“Humo Arena”да тантана: Мирзиёев Наврўз байрамини нишонлаётган халқларни табриклади
Жамият
−
21 Март 2021
4029Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида 21 март куни Наврўз байрами шодиёнаси бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари кўп миллатли ўзбек халқини Наврўз байрами билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.
“Ўтган йили пандемия туфайли Наврўз байрамини ҳар доимгидек катта тантана қилиб, кенг нишонлай олмаган эдик. Ўшанда, бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади, ҳали кўп тўй-томоша ва сайилларни халқимиз билан биргаликда ўтказамиз, деб эзгу ният қилган эдик. Бугун ана шу орзу ва интилишларимиз рўёбга чиқмоқда. Гўзал ва жонажон юртимизда яна шодиёналар, қувончли кунлар бошланмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, Президент коронавирус балоси ҳали тўла бартараф бўлмаганини, шунча меҳнат зое кетмаслиги учун пандемияга қарши курашишни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслик, бепарволик ва беғамликка берилмаслик кераклигини таъкидлаган.
“Бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда, бизнинг ютуғимиз – эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда”, дейди Президент.
Бу йилги Наврўз Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигида ўтмоқда.
“Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Халқимизнинг фидокорона меҳнати, қатъий сиёсий иродамиз билан кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз. Қанчалик қийин бўлмасин, эл-юртимиз манфаатини, жондан азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган тўғри йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Наврўз байрамини нишонлаётган барча халқларга, хорижий ҳамкорларга эзгу табрик ва саломларини йўллади.
Байрам тадбири катта концерт дастури билан якунланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь