GTL заводи учун келтирилаётган ускуналар Ўзбекистон ҳудудига кирди

Жамият

image

Қашқадарёда қурилаётган, МДҲ минтақасида биринчи бўлган юқори технологияларга асосланган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш заводига келтирилаётган вазни  350 ва 550 тонна бўлган иккита йирик технологик ускуна айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатланмоқда. У март ойида заводнинг қурилиш майдончасига етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳозир асосий йирик ўлчамли технологик ускуналар туркуми  Қорақалпоғистондан Қашқадарё вилоятига олиб келиняпти. Шу пайтгача бир неча мамлакат орқали Корея Республикасидан асосий денгиз йўллари ва логистик маршрутлар орқали Ўзбекистонгача бир неча минг километр йўл босиб ўтилди. 

Оғирлиги 550 тонна, узунлиги 39 метр ва диаметри 6,9 метрга тенг ҳамда оғирлиги 350 тонна ва узунлиги 25 метр бўлган ушбу қурилмалар бунёд этилаётган заводнинг синтетик суюқликларни ишлаб чиқариш цехида қўлланилади. Бу қурилмалар ёрдамида ҳосил бўладиган синтез (метан + кислород) физик-кимёвий реакциялар ва технологик жараёнлар натижасида синтетик суюқ ёқилғига, яъни ярим тайёр маҳсулотга айлантирилади. Ундан эса яна бир неча жараёнларни босиб ўтиб, асосий нефть маҳсулотлари – дизель, керосин ва нафта олинади.

Бугунги кунга келиб, GTL лойиҳасининг амалга оширилиши якунловчи босқичда турибди. Қурилиш майдончасига 5 минг нафардан ортиқ  ишчи, қурувчи ва муҳандис сафарбар этилган. 500 дан зиёд қурилиш ва махсус техника жалб қилинган. 

Ўзбекистонда  GTL заводининг қурилиши фаол суръатда давом этмоқда. Шартноманинг тўлиқ якунланиши шарти билан амалга оширилишидаги умумий  силжиш 71 фоиздан ошди.  

Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича заводнинг  қурилиш майдончасида қурилиш ишлари давом этмоқда ва уларнинг 25 фоиздан кўпроқ қисми бажарилган.

Ўзбекистонда барпо этилаётган GTL заводи учун дунёнинг 24 мамлакатидаги 129 та заводда жами 11 мингдан зиёд технологик ускуналар ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда қурилиш майдончасига юқори технологик ва йирик ўлчамли ускуналар етказиб бериш амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда  116 та тўпламдан зиёд юқори технологик ускуналар қурилиш майдончасига етказилган бўлиб, у ерда уларни монтаж қилиш ва ўрнатиш ишлари бошланган.  153 та тўплам ишлаб чиқарувчи заводлардан  юклаб, қурилиш майдончасига жўнатилган ва улар Ўзбекистонга олиб келинмоқда.  

Қайд этиш жоизки,  GTL лойиҳасининг амалга оширилиши ҳар йили 1,5 миллион  тоннагача бўлган  ҳажмда импорт қилинадиган нефть-маҳсулотлари ўрнини босиш имконини беради.  Синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича заводнинг хом ашё базаси – Шўртан газ-кимё комплекси метани ҳисобланиб, унинг ҳажми йилига   3,6 миллиард  кубометрни ташкил этади.

Мазкур завод ҳар йили 1,5 миллион тоннадан ортиқ юқори сифатли, ЕВРО 5 стандартига мос бўлган синтетик суюқ ёқилғи, шу жумладан, 743,5 минг  тонна дизель ёқилғиси, 311 тонна авиа керосин, 431 минг тоннадан ортиқ нафта, 50 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ  ишлаб чиқаради.
 


Мақола муаллифи

Теглар

GTL заводи

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар