“III жаҳон уруши бошланиб бўлган, бироқ...” “Қашқирлар макони”даги назария ростми?

Таҳлил

image

Кўпчилик “Қашқирлар макони” сериалини катта қизиқиш билан томоша қилган бўлса керак. Сериал Туркиядаги жиноят олами ва дунё, Яқин Шарқ минтақасидаги сиёсий ҳолат ҳақидаги фикрлар устига қурилган. Унда бир неча махсус орган раҳбарлари, террористик ташкилот етакчилари ва мафия сардорларининг ўзаро муҳокамаларида қизиқ ва долзарб мавзулар тилга олинади.

Минтақадаги кучли давлатлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви устомонлик билан баҳо берилади ва қайсидир маънода прогноз қилинади. Йирик давлатларнинг Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш, минтақа хавфсизлигини таъминлаш каби “олий мақсад”лари шунчаки ниқоб экани, унинг замирида  нефтга ҳукмронлик қилиш ётгани айтилади. Сериалда уруш ташкилотчилари айнан демократия ниқобида остида Афғонистон, Ироқ, Сурияда тартибсизликлар келтириб чиқараётгани ҳақидаги назария илгари сурилади. Бу бир кун келиб Туркия бошига ҳам келиши, сўнг Эрон томон йўналтирилиши тахмин қилинади.

Фильмда ХХI асргача бўлган урушлар классик кўринишларга эга бўлгани, энди бундай урушлар бўлмаслиги урғуланади. ХХ асрдаги икки уруш мозийга жаҳон урушлари дея муҳрланди. Ҳар юз йилликда бир бўлувчи “Буюк йиғилиш”да аввалги йиғилиш сингари икки жаҳон урушидан фарқли учинчи жаҳон уруши турли давлатлар ҳудудида кўчиб юриши белгиланади. 

Дунё ХХI асрнинг дастлабки 20 йиллигини босиб ўтди. Хўш, бу даврда жаҳон геосиёсатида нималар содир бўлди?

ХХI асрнинг қўрқинчли ибтидоси – Афғонистон  

2001 йил 11 сентябрь. АҚШдаги жаҳон савдо марказининг эгизак бинолари “Ал-Қоида” террористик ташкилотининг хуружлари сабабли қулатилди. 19 кишидан иборат 4 гуруҳ 4та самолётни гаровга олади. Мазкур 4 теракт натижасида 19 террорист, 2977 одам ҳалок бўлган ва 24 киши бедарак йўқолган.
Ушбу воқеага нисбатан Қўшма Штатлар қаттиқ норозилик билан чиқди ва ўзининг ҳарбий ҳаракатларини бошлади. 2001 йил 7 октябрида “Толибон”га қарши ҳарбий операциялага старт берилди ва биринчи зарбда 40 самолёт, 50га яқин ракеталар сафарбар қилинди. Энг давомли дея айтилган бу уруш 2011 йилдан якунига ета бошлади ва 2014 йилга келиб деярли тугади.

Ироқ уруши

Фильмдаги жиноят салтанати раҳбарлари айнан нефт учун Ироқ минтақасида уруш кетаётгани ва бундан улар ҳам четда туриши керак эмаслигини таъкидлайдилар. Балки, бу фикрларда жон бордир?!

“Мени ўзлари танлаган эдилар. Ўзлари ўлдирдилар”. Бу Саддам Ҳусайннинг сўнгги сўзлари эди. 2003 йил 5 февраль куни БМТ Хавфсизлик кенгашида АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл ўз айбловини эълон қилди. Унда оммавий қирғин қуроллари инспекторларидан Ироқ маълум қурол-аслаҳаларни яшираётгани айтилган. БМТ ҳали санкциялар бермасданоқ, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари Суддам ҳукуматини кимёвий қурол ишлатганликда айблади ва Ироққа қўшин киритди. 

2003 йил 20 мартда америкаликлар ва инглиз ҳарбийлари Ироқда ҳарбий операциялар бошлади. Операциянинг номи – “Ироқ озодлиги” дея номланди. 1,5 ойда шимолга ҳаракатланаётган коалиция қўшинининг 172 нафари вафот этган, 1621 нафари яраланган. 

28 апрель куни (Саддам Ҳусайнинг туғилган куни)да иттифоқчилар томонидан Мосул шаҳри ўққа тутилади. 45 дақиқа давом этган бу жанг шаҳар масаласини ҳал қилади. 1 май куни АҚШ Президенти Жорж Буш “Авраам Линкольн” номли S-3 авианосида етиб келади ва “Миссия бажарилди” номли нутқни сўзлайди. 

Ироқ урушидаги коалицияда жами бўлиб 49 давлат қўшинлари иштирок этган. Уруш 2011 йилда якунига етди. Бу уруш итифоқ қўшинларига катта талофат келтирди. Шунингдек, иқтисодчи Жозеф Стиглицнинг ҳисоблашича,  бу уруш АҚШ учун 3 триллион долларга тушган. Шундан 845 миллиард доллари ҳарбий харажатлар. Бунча харажат ва саъй-ҳаракатлар ортида сирли манфаат тургандек, гўё. 

Араб баҳори

Сериал қахрамонининг бир сўзи узоқ вақтлардан бери ҳукмдорлар томонидан қўллангани ҳеч кимга сир эмас.“Тепада” сокинлик бўлиши учун, “пастда” уруш бўлиши керак”. 

Нимагадир, бирданига 2011 йилнинг бошида бир неча араб давлатларида кутилмаган ғалаёнлар бошланади. Бу тартибсизликлар деярли Яқин Шарқ ва шимолий Африка давлатларини қамраб олди. Даставвал, Тунис, Миср, Яман каби давлатларда рангли инқилоблар бошланди. Сўнгра, Ливия ва Сурияда фуқаролик уруши, Жазоир, Ироқ, Иордания, Марокаш, Уммон каби давлатларда оммавий протестлар авжига чиқди. Қувайт, Судан, Ливан, Мавритания, Саудия Арабистони, Жибути давлатларида ҳам оммавий тўқнашувлар содир бўлди. 

Ушбу норозиликларнинг бошланғич нуқтаси 2010 йилда тунислик тадбиркор Муҳаммад Буазиз мамлакат полициянинг коррупция ва шафқатсиз муносабатларига қарши ўз норозилигини ифодалаш мақсадида ўзини ёқиб юборганидан бошланди. Бу норозиликлар тўрт давлат сиёсатида катта ўзгаришга сабаб бўлди. 

Ўзгаришлар қуйидагича бўлди:
•    Тунис Президенти Зин ал-Абидин Бен Али 14 январда мамлакатни ташлаб қочди;
•    Миср Президенти Ҳусни Муборак 11 февралда истеъфо берди;
•    Муаммар Қаддофи 23 августда ҳокимиятдан ағдарилди. Ўша йили октябрда ўлдирилди. Ўшанда ўз халқига қараб у шундай деган эди: “Мени ўлдирманг, ахир мен отангизман-ку”;
•    Яман Президенти Али Абдалла Салех 27 февраль 2012 йилда ўз мансабини тарк этди.

Аммо бу мамлакатлар демократия ўрнатиш, тинч ҳаёт суриш ҳақидаги ваъдалар пуч бўлиб чиқди. Ғалаён кўтарган оммани бунданда баттар вазият, охир-оқибат қашшоқ мамлакат, қўпорилган бинолар, келажакка умидсиз боқаётган нигоҳлар, таълимдан узоқ қолган болалар кутиб турганди. Бугун бу мамлакатлардаги аҳвол халқаро ташкилотлар томонидан инсоният инқирози сифатида баҳоланмоқда. 

Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш

“Қашқирлар макони”даги махсус хизмат раҳбарларининг суҳбатида Яқин Шарқда “катта давлатлар”, хусусан АҚШ, Исроил манфаатлари доирасида навбат Туркияга келгани айтилади. Бу уриниш Туркиядаги давлат тўнтариши сифатида беихтиёр гавдаланиши, табиий албатта. Давлат тўнтариши қандай бўлган эди?

2016 йилнинг 15 июль санаси Туркия Республикасида тарихида қонли саҳифалар билан муҳрланган эди. Шу куни мамлакатда қуролли кучлар, ички ишлар, чегара ва миллий хавфсизлик хизматларининг бир гуруҳ ходимлари томонидан конституцион тизимга қарши давлат тўнтаришига уриниш амалга оширилди. Мамлакат пойтахти Анқаранинг сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли энг гавжум бўлган нуқтаси – Қизилой майдонида одамлар ўққа тутилди. Парламент биноси бомбаланди. Истанбулдаги Бўғоз кўприги ёпиб қўйилди, одамлар ҳаво кучлари орқали ўққа тутилди. 

Бу воқеалар бошланган вақтда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Мармарисда дам олаётган эди. У тунаб қолган меҳмонхонага ҳам ҳужум уюштирилди. Тасодифки, Эрдўған ҳужум рўй берган вақтда меҳмонхонани тарк этган. 

Бу орада мамлакатнинг расмий телеканалларидан бири TRT бош офисига ҳужум қилинди. Жонли эфирда давлат тўнтариши амалга оширилгани, ҳокимият Туркия қуролли кучлари қўлига ўтгани эълон қилинди. Орадан кўп ўтмай Ражаб Тойиб Эрдўған Skype орқали CNN TURK телеканалида чиқиш қилди ва турк халқини бирлашишга, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолишга, кўчаларга чиқиб, демократик ҳокимиятни ағдармоқчи бўлган хоинларга қарши туришга чақирди. Оломон кўчаларга ёйилди. Нафақат эркаклар, аёллар, ёш қизлар, болалар ҳам қўлида байроқ билан кўчаларга чиқди. Давлат тўнтаришига уринишда 251 киши қурбон бўлди, юзлаб одамлар жароҳатланди. Шу кун миллат иродаси зафар қучди. Тонгга яқин халқ кучи билан хоинлар тиз чўктирилди. Давлат тўнтариши йўққа чиқди.

Навбат Эронгами? 

Сериалда айтилган ўша кун, Эронга хужум бошландими?

Яқин ва Ўрта Шарқнинг энг кўзга кўринган кишиси бўлган Қосим Сулаймоний 3 январга ўтар кечаси Бағдод аэропортига ҳаво ҳужуми вақтида ҳалок бўлди. Эрон ўз генерали учун АҚШдан аёвсиз қасос олишга ваъда берди. Шундан сўнг, ҳамманинг кўз ўнгида “қўрқинчли туш” бошлангандек, гўё. АҚШ базаларига ҳужум уюштирилди, Эрон БАА ва Исроилга зарба бериши ҳақида огоҳлантирди. Минтақада хотиржамлик кўтарилди. 

АҚШ Сулаймонийнинг ўлимига муносабат билдириб, Эрон ҳеч қачон урушда ғолиб бўлмаслигини, шу билан бирга, музокаралардаги муваффақиятсизликларга ҳам чидай олмаслигини таъкидлади. 

5 январь куни Эрон Ислом Республикаси ядро дастури бўйича “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси”да (ҲУҲР) белгиланган сўнгги муҳим чекловдан ҳам воз кечиб, келишувга амал қилишни тўхтатишини маълум қилди.

Ироқдаги икки ҳарбий базасига ҳаводан ракета зарбасидан сўнг, Эрон АҚШни ҳужумга жавоб қайтармаслик ҳақида огоҳлантирди. Америка ҳарбий базасидан ҳужум уюштирилгудек бўлса, жавоб янада даҳшатли бўлиши таъкидлади. Шунингдек, бу генерал Қосим Сулаймоний ҳалок бўлган ҳаво ҳужуми учун жавоб экани қўшимча қилди. 

Дональд Трамп кеча, 8 январь куни Эронга нисбатан уруш очилмаслигини эълон қилди ва санкцияларни кучайтириши ҳақида эслатди. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги 20 йиллик минтақа геосиёсий вазиятини кўриб чиқдик. Ортга назар ташлаб, “Қашқирлар макони” сериалидаги ўша назария, яъни III жаҳон уруши аллақачон бошланиб бўлгани, фақат у турли ҳудудларда, турли кўринишда бўлаётганига ишонгандек бўлдик. Аммо ҳеч бир миллат, ҳеч бир халқ фалон мамлакатда уруш бўлишини, болалар ота-онасиз, Ватансиз, таълим ва тарбиясиз катта бўлишини истамайди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқирлар макони

Баҳолаганлар

1098

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made