Иброҳим Раисий рафиқаси билан Покистонга борди
Олам
−
22 Апрель
7488Эрон Президенти Иброҳим Раисий 22-24 апрель кунлари давом этадиган уч кунлик расмий ташриф билан Покистонга борди. Бу ҳақда “Radio Pakistan” хабар берди.
Қайд этилишича, Президентни Нур Хон аэропортида Покистон Уй-жой ва жамоат ишлари федерал вазири Риаз Ҳусайн Пирзода кутиб олган. Раисий билан бирга унинг рафиқаси ва юқори мартабали делегация, жумладан Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва бошқа ҳукумат аъзолари ҳамда бизнес вакиллари ҳам Исломободга борган.
Бугун, 22 апрель куни Эрон Президенти Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашади. Шу билан бирга, делегациялар даражасида музокаралар олиб борилади. Ташриф доирасида Раисий Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ҳамда Ислом республикаси парламентининг юқори ва қуйи палаталари раислари билан ҳам учрашади. Бундан ташқари, Эрон Президенти Лаҳор ва Карачига ҳам ташриф буюради.
Покистон ТИВ маълумотларига кўра, ташриф чоғида Эрон-Покистон алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо, алоқа, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Томонлар минтақавий ва жаҳон воқеаларидаги ўзгаришларни, шунингдек, умумий терроризм таҳдидига қарши курашда икки томонлама ҳамкорликни кўриб чиқади.
Шри-Ланкага ташриф
“Раисий Покистонга ташрифи ортидан Шри-Ланкага боради”, деб хабар берди Шри-Ланканинг “News 1st”портали.
Эрон Президентининг Коломбога ташрифи бир кун давом этади. Раисий у ерга Шри-Ланка Президенти Ранил Викрамасингхе таклифига биноан боради.
Эрон раҳбарининг Шри-Ланкага сафарининг асосий нуқтаси оролнинг жануби-ғарбидаги иккита тўғон ва 120 мегаватт қувватга эга электр станциясини ўз ичига олган “Ума Оя” кўп функцияли инфратузилма лойиҳасининг расмий очилиш маросимида иштирок этиш бўлади. Улар Эрондан келган муҳандислар иштирокида қурилган. “Ума Оя” Шри-Ланкадаги энг йирик қурилиш муҳандислик лойиҳаси ҳисобланади ва тахминан 500 миллион долларга баҳоланади.