Googoosha кимга қанча сарфлаган?
Таҳлил
−
08 Март 2023
408602005 – 2013 йиллар. Бир қарашда ушбу даврда Ўзбекистон маданияти, санъати ва спортида дунёда кўзга кўринган мамлакат бўлиш учун илдамлик билан ҳаракат қилаётганди. Ўзбекистонга жаҳон футбол юлдузларининг ташрифи ва уларнинг ўзбек клубларида фаолият юритгани ҳақида сўз юритгандик. Бугун эса ўша вақтдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўнғич қизи, 2010 йил январидан 2012 йил июлигача Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси, файласуф, сиёсатчи, иқтисодчи, либослар ва заргарлик буюмлари дизайнери, Guli атторлик моллари муаллифи, кўплаб болалар ва ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан ишлашга қаратилган лойиҳалари меценати ва қўшиқчи сифатида машҳур бўлган, алал-оқибатда эса қамоқда сақланаётган собиқ Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармасининг васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова даврида Ўзбекистонга келган жаҳон санъати намоёндалари, машҳур хонанда, актёр ва актрисалар, маданият ва санъат арбоблари ҳақида сўз очмоқчимиз.
Хўш, улар нега Ўзбекистонга келган? Каримова ва жаҳон юлдузларини боғлаб турувчи қандай жиҳатлар бўлган? Машҳурларнинг юртимизга ташрифи қанчага тушган? Ушбу видеомизда юқоридаги саволларга имкон қадар жавоб излаймиз.
Жерар Депардье
Франциялик машҳур актёр дунёнинг энг сермаҳсул ижодкорларидан бири, у 200 дан ортиқ фильмларда суратга тушган. Унинг роллари диапазони жуда катта: Голливуд блокбастерлари ва машҳур кинофестиваллар дурдоналаридан тортиб, паст бюджетли комедиялар ва телесериалларгача. Депардье маълум бир актёрлик услубига эга эмас ва у суратга олинган лентанинг сифати ёки унинг жанрига аҳамият бермайдиган актёр.
Жерар Депардье Ўзбекистонга жуда кўп ташриф буюрган. Унинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи 2012 йилнинг ноябрь ойида бўлган. Ўшанда таниқли актёр Тошкент, Бухоро ва Самарқандга борган. Ташриф давомида Депардье Гулнора Каримова билан овоз ёзиш студиясида ишлаган, у ерда француз актёри Каримова қаламига мансуб шеърларни ўқиб берган ва албатта Гулнора Каримова Жерар Депардье билан дуэт куйлаган. Уларнинг “Небо молчит” қўшиғи ўша вақтда анчагина машҳур бўлган.
Стинг
Британиялик афсонавий рок хонандаси Стинг ҳам Ўзбекистонга келган. У 2009 йил октябрь ойида Тошкентда концерт берган ва концертга кириш чипталариниг нархи 1400 фунт стерлинггача етган, бу ўша пайтда Ўзбекистондаги ўртача маошдан деярли 45 баробар кўп эди. Стинг Art-Week Style.Uz-2009 лойиҳаси доирасидаги концерт учун 2 миллион фунт стерлинг (3 миллион доллардан ортиқ) гонорар олган.
Концерт Британия ОАВлари таъкидлаганидек, ўша пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қизи Гулнора Каримова бошчилигидаги Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси томонидан ташкил этилган. Британия томони Стингнинг Ислом Каримовнинг тўнғич қизи томонидан уюштирилган тадбирларда иштирок этишини иккиюзламачилик деб ҳисоблаганди, чунки қўшиқчи 30 йил давомида инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ҳамкори бўлган, ўша давридаги Ўзбекистонга эса авторитар мамлакат сифатида қаралган.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ўша вақтда Стинг ҳақида қуйидаги фикрларни билдирганди.
“Стинг иккиюзламачига ўхшайди. У Ўзбекистонда қандай режим ҳукмрон эканлигини билмаса, демак ақл бовар қилмайдиган даражада аҳмоқ”, деган эди собиқ элчи.
Стинг рўй бераётган ҳолатга нисбатан дарҳол ўз жавобини эълон қилганди. У Тошкентдаги концерт UNICEF томонидан ўтказилаётганига ишончи комил эканлигини айтган.
“Мен Ўзбекистон раҳбарининг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги салбий ишларини яхши биламан. Аммо шунга қарамай, мен Ўзбекистонда концерт беришга қарор қилдим”, деган рок қўшиқчиси.
Афсонавий қўшиқчининг сўзларига кўра, “маданий тадбирларга бойкот эълон қилиш шунчаки, мантиқсизлик”, чунки бу ҳолат давлатнинг яккаланишига олиб келади ва уни янада ёпиқ мамлакатга айлантиради.
Ўша вақтда кўпгина машур сиёсий таҳлилчилар назарида Ғарб юлдузлари Ўзбекистонга диктатурани қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида таклиф қилинган.
Хулио Иглесиас ва Монцеррат Кабалье
“Дунёнинг турли тилларида энг кўп альбом сотган мусиқачи” сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган афсонавий испаниялик қўшиқчи Хулио Иглесиас ҳам Ўзбекистонга келган. У мусиқага доир деярли барча энг нуфузли мукофотларни қўлга киритган. Унинг ўғли Энрике Иглесиас ҳам ёшлар орасида жуда таниқли ва ижодий ишлари севиб эшитиладиган қўшиқчи ҳисобланади.
2008 йилнинг 12 октябрь куни Тошкентда Каримова раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси, “Stile Home” ва “Осиё Рамзи” модельерлар уюшмаси томонидан учинчи маротаба Style.Uz дизайн ва мода ҳафталиги ўтказилганди.
Мода ҳафталигида жаҳонга машҳур дизайнерлар, машҳур заргарлик буюмлари ва мода брендлари эгалари, мода соҳасида фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар ва телеканал вакиллари, шоу-бизнес юлдузлари, мода журналлари муҳаррирлари, турли мамлакатлардан жамоат арбоблари иштирок этганди.
Ҳафталик тадбирларида Австрия, Германия, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Латвия, Россия, Франция, Швецария ва Япония каби давлатлар вакиллари қатнашган.
Style.Uz миллий ва замонавий модани, шунингдек, Ўзбекистонда мода саноатини ривожлантириш, ёш дизайнерлар ва матолар, аксессуарлар ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ ижодкор сулолаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа эди.
Ўша йили Сиси Васаби (Германия), Волфорд (Австрия), DSQUARRED 2(Италия), Ревиллон ва Ги Лароче (Франция), шунингдек, россиялик дизайнерлар Алёна Аҳмадуллина ва Жулиа Далакиан, япониялик Сурикабе, ҳиндистонлик Сунит Варма, Пекин кийим-кечак технологиялари институти ўз коллекцияларини Тошкентга олиб келди. Stye.Uz 2008 кўргазмасининг сўнгги куни 17 октябрда Самарқандда бўлиб ўтди. Шарқ гавҳарида миллий либослар фестивали ташкил этилди. Шунингдек, ўша вақтда модага ихтисослашган дунёга машҳур Fashion TV каналининг бутун бошли жамоаси Ўзбекистонда фаолият юритган, яъни Ўзбекистон Fashion TV'нинг иккинчи уйига айланганди десак ҳам муболаға бўлмайди.
Stye.Uz 2008 дизайн ва мода ҳафталигида испаниялик хонанда Хулио Иглесиаснинг концерти ташкил этилганди. Каримова Иглесиас билан машҳур “Бесаме Мучо” таронасини ҳам куйлаган. Шунингдек, ҳафталик доирасида Каримованинг “Guli” бренди ўзининг янги заргарлик буюмлари коллекциясини тақдим этди. Тақдимот тадбирига испаниялик машҳур опера юлдуз Монцеррат Кабалье ҳам келиб, қўшиқ куйлаган.
Ҳолид Эргенч
2012 йилда таниқли турк актёри Ҳолид Эргенч Art-Week Style.uz санъат ҳафталигининг сўнгги кунида Тошкентга келди. Актёр томошабинларга “Муҳташам юз йил" сериалидаги Султон Сулаймоннинг ёрқин ва харизматик роли билан танилган.
Холид Эргенч 2012 йил 8 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ичан-Қалъа” меҳмонхонасида “Guli” брендининг янги коллекциясини тақдимотида иштирок этган.
Аёллар парфюмининг юзи Гулнора Каримованинг ўзи бўлган, парфюмнинг ўрамида у юнонча услубдаги узун сариқ-олтин либосда тасвирланган. Эркаклар учун парфюмнинг юзи эса Ҳолид Эргенч эди. Ҳар икки парфюмерия ҳам Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбек модаси” ҳафталигида тақдим этилди.
Гулнора Каримова машҳур россиялик продюсер Максим Фадеев билан ҳам ижодий ҳамкорлик қилган. Ҳатто 2012 йилда Каримова Фадеев продюсерлигида инглиз тилида альбом ёзган. Ўша вақтда Каримова Фадеевнинг илҳом манбаига айланган ва Максим Фадеев Каримовага бағишлаб “Googoosha” таронасини яратган.
Лара Фабиан
2013 йилда франциялик қўшиқчи, “je t'aime” таронаси билан машҳур бўлган Лара Фабиан ҳам Тошкентга келиши кўзда тутилган, лекин у санъат фестивалида режалаштирилган чиқишини бекор қилганди. Қўшиқчи Ўзбекистондаги “репрессив режим”ни қоралаган француз ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозиликларидан кейин шундай қарорга келган.
Фабианнинг сўзларига кўра, бунгача у таклиф қилинган тадбирни Президентнинг қизи уюштирганини билмаган. Хонанда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган ҳукумат вакили (ёки ҳукуматга яқин шахс) томонидан уюштириладиган шоуда қатнашишни истамаслигини қайд этганди.
Лара Фабианнинг концерти 27 октябрга белгиланганди. Унинг чиқиши Гулнора Каримова томонидан ташкил этилган Art-Week Style.uz фестивалининг ёпилиши доирасида бўлиб ўтиши керак эди.
Лара Фабианнинг Тошкентдаги концерти бекор қилингани муносабати билан Art-Week Style.uz ташкилотчилари ҳолат юзасидан узр сўраб, Фабианнинг 27 октябрдаги концерти ўрнига “Истиқлол” саройида таниқли россиялик хонанда Валериянинг концерти бўлиб ўтишини маълум қилди.
Лара Фабианнинг концертига сотиб олинган чипталар хонанда Валериянинг 2013 йил 27 октябрь куни соат 20:30 да “Истиқлол” концерт залида бўлиб ўтадиган концерти учун амал қилиши айтилди.
Чипталарни қайтаришни хоҳловчилар эса концерт тугаганидан кейин 10 календарь кунида “Ипак йўли” банкининг бош офисига мурожаат қилиб, чипта учун тўланган суммани мажбурий тақдим этиш шарти билан қайтариб олишлари мумкин эди.
Юқорида номлари келтирилган санъаткор аслида Гулнора Каримованинг ўғли кичик Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан Тошкентга олиб келингани боғлиқ хабарлар ҳам юради.
Ўзбекистон аҳолиси Криштиану Роналду, Лионель Месси, Род Стюарт, Хулио Иглесиас, Монсеррат Кабалье, Фредерик Дифенталь ,Иван Дорн, Марк Дакаскос, Тимати, Градус ва Григорий Лепс каби спорт ва шоу-бизнес юлдузлари Тошкентга келганини ва уларнинг Ўзбекистонга келиши учун катта гонорар тўланганини яхши эслайди.
Кўпчилик билар ёки билмас Гулнора Каримованинг синглиси, Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова 2009 йилнинг апрель ойида таниқли актриса Моника Беллуччига тўрт соатлик мулоқот ва кечки овқат учун 190 минг евро тўлаган. Шунингдек, Каримова даврида унга тегишли бўлган TVM, SofTS, NTT ва Forum TV каби телеканаллар, “Аъло ФМ”, “Замин” каби радиоларда бир қатор мусиқий, маданий-маърифий дастурлар йўлга қўйилганди. Fond Forum ҳомийлигида қатор лойиҳалар амалга оширилган. Уларнинг энг машҳурлари сирасига “Янги авлод” болалар мусиқа ва санъат фестивали, “Келажак овози” ёшлар танлови, M&TVA мусиқий ижрочилар ва телевизион дастурлар танлови, “Асрлар садоси” ва “BazarArt” маданият фестиваллари, Style.UZ ва “Йил аёли” тадбирлари, шунингдек, кўкрак саратонига чалинган аёлларга хайрия мақсадида ташкил этилган “Ҳаёт учун” марафони жуда машҳур эди.
Гулнора Каримова. 2005 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистонда энг кўп тилга олинган, ОАВда энг кўп айтилган ном бўлди, десак муболаға бўлмайди.
2013 йилнинг октябрь-ноябрь ойларини ОАВ, Гулнора Каримованинг лойиҳаларида мунтазам иштирок этиб келган жамоатчилик вакиллари, ёшлар яхши эслайдилар.
Ҳар йил якунида ўтказилиши керак бўлган лойиҳаларга катта тайёргарлик кўрилаётган, йил якунидаги тақдимот маросимларига барчанинг эътибори қаратилган палла эди. Бирдан Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган телеканаллар фаолияти тўхтатилди. Ўтказилиши керак бўлган лойиҳалар бекор қилингани сукут орқали тан олинди. Орадан кўп ўтмай Фонд форум 10 йиллик фаолиятини айни шу нуқтада тугатишини расман эълон қилди.
Гулнора Каримовага тегишли эканлиги тахмин қилинадиган ширкатлар устидан тергов жараёнлари бошланди.
2017 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримова жиноий иши юзасидан тўлиқ расмий баёнот берди.
Унга кўра, 2013 йил 24 октябрда “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилганди.
2013 йилнинг иккинчи ярмида Гулнора Каримова ижросидаги “Ёнимда бўлинг” қўшиғига олинган клип қиш ойларида, Каримованинг бошига қора булутлар ёпирилганда тақдим этилганди. Видеоклип YouTube’даги Гулнора Каримова номига очилган саҳифага 2014 йил 2 январь куни жойлаштирилган.
Клипни томоша қилиб, Гулнора Каримова ўз ишлари чаппасига кетишини билганми, деган савол хаёлдан ўтади. Боиси Каримова навбатдаги клипида тарихий обидалар оралаб, поёнсиз саҳро томон йўл олган аёл образида гавдаланади. Харир либоси эса шамолда ҳилпирайди ва матода Гулнора уюштирган тадбирлар, у бошчилик қилган лойиҳаларнинг суратлари акс этади. Гўё у 10 йил давомида амалга оширган лойиҳалар унинг ўзи билан ортидан кетаётгандек тасаввур уйғотишига урғу берилгандек.
Хуллас, Каримова даврида бўлиб ўтган ишлар ҳақида соатлаб фикр юритиш, фактлар келтириш мумкин. Машҳурларнинг юртимизга келиши катта суммалар эвазига амалга оширилган. Юлдузларнинг айримларига берилган гонорарлар миқдори очиқланган, баъзиларини ташкилотчилар ОАВга маълум қилишни истамаган. Биз бу мавзуга яна қайтамиз. Воқеалар ривожини Qalampir.uz’да кузатиб боринг!
LiveБарчаси