Гутерриш Яқин Шарқдаги можарога ким чек қўя олишини айтди
Олам
−
12:35 8288 2 дақиқа
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Яқин Шарқдаги можароларни тўхтатиш АҚШнинг сиёсий иродасига боғлиқлигини айтди. Бу ҳақда у “Politico” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
БМТ раҳбари томонларни можарони деэскалация қилишга (юмшатишга) чақирган.
“Уруш тўхташи керак... ва мен буни тўхтатиш айнан АҚШнинг қўлидан келишига ишонаман. Бу мумкин, аммо барчаси буни амалга ошириш учун сиёсий иродага боғлиқ”, деб ҳисоблайди Гутерриш.
Бош котибнинг тахминича, Исроилнинг стратегияси – Эроннинг ҳарбий салоҳиятини бутунлай йўқ қилиш ва режимни ўзгартиришга эришишдан иборат. Эронники эса бунга қаршилик кўрсатиш ва максимал даражада зарар етказишдир.
Гутерришнинг фикрича, можарога ечим топиш калити АҚШда мавжуд. Бундан ташқари, дипломат кучайиб бораётган ҳужумлар ва энергетика объектларига берилаётган жавоб зарбалари фонида можаронинг ҳар икки томони – АҚШ-Исроил ва Эрон – ҳарбий жиноятлар содир этган бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.
“Мен ҳеч қандай фарқни кўрмаяпман. Тинч аҳолига ким зарба бераётгани аҳамиятсиз. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори ўринбосари Карл Скау Яқин Шарқдаги можаро очликдан азият чекувчилар сонининг 45 миллион кишига кўпайишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди.
Live
Барчаси