Икрасевар Ким семизликдан қийналмоқда – ОАВ
Олам
−
19:02 1493 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг вазни 140 килограммдан ошиб кетди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведка агентлиги маълумотларига таяниб, AFP хабар берди.
Жанубий Корея парламенти депутати Юн Гон Ённинг айтишича, разведка агентлиги Ким Чен Иннинг ҳолатини ўта семиз деб баҳолаган.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея етакчиси юрак-қон томир касалликлари ривожланиши хавфи юқори бўлган гуруҳга киради. Бироқ Ким Чен Ин жисмоний фаолликда, жумладан, зинадан чиқишда қийинчиликка дуч келмаяпти.
Шунингдек, унинг соғлиғи махсус тиббий гуруҳ томонидан мунтазам кузатиб борилаётгани ва ҳозирча жиддий муаммолар кузатилмаётгани айтилган.
Қайд этиш жоиз, Ким Чен Иннинг соғлиғи ҳақидаги хавотирлар 2020 йилда кучайган. Ўша пайтда у бобоси Ким Ир Сеннинг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбирда қатнашмаган ва қарийб 20 кун жамоатчилик кўзидан четда қолган. Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир ва бобоси Ким Ир Сен ҳам ортиқча вазнга эга бўлган ва кўп чеккан. Уларнинг иккаласи ҳам юрак хуружидан вафот этган.
Маълумот учун, Шимолий Корея ядровий қурол дастури сабаб бир нечта халқаро санкциялар остида қолган. Мамлакат иқтисодиёти узоқ йиллардан бери муаммолар билан юзлашиб келади ва озиқ-овқат танқислиги ҳам сақланиб қолмоқда.
БМТнинг Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Элизабет Салмон февраль ойида мамлакатдаги озиқ-овқат танқислиги асосий гуманитар муаммолардан бири эканини билдирган.
2019 йилда Шимолий Корея ва АҚШ саммити вақтида Ким Чен Иннинг шахсий ошпазлари билан ишлаган Ханойдаги “Метрополь” меҳмонхонаси бош ошпази Пол Смарт эса Шимолий Корея етакчиси қимматбаҳо таомларни хуш кўришини айтган. Унинг сўзларига кўра, Ким Чен Ин икра, омар ва фуагра каби таомларни ёқтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Ин Россия билан қўшма ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш ниятида эканини маълум қилганди ҳамда Россиянинг Украинадаги урушдаги ғалабасига ишонч билдирган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь