“Ибрат фарзандлари” – хорижий тилларни ўрганиш учун креатив ва бепул лойиҳа
Бизнес
−
22 Декабрь 2023
6006“Тил ўрганиш хоҳишингиз тез сўнаётган бўлса, бошқачароқ усул танланг: китоб ўқиётган бўлсангиз унинг аудио форматига ўтинг, дарсликни қўйиб, луғатни қўлга олинг ва ҳоказо”. Венгриялик профессионал таржимон Като Ломб берган маслаҳат “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида берилаётган имкониятларга тўла мос келади.
Йигирмадан ортиқ хорижий тилларни онлайн тарзда бепул ўргатиб келаётган “Ибрат фарзандлари” лойиҳасининг ишга тушганига 1 йил тўлди. Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилган лойиҳани Ўзсаноатқурилишбанк молиявий қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Бугунги кунда дарслардан фойдаланувчилар “YouTube” платформасида 430 минг нафардан ортган. Саҳифада эълон қилинган дарслар кузатувчилар томонидан 20 миллион мартадан зиёд кўрилган бўлиб, рақамлар соат сайин ўсмоқда.
Лойиҳа доирасида ишга туширилган “Ibrat Academy” иловаси орқали эса, дарслар видео тарзида етказилиши билан бирга тил ўрганувчиларга ўз даражасини доимий текшириб бориш, билимини мустаҳкамлайдиган синов-машқларини бажариш ҳамда сўз бойлигини интерактив усулда ошириш имконини бермоқда.
"Президентимиз ташаббуси билан буюк маърифатпарвар олим Исҳоқхон Ибрат номини абадийлаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда", дейди лойиҳа раҳбари Рустам Қориев.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳасини татбиқ этишда ҳам беш тилда бемалол сўзлашган ва жадид ёшларига бепул таҳсил берган Ибрат бобомиз ўрнак қилиб олинди. Бунинг учун профессионал мураббийлар томонидан 22 турдаги тизимли ва алифбодан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари асосида улар янада такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, “Ибрат фарзандлари“ таркибида ”Ibrat Camp“, ”Ibrat master class“, ”Ibrat quiz“ каби лойиҳалар ҳам ташкил қилинди. Улар ёшларимизни янада билимли, зукко ва муваффақиятли бўлишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, “Ibrat Camp” лойиҳасида хорижий тилларни мукаммал ўрганган кучли, билимдон ёшлар бир нуқтада тўпланиб, дунёда ТОП-100 таликка кирган университетларда ўқиш имкониятини қўлга киритиш “харитаси”га эга бўлмоқда. “Ibrat master class” тил ўрганувчиларга инглиз тилида равон сўзлашиш, IELTS имтиҳонида юқори баллни қўлга киритиш, омма қаршисида нутқ сўзлаш сирларидан сабоқ бермоқда. “Ibrat quiz” эса, ёшларни нафақат билимдон қилишга, балки уларнинг зукколиги, интелектуал топқирлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида инглиз тилида ёшларнинг танқидий фикрлашини кучайтиришга қаратилган дебатлар ташкил этилмоқда.
“Ибрат фарзандлари” тақдим этаётган ўқув мажмуалари, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ҳамда молиявий имконияти чекланган, лекин хорижий тилларни ўрганишга иштиёқманд ўқувчилар учун жуда манфаатли бўлмоқда.
Лойиҳа доирасида йўлга қўйилган Ўзбекистонда биринчи ўзбек тили грамматикасини онлайн ўргатиш тизими эса хорижликларга ҳар томонлама қўл келмоқда.
Фойдаланувчилар, шунингдек, тил ўрганиб, юқори марраларга эришган ёшлар, чет элдаги нуфузли университетларни тамомлаган фаоллар билан суҳбат қуриб, катта тажриба орттирмоқда. Бу борадаги ишлар 24/7 режимида ташкил қилинган. Бунинг учун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройидан алоҳида жой ажратилган.
"Жорий йилнинг 18 ноябрь куни мазкур лойиҳа тақдимотида мингдан ортиқ ёшлар ҳамда Франция, Испания, Туркия, Россия, Хитой, Озарбайжон, Ҳиндистон каби қатор давлатлардан профессорлар, тил ва маданият марказлари раҳбарларининг бевосита иштирок этгани ишимизга бўлган ишонч ва қизиқишдан далолатдир", дейди Рустам Қориев.
Мухтасар қилиб айтганда, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси нафақат кишиларга хорижий тилларни ўргатиш, балки нетворкинг орқали дунё илмларини забт этишга ёрдам бермоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси