ИИББ блогер Эминенинг қамалишига расмий изоҳ берди
Жамият
−
04 Март 2023
26616Аввалроқ QALAMPIR.UZ ўз манбаларига таяниб ижтимоий тармоқ фаоли, блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедованинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.
Бугун, 4 март куни Тошкент вилоят Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди. Унда айтилишича, блогер Лемара Мирзааҳмедова раҳбарлигидаги МЧЖ ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали бюджет маблағларини талон-торож қилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
“Аниқланишича, 1976 йилда туғилган фуқаро Лемара Мирзааҳмедовага тегишли “ТЕХ КРЕДО” МЧЖга, Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган, хотира майдончасини замонавий шаҳарсозлик талаблари даражасида таъмирлаш учун шартнома асосида маҳаллий бюджет ҳисобидан 329 млн 300 минг сўм миқдордаги пул маблағлари ажратиб берилган.
Кейинчалик, мазкур шартнома ижроси юзасидан ўтказилган аудиторлик текширувида эса пудратчи МЧЖ раҳбари 47 ёшли Лемара Мирзааҳмедова ва бошқалар томонидан аслида бажарилмаган 227 млн 135 минг сўмлик ишларни қўшиб ёзиш орқали расман бажарилган ишлар ҳисобига киритиб, кўп миқдорда бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган”, дейилади Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати хабарида.
Шунингдек, бошқа бир ҳолатда ҳам ушбу МЧЖ мансабдорлари томонидан халқ таълими бўлими тасарруфидаги 7-сонли мактабнинг қўшимча хўжалик биносини қуриб бериш учун шартнома асосида 157 млн сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлган. Лекин бу ҳолатда иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали ҳақиқатда бажарилмаган ишлар учун яна 13 млн 441 минг сўм пуллар талон-торож қилинган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 3- қисми, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш ва қалбакилаштириш, сотиш ёки фойдаланиш), 2- ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган”, дея ахборот берилган расмий изоҳда.
Қайд этилишича, ҳозирда пудратчи “ТЕХ КРЕДО” МЖЧ раҳбари Лемара Мирзааҳмедова ҳимоячи билан таъминланган ҳолда жиноят ишига жалб этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, бошқарма Мирзааҳмедовнинг қўлга олинишида унинг блогерлик фаолиятининг даҳли йўқлигини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён бир неча журналистлар ва блогерлар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинди. Булар сирасига блогер Абдуқодир Мўминов, журналист Хуршид Далиев, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, "Ўзбекнефтгаз" компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовни киритиш мумкин. Шунингдек, “Kompromatuzb” Telegram канали иши бўйича кўплаб журналист ва блогерлар ҳуқуқ-тартибот идораларига чақирилган.
LiveБарчаси