ИИБда сўроқ қилинган фуқаро вафот этдими? Тергов департаменти аниқлик киритди
Жамият
−
19 Ноябрь 2019
6218Кеча, 18 ноябрь куни интернет ижтимоий тармоқларида “ИИБда сўроқ қилинган шахс ўлди. Яқинлари унинг уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ўрганиш олиб борди ва қуйидагиларни маълум қилмоқда.
Аниқланишича, жорий йилнинг 16 ноябрь куни фуқаро Насриддин Жабборов туман ИИБ бошлиғи номига, “О” исмли шахс “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Ушбу куни соат 13:30 ларда Булунғур туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Р. 150.000 сўм эвазига Насриддин Жабборовга вазни 3,71 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланиб, ёнидан вазни 0,78 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ва тадбирда ишлатилган 150.000 сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Р.га нисбатан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Дастлабки тергов давомида Насриддин Жабборов терговга олиб келинмаган ва жиноят иши юзасидан сўроқ қилинмаганлиги аниқланган.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни соат 16:10 ларда Насриддин Жабборов Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ хизмат хонасида бирламчи хужжатларни расмийлаштириш жараёнида соғлиғи ёмонлашиб қон босими кўтарилиши ва юрак хуружи билан Тез тиббий ёрдам машинасида Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб борилган ҳамда шу йерда вафот этганлиги маълум бўлган.
Суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Насриддин Жабборовнинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги, дастлабки суд тиббий ташхиси – ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, юракнинг ишимик касаллиги эканлиги аниқланган.
Ҳозирда Насриддин Жабборовнинг вафоти юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тегишли экспертиза тайинланган.
Мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, терговга қадар текширув якунига кўра тегишли ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган томонидан тўлиқ ахборот берилишига қадар фуқаролардан, ижтимоий тармоқларда тарқалган асосланмаган маълумотларга ишониб, номақбул изоҳлар беришларидан сақланишларини сўраймиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь