“Қашқирлар макони. Ватан” махсус фильми Ўзбекистонда бепул намойиш этилмоқда
Жамият
−
26 Апрель 2019
40326Пойтахт Тошкентда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Туркия Республикаси Маданият вазирли Кино бошқармаси, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида 25 апрелдан 28 апрелгача Турк фильмлари ҳафталиги ташкил этилди. Мазкур ҳафталик кеча, 25 апрель куни соат 18:00 да Алишер Навоий номидаги кино саройида “Наввой бобо: ишқ асрори” фильми билан старт олди.
Ҳафталик давомида ўтган йили турк киноижодкорлари томонидан ишлаб чиқарилган ва катта шов-шувлар сабаб бўлган “Қашқирлар макони. Ватан” фильми ҳам намойиш этилади.
Биласиз, турк киноижодкорлари томонидан қарийб 10 йилдан буён суратга олиниб келинаётган “Қашқирлар макони” сериалида дунёнинг кўплаб минтақаларида рўй бераётган воқеаларга эътибор қаратилади.
Сериалнинг бошланғич қисмларида мафиянинг давлат фаолиятида тутган ўрни ва бошқа маиший мавзулар ёритилган бўлса, кейинги қисмлар халқаро муносабатлар, хусусан, АҚШ разведкаси, Туркия, Ироқ, Сурия, Россия, Эрон, БАА каби мамлакатларнинг ўзаро алоқалари, халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга урғу берилган.
Йиллар давомида суратга олиб келинаётган сериалдан ташқари 2018 йилда “Қашқирлар макони” сериали ижодкорлари “Қашқирлар макони. Ватан” фильмини тақдим этдилар. Унда 2016 йилнинг 15 июль куни Туркияда содир бўлган давлатга қарши тўнтариш ёритиб берилган. Фильмда бош ролни доимгидек Нежати Шашмаз ижро этган.
Хабарингиз бор, 2016 йилнинг 15 июль куни Туркияда мамлакат ҳарбийлари томонидан Конституцион тизимга қарши давлат тўнтаришига уриниш амалга оширилганди. Мазкур тўнтариш тўғридан-тўғри Ҳукуматга ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга қаратилган эди.
15 июль куни соат 20:00 атрофида давлат тўнтаришига уриниш марказий шаҳар Истанбул ва пойтахт Анқарада бошланди. Ҳарбийлар “TRT1” телеканалига ҳужум қилиб, ТВ орқали давлат тўнтариши амалга оширилгани ва ҳукумат Туркия қуролли кучлари кўлига ўтганини зўрлик билан эълон қилдирдилар.
Ўша вақтда давлат раҳбари таътилда, Мармарисда эди. Ражаб Тойиб Эрдўған жойлашган меҳмонхона ҳам бомбаланди. Бу вақтда эса Президент меҳмонхонани тарк этганди.
Давлат раҳбари ушбу фитнага қарши туришда фақат халқдан мадад олишини, халқ ҳар қандай даврда энг катта куч бўлгани, бундай кучни бошқа учратмаганини айтиб, одамларни Ватан мустақиллигини сақлаб қолиш, байроғини поймол этмаслик, юрт келажагини сотқинларга бериб қўймасликка чақириб, уларни телевидение орқали майдонларга, аэропортларга даъват этди.
Анқарада Қизилой майдони, Истанбулда Бўғоз кўприги давлатга қарши чиққан ҳарбийлар томонидан эгалланди. Туркиянинг Сурияга чегарадош бўлган Шонли Урфа вилоятидаги чегара постига ҳам ҳужум уюштирилди, бир қанча ҳарбийлар ўлдирилди. Мақсад – Сурия ва Туркия чегарасида пайт пойлаб ётган ИШИД жангчиларини мамлакатга суқиш, фалокатлар географияси ва жабрланувчилар сонини кўпайтириш, ҳукумат эътиборини бошқа нуқтага қаратиш ва халқни қўрқитишдан иборат эди.
Халқ ишониб топширилган ҳокимиятни осонликча сотқинлар қўлига бериб қўйишни истамади. Кўчалар, майдонлар қўлида турк байроғини кўтарган ватанпарвар эркак-у аёллар, йигит қизларларга тўлди. Дини, ирқи, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳамма Ватан учун бир ёқадан бош чиқарди.
Бу кун Туркияда қонли саҳифалар билан, аммо ўзгача шон, ўзгача шараф билан ёзилиб қолди. Миллий ирода зафар қучди. Халқ вакилларидан 249 нафари ўқ ёмғиридан вафот этди. Яна юзлаб одамлар жароҳатланди, бироқ мамлакат мустақиллиги сақлаб қолинди. Тонгга бормай, давлат тўнтаришига уриниш бесамар кечгани эълон қилинди.
Давлат тўнтариши АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулен томонидан амалга оширилгани эълон қилинди. Унга тегишли таълим муассасалари ёпилди, бошқа мамлакатларга ҳам ФЕТО террорчилик гуруҳи ҳақида маълумот етказилиб, Фатҳуллоҳ Гуленга тегишли таълим муассасаларини ёпиш юзасидан баёнот киритди. (Ўзбекистонда ушбу мактаблар Биринчи Президент Ислом Каримов топшириғи билан 2000 йилга қадар ёпилган эди).
“Қашқирлар макони. Ватан” фильми Алишер Навоий номидаги кино саройида бугун, 26 апрель ва 28 апрель куни соат 18:00 да намойиш этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь