Ибн Сино шарафига халқаро мукофот таъсис этилади
Жамият
−
19:04 990 2 дақиқа
Ибн Синонинг 1050 йиллиги муносабати билан халқаро мукофот таъсис этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ҳукуматнинг кеча, 19 октябрь куни қабул қилинган 575-сонли қарорида белгиланди.
Қарор билан 2030 йилда нишонланадиган аллома таваллудининг 1050 йиллиги тадбирларига тайёргарлик кўриш юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланган.
Хусусан, 2026 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Ибн Сино — Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, олий тиббиёт таълим ташкилотлари, илмий марказлар, кутубхоналар ҳамда даволаш-профилактика муассасаларида илмий-амалий анжуманлар, кўргазмалар ва очиқ маърузалар ташкил этилади.
Хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштирилиб, Ибн Синонинг чет элларда сақланаётган қўлёзмалари жамланади.
Алломанинг “Мўжаз ал-Қонун“, “Қонунча”, “Ал-Ишорат ва ат-танбиҳот”, “Донишнома”, “Китоб аш-Шифо” ҳамда “Шарқ фалсафаси” асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, уларнинг босма ва электрон нашрлари тайёрланади.
Бундан ташқари, “Ибн Сино” халқаро мукофотини таъсис этиш режалаштирилган.
Қарор билан Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида давлат муассасаси шаклида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф ҳам маъқулланган.
Марказ Ибн Сино тиббиёти билан боғлиқ тадқиқотларни олиб бориш, уларнинг натижаларини замонавий тиббиётда қўллаш, аллома қўлёзмаларини жамлаш ва ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланади. Шу билан бирга, қўлёзмаларнинг электрон платформаси яратилади.
Тиббиёт ходимлари ва тиббиёт тарихига қизиқувчилар учун ўқув курслари ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилади.
Марказ фаолияти Бухоро давлат тиббиёт институтининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари, пулли хизматлардан тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Маржона Маманиёзова
Live
Барчаси