Жамоат хавфсизлиги университетида қабул квотаси оширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Жамоат хавфсизлиги университетини ва Ички ишлар вазирлиги академиясини трансформация қилиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш юзасидан таклифлар тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун замонавий, ватанпарвар ва ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Чунки маҳалла ва туман даражасида ишлаётган ходимлар ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қила оладиган билим, малака ва кўникмага эга бўлиши шарт.

Бу мақсадда Жамоат хавфсизлиги университетини трансформация қилиш, кундузги таълим квотасини 600 нафаргача, масофавий таълим квотасини 300 нафаргача ошириш таклиф қилинган.

Университетда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ва қўриқлаш фаолияти йўналишларида кадрлар тайёрланади. “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” йўналиши ва кафедраси ташкил қилиниб, хотин-қизлар, ёшлар ва вояга етмаганлар, бозор ва савдо мажмуалари бўйича профилактика инспекторлари тайёрланади.

Таълим жараёнига хавф-хатар таҳлили, геоахборот тизимлари, дрон ва робототехника, профайлинг, конфликтология, муаммоли социология, очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда рақамли таҳлил, оилавий медиация каби янги инновацион фанларни киритиш режалаштирилмоқда.

Ички ишлар органларида кадрлар тайёрлашнинг таълим кластери ҳам шакллантирилади. Бу жараёнда умумий ўрта таълимдан бошлаб идоравий ихтисослаштирилган мактаб-интернат, академик лицейлар, ички ишлар техникумлари, Ички ишлар вазирлиги академияси ва малака ошириш институтларигача бўлган узлуксиз тизим йўлга қўйилади.

Касбий таълим тизимини жорий этиш доирасида Наманган ва Самарқанд техникумларида ўрта-махсус маълумотга эга офицер ва сафдорлар тайёрланади. Ўқув жараёнида юридик-техник таълим, жисмоний бардошлик, жанговар шайлик, рақамли технологиялар, касбий таълим, биринчи тиббий ёрдам, дрон ва АT платформалар билан ишлаш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади. Дуал таълим асосида назария ва амалиёт уйғунлаштирилади.

Ички ишлар вазирлиги академиясини ҳам трансформация қилиш таклиф этилган. Академия фаолияти “таълим – тадқиқот – амалиёт” занжири асосида қайта ташкил этилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тезкор-қидирув фаолияти, кибержиноятларга қарши курашиш, эксперт-криминалистика ва ижтимоий реабилитация йўналишларида ихтисослашган мактаблар шакллантирилади.

Янги дуал таълим матрицаси асосида курсантлар “ўқиш – амалиёт – фаолият” тамойили бўйича тайёрланади. Раҳбар кадрлар малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштирилади.

Президент таклифларни маъқуллаб, профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлиги тизимини рақамлаштириш ҳамда кадрлар тайёрлашни замонавий талаблар асосида ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар