Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ота-оналарни масъулиятсизликда айбламоқда
Таҳлил
−
11 Ноябрь
5738Ўзбекистонда ота-оналар масъулиятсиз бўлиб кетаётганидан хабарингиз борми? Буни қарангки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳасида дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши Ўзбекистондаги ота-оналар масъулияти пасайиб кетишига ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатига сабаб бўлаётгани ҳақида маълумот келтирган.
Дарслик ижараси тарихи
Келинг, мақсаддан чалғимаган ҳолда мактаб дарсликлари ижара тўлови нега бекор қилинган-у, нима мақсадда қайта тикланмоқчи эканини таҳлил қилсак. Ўзбекистонда таълим тизими мустақилликдан кейин бир неча бор янгиланишларга учради.
2014 йилда таълим тизимида катта ўзгаришлар юз берди. Айнан шу йили таълим дарсликларини ижарага бериш тизими бўйича биринчи қонуний асослар яратилди. 2014 йил 6 июлда “Таълим тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришлар орқали мактаб дарсликларини ижарага беришнинг асосий тамойиллари белгиланди. Бу ўзгаришлар, шунингдек, ўқувчиларга дарсликларнинг янгиланган ва замонавий вариантларини олиш имконини берди.
Бу қонун билан мактаб дарсликларини давлат томонидан нашр этиш ва тарқатишнинг бир қисми сифатида ижарага бериш тизими ҳақидаги янги имкониятлар яратилди. Лекин бу тизим тўлиқ амалга оширилмаганди, фақатгина дарсликларни ижарага беришнинг назарий асослари ишлаб чиқилганди.
Ўзбекистон Республикасининг Президент қарори билан 2019 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Таълим дарсликларини ва ўқув адабиётларини ижарага бериш тартибини жорий этиш” қарори билан дарсликларни ижарага бериш тартибига аниқлик киритилди. 2020 йил 1 сентябридан бошлаб барча умумтаълим мактабларида ўқувчиларга дарсликлар ижарага берила бошланди.
Бу қарор асосида дарсликларга замонавий билимларни ўз ичига олган янги адабиётлар киритилиши кўзда тутилган эди.
Дарслик чоп этилишидаги ўзгаришлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги (ВМҚ-239) ва 2018 йил 30 мартдаги (ВМҚ-249) қарорларига асосан умумтаълим муассасаларида умумий таълим фанлари учун дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни нашр этиш бўйича хизматлар нархлари (тарифлари) (махсус тасдиқланган ХТВ рўйхати бўйича) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатига киритилган.
Дарсликларни нашрга тайёрлаган ва муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган босмахоналар томонидан тақдим этилган нарх-наво ҳисоб-китоби декларациядан ўтказилган, дарсликлар тўғридан тўғри шартномалар асосида харид қилинган.
Бироқ президентнинг 2020 йил 1 сентябрдаги (ПҚ-4640-сонли) қарорига мувофиқ, давлат буюртмаси асосида босма маҳсулотлар, шу жумладан, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Ўзбекистон норезидентлари ҳам қатнашиши мумкин бўлган Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган бўлди. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар учун ҳам мажбурий ҳисобланади.
2020 йил 1 октабрдан бошлаб республика бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда (қайта нашр этишда) нархларни давлат томонидан тартибга солиш (рентабелликнинг чекланган даражасини белгилаш) бекор қилинган.
Дарслик ижара нархи оширилиши
2022-2023 ўқув йили учун ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2 740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108 фоиз) ошган.
“Ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммани тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллари учун бир хил этиб белгиланади.
Ижара тўлови суммасини ота-оналар дарслик тўпламини тўлиқ олгач, 1 октябрга қадар амалга оширишлари мумкин”, дея баёнот берган Халқ таълими вазирлиги.
Ижара тўловининг оширилиши оқибатида дарсликлар сифати ва ижара тўловлари масалалари муҳокама қилина бошланган. Дарслик муаллифлари, жумладан, хорижда таҳсил олган мутахассислар, янги ёндашувдаги дарсликларни яратишда масъулият билан ёндашганларини таъкидлаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқатилган хатолар ва салбий фикрлар дарсликларга бўлган ишончни пасайтирган. Ота-оналар ва жамоатчилик дарсликлар ижара тўловларининг ошиши билан норозилик билдиргандан сўнг Шавкат Мирзиёев бу масалани ҳал қилиш учун дарсликларни бепул ижарага беришни кўриб чиқишни буюрган ва дарсликлар сифатини текширишга оид ишчи гуруҳ тузилган.
Ижаранинг бекор бўлиши
2022 йилда дарсликлар сифатини яхшилаш юзасидан янги ислоҳотлар олиб борилди ва Президентнинг ПФ-79-сонли Фармонига кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, мактаб дарсликлари учун ижара ҳақи тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланди. Бу ўқувчиларга дарсликларни бепул олиш имкониятини яратди.
Шунингдек, Республика мақсадли китоб жамғармасининг фаолияти тугатилиши ва унинг барча функциялари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Жамғарма ўрнига алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағи орқали дарсликларни ишлаб чиқариш ва тақдим этиш учун ажратиладиган маблағлар мустақил тасарруф этила бошланди.
Вазирликка нима керак?
Юқорида Ўзбекистоннинг мактаб дарсликлари билан боғлиқ яқин тарихига назар ташладик. Хўш, ташкил этилганига кўп бўлмаган бепул дарсликларни яна қайта пулли қилиш Иқтисодиёт ва молия вазирлигига нимага керак бўлиб қолди экан?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2025-2027 йилларга мўлжалланган “Бюджетнома”да 2025 йилда мактаб дарсликлари ижараси тўғрисида қуйидагича прогноз берилган.
“Умумтаълим мактабларини дарсликлар билан таъминлашда ота-оналар иштирокини ошириш мақсадида 2025-2026 ўқув йилидан 2-11 синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш. Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилади Бюджетномада.
Шунингдек, Бюджетномада дарслик нархлари ва ижарадан йиғиладиган маблағдан нима мақсадда фойдаланиш ҳам қайд этилган.
“2024-йилда бир бола учун дарслик ва машқ дафтарлари тўплами ўртача нархи 450-500 минг сўмни ташкил этган (шундан машқ дафтарлари 100-150 минг сўм). Бир тўплам учун 80 минг сўм (бир тўплам таннархининг 16-18 фоизи) миқдорида ота-оналар тўловини қайта тиклаш. Ушбу тўловлар ҳисобига шаклланган 376,6 млрд сўм маблағлар ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади”, дейилади Бюджетномада.
Дарслик ижараси мавзуси доирасида бир қанча блогер ва журналистлар ижтимоий тармоқларда ўз фикр-мулоҳазалари билан бўлишди. Журналист ва блогер Муҳрим Азамхўжаев ҳолат юзасидан билдирган фикрида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани, дарслик учун пул сўрашдан уялиш кераклиги ҳақида айтиб ўтган.
“Конституциясига “бу – ижтимоий давлат” деб ёзиб олган мамлакат мактаб ўқувчиларига берилаётган дарсликлар учун пул сўрашдан уялиши керак. Ҳеч бўлмаса шу – “ижтимоий давлат” деган ёзув учун ҳам уялиши керак. Бу ёзув ёзилганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ, уни “ўтган замондаги ёмонлар ёзиб кетган” деб бировга тўнкашга ҳам асос йўқ”, дейди журналист.
Шунингдек, у ўз постида Американи кашф этишни тўхтатиб, нормал дунё юрган йўлдан юриш маъқуллигини айтган.
“Давлат пул иқтисод қилиш ва орттириш учун мактабдан бошқа соҳани тополмаётган бўлса, ишни бирдан ўқувчиларга дарслик солиғи солишдан эмас, шу дарсликларни чиқараётганларнинг ишини тафтиш қилишдан бошлагани маъқул (эҳтимол, дарсликлар аслида бунчалик қимматга тушмас. Ва Америка кашф қилишни тўхтатиб, бу соҳада ҳам нормал дунё қилаётган ишни қилган, нормал дунё юраётган йўлдан юрган маъқул”, дейди Муҳрим Аъзам.
Собиқ депутат Расул Кушербаев Бюджетнома эълон қилиниши билан ўз Facebook саҳифасида ҳолат юзасидан шундай мурожаатнома билан чиқди.
“Бюджетнома лойиҳасида 2025/2026-ўқув йилидан 2-11 синфларда дарсликлар учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш кўрсатилган.
Буни қандай тушунмоқ керак: ўзи кўп йиллар давомида Конституцияга зид равишда ота-оналардан дарсликлар ижараси учун пул олиниб, охири бу тўхтатилганди. Яъни Конституцияга амал қилиш бошланган эди.
Энди яна янги Конституцияга зид ҳаракатлар давом этадими? Ёки Президент топшириғи хато бўлганмидики, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Президент иродасини синдиришга уринса?”, деган Кушербоев.
Шунингдек, у постида масъуллардан бюджетни шакллантиришга ақллари етмаса, ўринларини бўшатиб қўйишларини сўраган.
“Бола пулини расво қилган, суюнчи пулини йўқ қилган Молия ва иқтисодиёт вазири бошчилигидаги масъулларнинг болаларнинг ҳаққидан маҳрум қилмай бюджетни шакллантиришга ақлий салоҳияти етадими ўзи?
Етмаса ўринни бўшата қолинглар! Ўрнингизга сиздан-да ақлли, ватанпарвар, халқпарварроқ ёшлар топилади. Таълим тизимини издан чиқармоқчи бўлганларни “халқнинг душмани” деб атасак ҳам бўлади. Эски Конституцияда бепул умумий таълим кафолатланган”, деган собиқ депутат.
Шунингдек, Кушербоев вазирликни ота-оналарга бўҳтон қилишаётганини айтиб, бир неча саволларни ўртага ташлаган.
“Ҳурматли молия-иқтисодиёт вазирлиги, вазир, қаердан олдингиз бу гапни? Сиз ҳам мактаб даврида бепул дарсликдан фойдаланганингизда ота-онангиз масъулиятсиз бўлиб кетганмиди? Бу ёлғонингизга кимни ишонтирмоқчисиз? Қип-қизил бўҳтон-ку бу. Бюджетни тўлдиришга бошқа баҳона топа олмадингизми? Янги Конституциянинг нормасида ҳам бепул умумий таълим кафолатланган. Ё Президентнинг ижтимоий адолатни тиклаш позицияси ўзгариб қолди демоқчимисиз? Ёки Президентнинг берган топшириғи хато эди, деган сигнал бермоқчимисизлар одамларга?” деган саволларни берди Расул Кушербоев.
Шунингдек, у бюджетга маблағ етмаётган бўлса, алоҳида монополь гуруҳларга берилаётган имтиёзларни тўхтатиш таклифини ҳам берган.
“Агар бюджетга маблағ етмаётган бўлса, алоҳида монополь гуруҳларга берилаётган имтиёзларни тўхтатинглар. Сиз ўйлагандан бир неча баравар кўп пул тушади бюджетга. “Ошириб юбордингиз, бизнинг мақсадимиз бундай эмас эди” десангиз, марҳамат алоҳида гуруҳларга берилган имтиёзларни бекор қилинглар.
Сизлар ҳатто олийгоҳларда ҳам контракт тўламай ўқигансизлар. Ўзингиз учун ҳамма нарса бепул бўлган. Мансабга эришганингиздан кейин, “ҳамма нарсани пуллик қил” деб, бола пули ҳам расво қилинди, суюнчи пули ҳам йўқ қилинди. Мен дарсликларни пуллик қилинишига норозиман. Бефарқ бўлган жамиятда ривожланиш бўлмайди”, дея барчага мурожаат билан чиқди собиқ депутат.
Хўш, Президент фармонини амалда қайта кўриб чиқмоқчи бўлаётган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билдирилган фикр ва мурожаатлардан сўнг ҳолатга бирор изоҳ бериб чиқадими? Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатиб боринг.
Ирода Мирвоҳидова
LiveБарчаси