Ғузордан чиққан болалар жасадлари. ССВ муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бир оилада яшаган икки бола – 4 ёшли ўғил бола ва 8 ёшли қиз бола номаълум касалликдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларнинг ўлими бўйича ўтказилган суриштирувнинг дастлабки хулосаларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, 2019 йилда туғилган А.Н. (ўғил бола) 2022 йил 20 июнь куни соат 9:40 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси болалар реанимацияси бўлимига ўлимолди ҳолатида олиб келинган. Болага “Юқори нафас йўллари яллиғланиши. Гипертермик ва талваса синдроми. Асорати: токсик энцефалопатия. Бош мия шиши. Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги. ДВС синдроми. Карахтлик 2-даражаси” ташхиси қўйилган. Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, шифохонага олиб келинганидан 1 соат-у 10 дақиқа ўтиб, болада биологик ўлим қайд этилган.

Шу йилнинг 22 июнь куни соат 23:05 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига 2016 йилда туғилган А.Г. (қиз бола) ҳам ўта оғир аҳволда ётқизилган. У 20 июнь куни вафот этган А.Н.нинг яқин қариндоши бўлган. Бу беморга “Юқори нафас йўллари яллиғланиши. Вирусли интенциал синдром. Токсико инфекцион шок. ДВС синдроми. Гемолитик уремик синдром. Ўткир буйрак етишмовчилиги. Анурия босқичи. Токсик энцефалопатия. Мия шиши. Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги” ташхиси қўйилган. Беморни даволаш учун болалар реаниматологи, болалар невропатологи, гематолог, нефролог, токсиколог ва инфекционист мутахассислар жалб қилинган. Бироқ кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор кеча, 24 июнь соат 04:00 лар атрофида вафот этган.

“Вафот этган А.Н. ва А.Г. бир дарвозадан кириладиган икки ҳовлида яшаган. Болалар бирга ўйнаган, баъзан бирга овқатланган. Улар билан контактда бўлган 9 киши профилактика мақсадида изоляцияга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида ўта хавфли инфекцион касалликларга лаборатор таҳлиллар ўтказилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Натижада, айни пайтда 2018 йилда туғилган А.А.да геморрагик иситма гумон қилинмоқда. Шу боис унинг қон таҳлилларини якуний текшириш ва хулоса бериш учун Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораториясига юборилган. Бу жараён эса маълум вақт талаб қилади.

Қайд этилишича, геморрагик иситма, асосан, майда кемирувчилардан, ҳашарот(кана)лардан одамга турли йўллар билан юқади.

“Эҳтиёт чораси сифатида зарур эпидемиологик тадбирлар бошланган. Беморлар яшаган хонадонда профилактик дезинфекциялаш ишлари ўтказилган. Уйдаги ичимлик сақланадиган ҳовуздан лаборатор текширув учун намуна олинган”, дейилади ССВ хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё

Баҳолаганлар

1173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг