Илҳом Алиев қизи ва рафиқаси билан Арманистондан озод қилинган 2 ҳудудга борди
Олам
−
28 Апрель 2021
10019Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Биринчи хоним Меҳрибон Алиева ва уларнинг қизи Лейла Алиева Арманистон ишғолидан озод қилинган Жебрайил ва Зангилон вилоятларига ташриф буюрди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Президент Жебрайил вилоятида чегара бўлинмасининг очилишида иштирок этган, у ерда Алиев самолётлар ва зирҳли машиналарини кўздан кечирган.
Шундан сўнг, Озарбайжон раҳбари Зангилон тумани Агали қишлоғига йўл олган, у ерда “Ақлли қишлоқ” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Давлат раҳбари лойиҳада иштирок этаётган хорижий компания вакиллари билан видеоконференция учрашуви ўтказган. Президент Туркия компанияларининг Арманистон ишғолидан озод қилинган мамлакат ҳудудларидаги лойиҳалардаги иштирокини юқори баҳолаган.
Президент Илҳом Алиев ва Биринчи хоним Меҳрибон Алиева Зангилондаги халқаро аэропортга пойдевор қўйиш маросимида қатнашган. Аэропортнинг учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3 километрни ташкил қилади. Шунингдек, юк самолётлари ҳам янги ҳаво бандаргоҳига қўниши мумкин.
“Зангилоннинг географик жойлашуви транспорт-логистика марказига айланиш учун қулайлик яратмоқда. Бу ерда аэропорт қурилиши бежиз эмас. Физули, Зангилон ва Лочиндаги аэропортлар бутун Қорабоғ минтақаси ва Зангезурнинг шарқий қисмини қамраб олишга имкон беради. Шунингдек, Зангилон орқали Нахчиван томон темир йўл ва магистраль йўл тортилади” дейди Президент.
Озарбайжон Президенти Зангилан-Ҳорадиз йўлининг пойдеворини қўйишда ҳам иштирок этди.
LiveБарчаси