Hyundai Россиядаги заводини Қозоғистон компаниясига сотиб, мамлакат бозорини тарк этмоқчи

Олам

image

Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Hyundai автомобиль бренди Россиядаги заводини Қозоғистон компаниясига сотиб, мамлакат бозорини тарк этмоқчи. Компания музокаралар ўтказилаётганини тасдиқлаган, бироқ ҳозирча ҳеч қандай аниқ қарор қабул қилинмаганини маълум қилган. 

Маълумотларга кўра, Hyundai келишув амалга ошган тақдирда заводни келажакда қайта сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолишни хоҳламоқда. Компания битим Россия ҳукумати томонидан тасдиқланишини кутяпти. 

Заводни Қозоғистоннинг айнан қайси компанияси сотиб олаётганига аниқлик киритилмаган. Лекин тахминларга кўра, бу компания Astana Motors бўлиши мумкин. Дастлаб заводни Россиянинг ўзига сотиш варианти ҳам кўриб чиқилган, аммо учинчи давлат билан битим тузиш ишончлироқ деб баҳоланган.  Жанубий Кореянинг MBC телеканали маълумот беришича, Қозоғистон компанияси Россия бозорига кириб, завод ходимларини иш билан таъминлашга рози бўлган. Келишув қиймати эса ошкор қилинмаган. 

Маълумот учун, Hyundai Россиядаги фаолиятини дунёнинг бир қанча бошқа машҳур брендлари қаторида Украинага босқин бошланганидан сўнг, 2022 йилнинг март ойида тўхтатганди. Завод Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган бўлиб, унда 2600 нафар ходим ишлаган. Ёпилгунига қадар заводда йилига 200 минг автомобиль ишлаб чиқарилган.

Аввалроқ компания Россиядаги бизнеси учун турли вариантларни кўриб чиқаётгани хабар қилинган. 

Hyundai ўзи эгалик қиладиган Kia билан биргаликда дунёнинг энг йирик ўнта автомобиль ишлаб чиқарувчиси қаторига киради. Россиядаги завод компаниянинг глобал ишлаб чиқариши ҳажмининг қарийб 4 фоизини ташкил қилади. Hyundai, Kia ва Renault Россия бозорида энг кўп автомобиль сотувчи учта бренд ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг