Ғофурбойдан Умаровгача Бокс афсоналари Тошкентда
Спорт
−
13 Ноябрь 2023
10308Бугун, 13 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон бокс иттифоқининг (WBC)нинг йиллик 61-Конвенцияси очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистондаги нуфузли спорт ташкилотлари, Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбари Очилбой Раматов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон MMA ассоциацияси раҳбари Отабек Умаров, Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов ва Олимпия ҳамда Паралимпия қўмитаси раҳбарлари WBC тадбирида иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё боксида ўз ўрнини топиб бораётганини айтиб, профбоксда Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Шоҳжаҳон Эргашев, Отабек Холматов ва бошқа бир қатор ўзбек боксчиларининг натижаларини эътироф этди.
Маросим давомида россиялик бокс афсонаси Константин Цзю томонидан Очилбой Раматовга WBC камари топширилди. Шунингдек, ўзбек юлдузларига ташкилотнинг эсдалик медаллари совға қилинди. Жаҳон бокс афсонаси Эвандер Холифилд ва Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов томонидан WBC ҳамда Ўзбекистон байроғи саҳнага олиб чиқилди. Мексикалик бокс юлдузи Хулио Сесар Чавес эса WBC камарини кўтарган ҳолда кўриниш берди. Бироз ўтгандан кейин эса Раматов томонидан конвенция иши очиқ деб эълон қилинди.
WBC'нинг тадбирларининг охирги кунида “Ҳумо арена”да профбокс оқшоми ташкил этилади. Турнирда ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионлари Абдумалик Халоков ва Миразизбек Мирзаҳалилов рингга кўтарилади. Мирзаҳалилов профбоксда яхшигина тажрибага эга, Халоков эса профрингда дебют қилди.
WBC ортда қолаётган йил якунлари бўйича ҳисоботини оммага тақдим этаётган бир пайтда, украиналик боксчи, WBA, WBO ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони Александр Усик анжуманлар залига кириб келди. Усик яқиндагина Ар-Риёдда бўлиб ўтган Фьюри-Нганну жанги доирасидаги тадбирларда иштирок этганди. Энди у 17 ноябрь куни профбоксда етишиб чиқаётган бўлажак ўзбекистонлик рақиби Баҳодир Жалоловнинг жангини томоша қилади.
Усикнинг профбоскдаги азалий рақиби супероғир вазн тоифасида амалдаги Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) чемпиони, британиялик Тайсон Фьюри эса Ўзбекистонга келмайдиган бўлди. WBC томонидан унинг келмаслигига яқиндагина жанг ўтказгани ва Англияда матбуот анжуманида иштирок этиши сабаб қилиб кўрсатилди. Фьюридан ташқари америкалик бокс афсонаси Майк Тайсон ҳам ҳали Ўзбекистонга келгани йўқ.
Тадбир давомида Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов WBC томонидан ташкилотнинг бошқарув органи аъзоси этиб тайинланди. Маросим якунида Тошкент меҳмонларига ўзбекона тўнлар кийдирилди. 17 ноябрга қадар давом этадиган WBC тадбирлари доирасида жаҳон бокси юлдузлари билан учрашувлар, Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар ва ташкилотнинг тақдирлаш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.