни тасдиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси Туркия Буюк Миллат Мажлисига киритилди. 16 та моддадан иборат келишувга кўра, томонлардан бирига ташқаридан қилинган қуролли ҳужум барча томонларга қилинган ҳужум деб ҳисобланади ва ҳужумга учраган мамлакатга, жумладан, ҳарбий имкониятлар орқали ҳам ёрдам кўрсатилади. Янги мамлакатлар келишувга фақат уч мамлакатнинг бир овоздан розилиги (якдил қарори) билангина қўшилишлари мумкин. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

“Макка қўшма мудофаа тўғрисида”ги келишув моддалари парламентга тақдим этилган қонун лойиҳасидан маълум бўлган. Келишув нафақат қўшма мудофаа мажбуриятини, балки разведка маълумотларини алмашиш, логистик қўллаб-қувватлаш, қўшма машғулотлар ва мудофаа саноатида ҳамкорликда ишлаб чиқариш каби соҳаларни ҳам қамраб олади.

Туркия Президенти Администрациясининг Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Бурҳониддин Дуран ўзининг NSosyal аккаунтидаги постда қонун лойиҳасининг Буюк Миллат Мажлисига киритилишига баҳо берган. Дуран “Минтақа мамлакатларининг минтақа муаммолари учун масъулиятни ўз зиммасига олишига асосланган Макка қўшма мудофаа келишуви” иборасини қўллаган ҳолда, қонун лойиҳасининг парламентга киритилишини “уч қардош мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни институционаллаштириш йўлидаги муҳим босқич” деб қайд этган.

Дуран келишув жамоавий тийиб туриш омилини мустаҳкамлаш ва қўшма мудофаа имкониятларини оширишга қаратилганини урғулаб, тасдиқлаш жараёни хайрли бўлишини тилаган ва алоқадор томонлар ҳамда депутатларга миннатдорлик билдирган.

Келишувнинг 2-моддасига кўра, “томонлардан бирига ташқаридан қилинган қуролли ҳужум барча “Томонлар”га қилинган ҳужум деб ҳисобланади”. Ҳарбий тажовузкорлик ҳам ушбу контекстда баҳоланади. БМТ Низомининг 51-моддаси бўйича ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига асосланган ушбу моддага мувофиқ, ҳужумга учраган мамлакатга мавжуд бўлган барча ўзаро ёрдам имкониятлари, жумладан, ҳарбий воситалар билан дарҳол ёрдам кўрсатилади.

Келишувда Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон “Асосий томонлар” сифатида белгиланган. Янги мамлакатларнинг келишувга қўшилишига фақат асосий томонларнинг розилиги билан рухсат берилади. Келишувга ўзгартиришлар киритиш учун ҳам асосий томонларнинг бир овоздан розилиги талаб қилинади.

Макка келишувининг моддалари:

1-модда: Томонлар мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкорлик қилади ва таҳдид юзага келган тақдирда зарур усулларга мурожаат қилади.

2-модда: Томонлардан бирига ташқаридан қилинган қуролли ҳужум барча томонларга қилинган ҳужум деб ҳисобланади. Ҳужумга учраган томонга дарҳол, жумладан, ҳарбий воситалар билан ёрдам кўрсатилади.

3-модда: Мудофаа, мудофаа саноати ва хавфсизлик соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилинади, қуролли кучлар ўртасидаги муносабатлар ривожлантирилади.

4-модда: Халқаро хавфсизлик масалалари бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказилади, ҳаётий муҳим манфаатларни ҳимоя қилиш учун қўшма баҳолашга асосланган чоралар кўрилади.

5-модда: Терроризмга қарши курашда ҳамкорлик, жумладан, оператив даражада мустаҳкамланади.

6-модда: Тинчлик ва уруш даврида ходимлар (шахсий таркиб) алмашинуви амалга оширилади, қўшма тайёргарлик ва машғулотлар ташкил этилади, оператив мутаносиблик (ҳамкорликда ҳаракат қилиш қобилияти) оширилади.

7-модда: Мудофаа саноатида технологиялар ва тажриба бўлишилади. Илғор технологиялар соҳасида қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари, инновацион фаолият ва ҳамкорликда ишлаб чиқариш амалга оширилади, малакали ходимлар тайёрланади.

8-модда: Ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда бош штаб бошлиқлари таркибидан иборат “Стратегик сиёсий ва мудофаа қўмитаси” тузилади. Қўмита йилда икки марта навбат билан томонларнинг ҳудудида йиғилади. Етакчилар зарур ҳолларда йилда бир марта учрашади. Доимий котибият Саудия Арабистонида жойлашади. Пoкистон фуқароси биринчи бош котиб бўлади, бош котиблик эса уч йиллик муддатлар билан ротация асосида амалга оширилади.

9-модда: Маълумот ва разведка маълумотларини алмашиш келишилган хавфсиз каналлар орқали амалга оширилади, ахборот хавфсизлиги таъминланади.

10-модда: Тинчлик даврида, уруш пайтида ва фавқулодда вазиятларда логистик қўллаб-қувватлаш, жумладан, қурол-яроғ, ўқ-дори, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар етказиб берилади.

11-модда: Келишув амалга ошириш учун ҳуқуқий асос ҳисобланади ва зарур ҳолларда қўшимча қонунчилик чоралари таклиф этилади.

12-модда: Томонларнинг илгари имзолаган халқаро келишувларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари сақланиб қолади.

13-модда: Махфийлик грифига эга бўлган маълумотлар учинчи давлатларга, компанияларга ёки шахсларга берилмайди. Ушбу маълумотлардан фойдаланиш “билиш зарур” тамойили бўйича амалга оширилади.

14-модда: Келишувни талқин қилиш ёки қўллашдан келиб чиқадиган низолар маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали дўстона йўл билан ҳал этилади.

15-модда: Келишув асосий томонлар ўртасидаги маслаҳатлашув ва бир овоздан розилик билан ўзгартирилиши мумкин.

16-модда: Келишув охирги тасдиқлаш ҳужжати котибиятга топширилган санадан бошлаб кучга киради ва муддатсиз амал қилади. Томонлар дастлабки 10 йил ичида келишувдан чиқа олмайди; ушбу муддат ўтгач, улар 3 ой олдин ёзма равишда огаҳлантириш юбориш орқали чиқишлари мумкин. Амал қилишнинг тўхтатилиши ёки чиқиш жорий тадбирлар ва лойиҳаларга таъсир қилмайди, махфийлик бўйича мажбуриятлар эса сақланиб қолади.

Келишув учта аслий нусхада – турк, араб ва инглиз тилларида имзоланган. Матнлар ўртасида талқин қилишда фарқлар юзага келган тақдирда инглизча матн асос қилиб олинади.

Қонун лойиҳаси аввал Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Ташқи ишлар комиссиясида кўриб чиқилади. Комиссияда қабул қилингандан сўнг у Бош ассамблея кун тартибига олиб чиқилади.

Маълумот учун, Макка мудофаа альянси 2026 йил 7 августда Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия томонидан қўшма мудофаа тўғрисидаги битим имзоланганида ташкил этилган эди. Ҳужжат иштирокчи мамлакатлардан бирортасига қилинган қуролли ҳужумни учтасига ҳам қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқишни назарда тутади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқара ва Исломобод Макка пакти доирасида Саудия Арабистонида ҳарбий контингентларини жойлаштириши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг