ИИВ ходимлари нега ўзини ўлдиради? Масъуллар изоҳ берди
Таҳлил
−
03 Декабрь 2022
11225Бутун дунё статистикасига кўра, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари энг кўп Япония ва Жанубий Кореяда кузатилади. Ўзбекистонда йилига юзлаб содир этиладиган бундай ҳолатлар орасида ўртача 3 тагача суиқасд ҳолати Ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ бўлади. Бу ҳақда жорий йилнинг 1 декабрь куни Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи, полковник Умид Нуруллаев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Кўп минг сонли шахсий таркибга нисбатан йилига битта, иккита, учта ўз жонига қасд қилиш ҳолати юз бериши, ўйлайманки, статистика нуқтаи назаридан нормал ҳолат сифатида қараш мумкин”, дея таъкидлади Нуруллаев.
Шу ўринда полковник Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ички ишлар бўлимида навбатчи ёрдамчи билан содир этилган ўз жонига қасд қилиш ҳолатига ҳам тўхталиб ўтди.
“Бу ходим хизмат билан боғлиқ бўлмаган вазиятга тушган, яъни рафиқаси билан ажрашгани учун стрессда бўлган. Ҳозирда прокуратура томонидан текширув олиб бориляпти. Ўлими олдидан собиқ хотини томонидан унга қўнғироқ бўлган ва янада чуқур стрессга тушадиган вазият кузатилган бўлиши мумкин, деган тахмин бор. Ходим унга топширилган қуролдан фойдаланиб ўз жонига қасд қилган. Ички ишлар органларида қурол билан ишлайдиган ходимларимиз психологик суҳбатдан ўтказилади. У ходим тўлиқ нормал ҳолатда бўлган, лекин хизмат жараёнида оилавий жанжал натижасида ушбу ҳолат келиб чиққан”, дейди полковник Нуруллаев.
Таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб бориляпти ва якуни бўйича расмий маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида Хоразм вилоятида ИИБ ходими хизмат қуроли билан ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот ўрнида, 2021 йилнинг июнь ойида ҳам Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ИИБ Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходими ўзини отиб ўлдирган эди.
LiveБарчаси