Грецияда мигрантлар қайиғи чўкиб кетди. Ҳалок бўлганлар бор
Олам
−
17 Декабрь 717 2 дақиқа
Грециянинг Крит ороли яқинида ноқонуний муҳожирлар кемаси чўкиб кетиши оқибатида камида 14 нафар мисрлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТRТ World хабар берди.
Миср Ташқи ишлар вазирлигига кўра, қайиқ 2025 йил 7 декабрь куни Мисрга қўшни давлатлардан биридан Грецияга қараб йўл олган. Қайиқ бортида турли миллатларга мансуб 34 нафар ноқонуний муҳожир бўлган, уларнинг орасида 14 нафар Миср фуқароси ҳалок бўлган.
Вазирлик Греция расмийлари билан тезкор алоқада бўлиб, кемадан қутқарилганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва мисрлик қурбонларнинг жасадларини репатриация қилишни тезлаштириш устида ишлаётганини маълум қилган.
Воқеани фожиавий, деб таърифлаган вазирлик Миср фуқароларини ўз ҳаётларини ҳимоя қилиш ва бундай оғриқли ҳодисалар такрорланишининг олдини олиш учун ноқонуний миграция тармоқларининг “панжасига тушмасликка” чақирмоқда. Ноқонуний муҳожирлар Европа Иттифоқига кириш эшиги ҳисобланган Крит оролига етиб бориш учун Ливия ва бошқа қўшни давлатлардан транзит йўли сифатида фойдаланиб келади.
Маълумот учун, июль ойининг бошида Греция ҳукумати Ливиядан Критга келганлар учун бошпана бериш аризаларини тўхтатиб туришга қарор қилган эди. Миср эса, ўз навбатида, 2016 йилдан бери Европага йўналган ноқонуний муҳожирлар кемаларининг жўнаб кетишининг олдини олганини айтиб келади, аммо мисрлик ноқонуний муҳожирлар одатда транзит йўли сифатида Ливияни танлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда дунё бўйлаб 8938 мигрант ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси