ИИББ: “MON REVE” МЧЖ раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Жамият
−
19 Февраль 2020
6718Сергели тумани Давлат хизматлари марказидан 06.02.2019 йилда 681812-реестр рақами билан рўйхатдан ўтган, устки кийимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “MON REVE” МЧЖ раҳбари Жиззах вилоятида туғилган 33 ёшли Зоҳид Тоштемиров ҳамда жамият норасмий раҳбари 37 ёшли муқаддам бир неча маротаба фирибгарлик жинояти билан судланган Мунира Каримоваларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Уларга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки текширувда “MON REVE” МЧЖ З.Тоштемиров ва М.Каримовалар томонидан олдиндан тил бириктирилиб, мода соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро брендини яратиш учун малакали мутахассисларни тайёрлашни баҳона қилиб, аслида эса ўзгалар мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида ташкил этилганлиги маълум бўлди.
Маълумотларга кўра, “MON REVE” МЧЖга мурожаат қилган фуқаролар Сергели тумани Чоштепа даҳасида ижарага олинган бинода 12 млн. сўм тўлов эвазига 3 ой давомида чет элдан таклиф этилган мутахассислар томонидан ўқитилиши, ўқув курсларида таҳсил олган фуқаролар келгусида ушбу жамият томонидан Тошкент шаҳри ҳамда Франция давлатида ташкил этиладиган Қўшма корхоналарда иш ҳажмига қараб, 2 йил давомида 12 млн. сўмдан 24 млн. сўмгача ойлик маоши тайинланган ҳолда иш билан таъминланиши ҳақида ишонтириб келинган.
Шу билан бирга, “MON REVE” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан аслида фуқароларни иш билан таъминлаш имконияти бўлмасада, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда реклама бериш орқали фуқаролар ишончига киришга эришилиб, аксарият фуқароларнинг ҳар биридан 12 млн. сўмдан ортиқ миқдордаги пул маблағларини гўёки касб ўргатиш учун тўлов сифатида олган ҳолда пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келинган.
Ҳозирда “MON REVE” МЧЖ раҳбари З.Тоштемиров ҳамда М.Каримоваларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, уларнинг жиноий фаолиятини тўлиқ фош қилиш ҳамда жабрланган фуқароларга етказилган зарарнинг умумий миқдорини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу фирибгарлик жинояти билан боғлиқ ҳолат юзасидан жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар шахслар кўпчиликни ташкил этишини инобатга олиб ҳамда уларда ҳолат бўйича юзага келиши мумкин бўлган барча саволларга жавоб бериш мақсадида Яккасарой туман ИИО ФМБ биносида Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари-тергов бошқармаси бошлиғи, полковник Алимов Зафар бошчилигида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда бугунги кунга қадар “MON REVE” МЧЖ билан шартнома тузиб, тўловни амалга оширган тахминан 200 нафардан ортиқ жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар шахслар билан суҳбат ўтказилди ҳамда ушбу жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов жараёни хақида батафсил маълумотлар берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь