Гладиаторлар жангининг аянчли якуни. UFC тарихидаги энг оғир жароҳатлар
Спорт
−
16 Июль 2021
18625Антик Римда гладиаторлар ўртасида жанглар ташкил этилган. Лекин у ҳеч қачон Юнонистонда ўтказилувчи Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаган. Сабаби аксарият ҳолатларда рақиблардан бири ёки бир нечтаси вафот этгунича баҳслар давом эттирилган. Лекин унга бўлган қизиқиш Олимпиадага қараганда юқорироқ бўлган.
Замонавий Олимпия ўйинлари қайта тикланганидан буён (1896 йил) аралаш жанг санъати (ММА) спорти ҳам унинг дастуридан ҳалигача жой олмади. Чунки ушбу спорт тури зўравонлик ва жанговорликка асосланган. Аксарият беллашувларда у ёки бу спортчининг юзидан қон қуйилиб оқаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бошқа бир ҳолатда, оёқ билан нотўғри зарба бериш ва ҳаракатланиш туфайли ўта оғир жароҳатлар юзага келади.
Балки шунинг учундир, йиллар давомида ММАнинг энг машҳур лигаси UFC’да бундай ҳолатларнинг содир бўлиши ажабланарли ҳодиса сифатида қабул қилинмаяпти. Жорий йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтган UFC 264 турнирида ҳам промоушеннинг асосий юлдузларидан бири Конор Макгрегор оёғининг голеностоп қисмидан жиддий жароҳат олди. Навбатдаги 9 ой давомида октагонга қайта олмаслиги маълум бўлиб улгурди.
Бироқ, бунга қадар ҳам мухлислар бундай ҳолатларга кўп марта гувоҳ бўлиб улгурган. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Андерсон Силва — Крис Вайдман (UFC 168)
UFC мухлислари жуда яхши эслайдиган баҳс. Чунки Андерсон Силва энг таниқли ММА жангчиларидан бири. 2013 йил охирида ўз унвонини ҳимоя қилиш учун Крис Вайдманга қарши жанг ўтказди. Биринчи баҳсда нокаут эвазига мағлуб бўлган Силва иккинчи беллашувда ғалабани кўпроқ истаб юборгани аён бўлди.
Чунки унинг кучли тарзда йўлланган оёқ зарбасини Вайдман тиззаси билан тўсишга уринди. Шундан сўнг “стойка” ҳолатига қайтган собиқ чемпион бирданига мувозанатни йўқотди. Бироқ унинг оёқлари таянч вазифасини бажара олмайдиган даражада синиб бўлган эди. Ушбу ҳолат йиғилган томошабинларни даҳшатга солди.
Крис Вайдман — Юрия Холл (UFC 261)
Ҳа, яна ўша Крис Вайдман иштирокидаги жанг. Бироқ бу сафар жабрланувчи ролида Криснинг ўзи намоён бўлди. UFC 261 турнирининг асосий кардида Юрия Холл билан тўқнаш келган Крис Вайдман дастлабки сониялардаёқ, “лоу-кик” зарбасини бериш чоғида оёғини синдириб олди. Жанг эса дарҳол тўхтатилди. Шундан сўнг Вайдман рингдан олиб кетилди. Бу Конорнинг жароҳатига қараганда хавфлироқ эди. Гарчи ғалаба қозонган бўлса-да, Холлнинг ўзи ҳам жангдан кейин тушкун кайфиятда ортга қайтиши фикримизга исбот бўла олади.
Марк Хоминик — Хосе Альдо (UFC 129)
Енгил вазн тоифасининг собиқ чемпиони Хосе Альдо Марк Хоминик билан жангда унинг юзига мушт ва тирсак орқали зарбалар йўллади. Маркнинг ўнг кўзи ва пешонасида улкан теннис тўпи ҳажмидаги гемотома пайдо бўлди. Шарҳловчи Жо Роган эса уни “иккинчи бош” деб таърифлаган эди.
Ажабланарлиси шундаки, шифокорлар ҳам, рефери ҳам жангни тўхтатмаган. Хоминикнинг жангни давом эттиришга рухсат берилган, Табиийки, охир-оқибат бразилиялик Альдо ғалаба қозонган.
Антонио Родриго Ногейра — Франк Мир (UFC 140)
Оғир вазн тоифасидаги бу жуфтлик 2011 йилда Торонтода реванш жангини ўтказди. Азалий рақиблар ўртасидаги иккинчи беллашувда биринчи раунднинг ўзидаёқ Мир рақибининг қўлини синдириб юборган.
Ногейранинг бир нечта кучли зарбасидан кейин, бироз ўзини йўқотишни бошлаган Франк, биринчи баҳсда бўлгани каби ғалаба қозонишини ҳали билмас эди. Устунликка эришаётган Антонио ғалабасига ишониб рақибини партер ҳолатида мағлуб этишга уринди. Бироқ кутилмаганда Мир Ногейранинг қўлини учбурчак услубида ошлаб олди. Қўлини чиқариб олиш учун имкони борича ҳаракат қилган Антонио Родригонинг қўли ғайритабиий ҳолатда синди. Шифокорлар кейинчалик операция ёрдамида уни ўз ўрнига келтиришди.
Жон Жонс — Чейл Соннен (UFC 159)
Дунёнинг энг яхши ММА жангчиси Жон Жонс Чейл Сонненга қарши ўз чемпионлик камаринининг ҳимоя жангини ўтказди. Жонс уни биринчи раунддаёқ техник нокаут эвазига ғалаба қозонди, аммо баҳсда оёғининг бош бармоғини даҳшатли тарзда синдириб олгани баҳс якунига етгач маълум бўлган эди.
Рақибни партерга тушириш жараёнида таянч оёғи сирпаниб кетиши натижасида ушбу ҳолат содир бўлган.
Гарчи у жангдан сўнг Жо Роган билан тушунарсиз интервью олиб борганига қарамасдан, жароҳат нақадар оғриқли эканлигини суратдан ҳам билса бўлади.
“Сен буюк натижаларга эришаётганинг учун ҳам, ҳақиқий чемпионсан. Бу мен кўрган энг ёмон ва антиқа жароҳат”, деган эди жангдан сўнг Роган.
Лесли Смит — Жессика Ай (UFC 180)
Ушбу икки аёл жангчи Мехико шаҳрида жанг қилишди. Иккинчи раунднинг бошларида, Жессика рақибига ўнг томондан «хук» зарбасини йўллади. Сўнгра Смитнинг қулоғи зарба натижасида осили қолди ва қон қуйилиб оқа бошлади.
Вазиятни мутлақо тўғри баҳолаган рефери Хёрб Дин жангни тўхтатди.
Алистар Оверим — Жаирзиньо Розенструйк (UFC оn ESPN 7)
2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган титанлар тўқнашувнинг сўнгги раунди якунланишига бир неча сония қолганида, Розенструйк Оверимга тўғридан бир нечта кучли зарбалар йўллади. Сўнгги зарба натижасида оғир вазн тоифаси чемпионлиги учун собиқ даъвогарнинг устки лаби йиртилиб кетди. Аммо, Алистарнинг бахтига жароҳат кўринганидек хавфли бўлиб чиқмади. Пластик операция эвазига унинг “нусхи” сақлаб қолинди.
Аслида ҳар қайси спорт турининг хавфли томонлари етарлича топилади. Агар ММА билан мунтазам шуғулланишни истасангиз, албатта, эҳтиёткорликка амал қилинг.