Ғузорда фермер норозилик сифатида чорва молларини банк биноси олдига ҳайдаб борди
Жамият
−
13 Октябрь 2022
15196Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда чорасиз чорвадор молларини банк филиали биноси олдига ҳайдаб боргани ҳақида хабарлар ва видеомурожаат тарқалди. Унда Ғузор туманидаги “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги раиси Хамза Тоштемиров чорва фермер хўжалигида ер майдони мавжуд эмаслиги ва озуқа маҳсулотлари етишмовчилиги ҳақида мурожаат қилган.
Ғузор тумани ҳокимлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Аниқланишича, “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги томонидан 2020 йил 28 май куни АТ “Халқ банки” Ғузор филиалидан ажратилган 1 млрд. 877 млн. сўм миқдордаги кредит маблағи асосида Германия давлатидан 67 бош зотли (Абердин Ангус) қорамоллари олиб келинган.
Банк кредитини ажратилишида банк томонидан фермер хўжалигида ушбу чорва молларига озуқа маҳсулотлари етиштириш учун ер майдонлари етарли эканлиги эътиборга олинган.
Қайд этиш керакки, “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалигига 67,7 гектар, шундан 42,7 гектар суғориладиган ва 25 гектар лалми ер майдонлари қонунда белгиланган тартибда туман ҳокими қарори ва аукцион баённомалар орқали ажратиб берилган.
Хусусан, Ғузор тумани ҳокимининг 2017 йил 6 февралдаги Х-236/02-сонли қарорига асосан “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалигига М.Рахмонов ҳудудидаги туман захира ер фондидан жами 37 гектар, шундан 11,8 гектар суғориладиган ер ва 25 гектар лалми ер майдони ажратиб берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 18 март куни “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги Жонбулоқ ҳудудидан “E-auksion” тизими орқали 30,9 гектар суғориладиган ер майдонини ютиб олган.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 46-1-моддаси 1-қисми 3-бандида чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) суғориладиган ерлардан – камида 0,3 гектар ва лалмикор ерлардан – камида 1 гектар ўлчамда ажратилиши назарда тутилган.
Ушбу қонун нормаларига кўра, “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги томонидан келтирилган 67 бош чорва моллари учун жами 18 гектар ер майдони талаб этилади. (Фермер хўжаликка 24,7 гектар суғориладиган ва 10 гектар лалми ер майдони меъёрдан ортиқ ажратиб берилган.)
“Бундан ташқари, фермер хўжалиги раиси Х.Тоштемиров томонидан тумандаги М.Раҳмонов худудидаги 189қ, 191 ва 339-сонли контурлардаги жами 43,1 гектар суғориладиган ер майдонларидан узоқ вақт ҳужжатсиз фойдаланиб келинмоқда.
Мазкур ер майдонини фермер хўжаликка ажратиб бериш ҳақидаги оғзаки мурожаатига жавобан Х.Тоштемировга қонун талаблари тушунтирилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2021 йилдаги ПФ-6243-сонли қарори асосида маҳаллий ҳокимликлардан ер бериш ваколати олинганлиги боис, Х.Тоштемировга фойдаланиб келаётган ушбу ер майдонларини аукцион савдолари орқали олиш тартиби тушунтирилган”, дейилади туман ҳокимлиги муносабатида.
Ўз навбатида, вилоят ҳокимининг жорий йил 5 августдаги 647-4-0-Q/22-сонли қарори асосида юқорида назарда тутилган жами 43,1 гектар суғориладиган ер майдони аукцион савдосига чиқариш учун захирага олинган.
Ушбу ер майдонини очиқ электрон танловга чиқариш бўйича туман ҳокимлигининг жорий йил 13 августдаги 1-06/312-сонли хати "Қашвилерлойиҳа" институтига юборилган ва аукционга қўйилган.
Қайд этилишича, маҳаллий ҳокимлик томонидан чорвачилик фермер хўжалиги ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ҳам доимий равишда қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
Хусусан, "Ғузор қудуқ чорва" фермер хўжалиги ер майдонларида кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида ҳомийлик маблағлари асосида текинга артезиан қудуғи қазиб берилган.
Шунингдек, Х.Тоштемиров томонидан ҳокимлик ёрдами билан олиб берилган тумандаги Жонбулоқ ҳудудидаги захира ер майдонларида 18 гектар ер майдонида беда (ғалла аралаштириб) ҳамда Бўстон ҳудудидаги "Тўрахонов Абдулхақ" фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган 5 гектар ер майдонида тариқ экилиб, йиғиштириб олинган. Комбайн билан ўриш хизматлари ҳомийлар ёрдамида текинга хизмат кўрсатилган.
Шунингдек, озуқа маҳсулотлари масаласида амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатига асосан бепул беда, табиий ҳашак ва маккажўхори озуқа маҳсулотлари унинг хонадонига етказиб берилган.
Жорий йилнинг 3 октябрь куни фуқаро Х.Тоштемиров жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзига тегишли чорва молларини банк ховлисига олиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судида кўрилиб, суднинг шу кундаги қарорига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
“Фермер хўжалиги раиси Х.Тоштемиров бугунги кунда тижорат банкларидан кредит тўловларини тўлаш муддатини узайтиришни ва кредит учун фоиз тўловларини ҳисобланишини тўхтатишни талаб қилаётган бўлиб, унинг мазкур талабларининг қонунийлиги ва уни ижобий ҳал этиш масаласи ваколатли банклар томонидан ўрганилмоқда”, дейилади муносабат якунида.
LiveБарчаси