“Илҳом” театрининг Афғонистон ҳақидаги спектаклига тақиқ қўйилди
Маданият-санъат
−
10 Сентябрь 2022
10988“Илҳом” театрида 10 сентябрь кунидан намойиши бошланиши режалаштирилган “Ер ости қизлари” спектаклининг премьераси номаълум муддатга қолдирилди. Бунга Театр арбоблари уюшмаси томонидан йўлланган хат сабаб бўлди.
Театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов имзоси билан ИИББ ва Миллий Гвардия бошқармасига йўлланган хатнинг сурати “Илҳом” театрининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган. Хатда спектакль ўзбек-афғон халқларининг тинч ва барқарор яшаши, икки томонлама давлат алоқаларига путур етказиши мумкин эканлиги қайд этилган.
"Ушбу спектаклда асосан, қўшни Афғонистонда яшаётган инсонларнинг тақдири, аёлларнинг қамоққа олинишининг ҳалокатли оқибатлари, инсоннинг асосий ҳуқуқлари, мустақил бўлиш, билим олиш ва ўз тақдирини белгилаши, эркинлиги учун курашишга ҳаракат қилиши каби масалалар ўрин олган экан.
Афғонистонда ижтимоий, диний, ва сиёсий аҳволни Ғарб дунёқараши асосида кенг жамоатчиликка кўрсатиш, миллий ҳамда диний қадриятлар ва урф-одатларни қоралаш, ўзбек-афғон халқларининг тинч ва барқарор яшашини, икки томонлама давлат алоқаларига путур етказиши мумкин.
Бошқа миллатларнинг урф-одатлари ва миллий қадриятларини ҳурмат қилиб, ҳар томонлама муҳокама қилгандан сўнг, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинса, мақсадга мувофиқ", дейилади уюшма хатида.
“Илҳом” театрининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидаги хабарда намойиши номаълум муддатга қолдирилган спектаклнинг тақдири эндиликда тузиладиган экспертлар комиссиясининг қарорига боғлиқ эканлиги қайд этилган.
“Илҳом” театрига Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасидан спектаклдаги айрим мавзулар юзасидан хавотир билдирилган расмий хат келиб тушди. Шу муносабат билан лойиҳа “оммага намойиш қилиш учун тавсия этилмаган”. Спектаклнинг кейинги тақдири яқин кунларда тузиладиган экспертлар комиссиясининг қарорига боғлиқ. 11 сентябрь куни 47-театр мавсуми очилиши муносабати билан барчани “I love you, but” спектаклига таклиф қиламиз. Ушбу саналар учун сотиб олинган барча чипталар бошқа спектаклларга алмаштирилиши мумкин ёки пулингиз қайтарилади”, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги ҳам “Театр арбоблари уюшмаси”нинг хатига муносабат билдирди. Муносабатда қайд этилишича “Театр арбоблари уюшмаси”нинг 2022 йил 7 сентябрдаги 01-02-71-сон хати қонуний кучга эга эмас.
Адлия вазирлигининг қайд этишича, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига асосан, нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
Мазкур Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилоти қонунчилик ва таъсис ҳужжатларига риоя этиши, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаши, ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шарт.
“Театр арбоблари уюшмаси” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг оммавий тадбир ўтказишга рухсатнома бериши билан боғлиқ муносабатларга аралишиши устав фаолиятидан четга чиқиш ва қонунчилик талабларини бузиш деб ҳисобланади.
Шунга кўра, “Театр арбоблари уюшмаси” қонунчилик ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида 2022 йил 10 сентябрь куни ёзма равишда огоҳлантирилди ва давлат ташкилотларига юборилган хатини ижродан чақириб олиш ҳақида кўрсатма берилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Таъкидланишича, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига кўра, театрлар бадиий йўналишларни, репертуарни танлашда, саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, шунингдек самарали ижодий жараённи ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда эркиндир.
“Уларнинг фаолиятига аралашиш маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплардан бири бўлган “ижодий фаолият эркинлиги”га зиддир
Шу билан бирга, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, маданий-оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб этишга, шунингдек, ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини камситишга қаратилган плакатлар, тимсоллар, транспарантлардан ва бошқа ашёлардан фойдаланиш тақиқланади.
Келгусида нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан устав фаолиятидан четга чиқиш ҳолати такрорланса, жавобгарлик чоралари кўрилиши ва фаолиятини тўхтатиш юзасидан суд органларига мурожаат қилиниши ҳақида маълум қилинди”, дейилади Адлия вазирлиги муносабатида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь