Икки вилоятда мансабдорлар пора билан ушланди
3-саҳифа
−
13:02 5389 2 дақиқа
Тошкент ва Навоий вилоятларида давлат ташкилотларининг бир гуруҳ мансабдорлари томонидан амалга оширилган коррупцион ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти туманларидан биридаги бўлими инспектори фуқарога давлат захирасида бўлган 20 гектар ер майдонидан табиий чимни кўчириб олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ва уни ташиш учун декларация ҳужжатини тайёрлаб бериш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўнгра, у ушбу пул маблағидан 200 АҚШ долларини ўз улуши сифатида олиб қолиб, қолган қисмини туман бўлими бошлиғига бериш кераклиги маълум бўлган. Давом эттирилган тезкор тадбирда туман бўлим бошлиғи 2 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Яна бошқа ҳолатда эса, ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚК департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Навоий сув таъминоти” АЖнинг туманлардан биридаги бўлими машинисти маҳаллий фуқарони мансабдор танишлари орқали ушбу тизимга операторлик вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
.jpg)
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан мазкур пул маблағини олган вақтида муқаддам судланган бош муҳандис ушланган. Бундан ташқари, ушбу ноқонуний ишга туман бўлими бошлиғи ҳам алоқадорлиги аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Билдирилишича, ҳозирда қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида шифохонага ишга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига пул талаб қилганлар қўлга тушган эди.
Live
Барчаси