Илҳом Алиев озод қилинган Шуша шаҳрига алоҳида мақом берди
Олам
−
23 Июнь 2021
4651Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 2020 йил кузида озод қилинган Тоғли Қорабоғдаги Шуша шаҳрига давлат қўриқхонаси мақомини берди. Президент тегишли қонунни кеча, 22 июнь куни имзолади.
Ҳужжат шунингдек, шаҳарни тиклаш, маданий ва тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда туризм учун шароит яратишга қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди.
Озарбайжон Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда Шуша давлат қўриқхонасининг хавфсизлик зонаси чегараларини аниқлаш ва тасдиқлаш, хавфсизлик зонасининг хавфсизлик режимини аниқлаш ва шаҳардаги ёдгорликларни кузатиш тартибини тасдиқлаш топширилди.
Ҳужжатга кўра, Шуша ҳудудидаги давлат мулкини ижарага беришдан тушадиган даромаднинг ярми давлат бюджетига ўтказилади, қолган ярми қўриқхона раҳбарияти ихтиёрида қолади.
“Шуша шаҳри” қўриқхонасини уч кишидан - раис ва икки ўринбосардан иборат кенгаш бошқаради. Бўлим фаолиятини назорат қилиш Озарбайжон Президентининг Шуша минтақасидаги махсус вакили зиммасига юкланди.
Эслатиб ўтамиз, 7 май куни Президент Илҳом Aлиев Шуша шаҳрини Озарбайжоннинг маданий пойтахти деб эълон қилиш тўғрисида фармон имзолади.
Маълумот учун, Шуша шаҳри 1992 йил 8 майда Aрманистон қуролли тузилмалари томонидан босиб олинган.
Шуша – Озарбайжон тарихи ва маданиятининг рамзи, Қорабоғ минтақасидаги энг катта шаҳар - Хонкендига борадиган йўлдаги стратегик муҳим нуқта.
Озарбайжон Президенти 2020 йил 8 ноябрь куни Қорабоғ марвариди Aрманистон Қуролли Кучларидан озод этилганини эълон қилганди.
LiveБарчаси