Иқлимни ҳимоя қилмаган давлатлар жазоланади – Халқаро суд

Олам

image

Халқаро суд қарорига кўра, давлатлар халқаро ҳуқуққа мувофиқ иқлимни иссиқхона газлари эмиссияси таъсиридан ҳимоя қилиш мажбуриятига эга. Бу ҳақда кеча, 23 июль куни ташкилот сайтида маълум қилинди.

Суд БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси, Киото протоколи ва Париж келишуви каби шартномаларга аъзо давлатлар эмиссияларни камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, шунингдек, бу соҳада бир-бири билан ҳамкорлик қилиш, жумладан, 1,5 даража иссиқликни Цельсий бўйича чеклаш мақсадига эришиш мажбуриятини тасдиқлади.

Бундан ташқари, суд қарорига кўра, иқлим шартномалари доирасидан ташқарида ҳам давлатлар одатий халқаро ҳуқуқ бўйича “атроф-муҳитга жиддий зарар етказилишининг олдини олиш” ва бундай оқибатларнинг олдини олиш учун барча мавжуд чораларни кўриш, шунингдек, ушбу соҳада бир-бири билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олади.

Суд қарорида таъкидланишича, “тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳит кўплаб инсон ҳуқуқларидан фойдаланишнинг асосий шарти” экан, давлатлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали бундай ҳуқуқлардан фойдаланишни кафолатлашлари керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2021 йил 8 октябрдаги резолюциясида инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи барча инсон ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш учун муҳим аҳамиятга эга, деган қарорга келган. БМТ Бош Ассамблеяси ҳам 2022 йил 28 июлда тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқни инсон ҳуқуқи сифатида тан олган.

“Агар давлат иқлим бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса, у жавобгарликка тортилиши керак”, дея қарор қилди суд.

Бундай ҳолда, у “қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни тўхтатиши, уларнинг такрорланмаслигини таъминлаши, шунингдек, зарар кўрган давлатларга етказилган зарарни қоплаши, шу жумладан компенсация ва бошқа турдаги товонларни тўлаши керак”.

“Ушбу маслаҳат хулосаси қонуний кучга эга эмас, лекин у катта ваколатга эга ва қонуний ҳаракатлар, музокаралар ўтказиш ва ҳукуматнинг иқлим сиёсатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин”, дейилади БМТ веб-сайтида.

Маълумот учун, мазкур суд иши бошқа давлатлар кўмагида Тинч океанидаги Вануату орол давлати томонидан бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

иқлим Халқаро суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг