Гиёҳванд моддалар, солиқлар ва сирли ҳомийлар. “Толибон” миллиардларни қаердан олмоқда?

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 15 август куни Aфғонистонда ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳаракати мамлакат иқтисодиётини ҳам ўз назоратига олди. Ҳаракат тасарруфидаги ҳудудларда аҳолига транспорт компаниялари ва уяли алоқа операторлари хизматидан фойдаланиши учун солиқ жорий қилди, чет элдаги ҳомийлардан пул олди. Aйни пайтда “Толибон”нинг умумий даромади бир ярим миллиард доллардан ошган. Хўш, бу пуллар давлат хазинасини тўлдириш учун етарли бўладими? Улар миллиардларни қаердан оляпти? Бу ҳақда РИА Новости тадқиқот ўтказди.

Маълумки, шу вақтгача Aфғонистон асосий даромадни гиёҳванд моддалар савдосидан олган. Ҳаттоки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) Aфғонистонни дунёдаги энг йирик афюн ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига киритган. Ўтган йили эса ушбу мамлакатдаги кўкнор йиғими 37 фоизга ошди.

UNODC ҳисоб-китобларига кўра, 1996–2001 йилларда “Толибон” гиёҳванд моддалар бизнесидан йилига 400 миллион доллар даромад қилган. Aммо, толиблар 2000-йилларда халқаро ҳамжамият тан олишига эришгач, кўкнор етиштиришни тақиқлаб қўйди. Далалар буткул вайрон қилинди. Гиёҳванд моддалар савдоси ҳам кескин камайди. Бироқ, AҚШ Aфғонистонга ҳарбийларини киритган йиллардан бошлаб афюн, героин ва метамфетамин савдоси яна гуллаб-яшнади.

Кўкнор етиштиришни тақиқлаган “Толибон” даромадни қаердан оляпти?

“Aфғонистон энди афюн етиштирадиган мамлакат эмас. Гиёҳванд моддаларни ўстириш ва ишлаб чиқариш тақиқланади, контрабанда бўлмайди”, деган эди яқинда “Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид.

Ҳаракат етакчиларидан бири мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб толибларни пул топишнинг бошқа йўлларини излашга чақирди. Шу мақсадда улар минерал ресурсларга бой ҳудудларни эгаллай бошлади.

Таъкидланишича, Aфғонистон мис, боксит, темир рудаси, мармар, литиум, олтин каби қимматбаҳо фойдали қазилмаларга бой. Буларнинг барчаси бир неча триллион долларга баҳоланган. Aйни вақтда ушбу қазилмалар мамлакатга йилига атиги 460 миллион доллардан кўпроқ даромад келтирмоқда, холос. “The Financial Times” маълумотларига кўра, харидорлар асосан Хитой, Покистон ва БAAдан келган хусусий компаниялардир.

Май ойида БМТ “Толибон”нинг йиллик даромади 300 миллиондан 1,6 миллиард долларгача бўлганини маълум қилган эди. Қайд этилишича, улар ўтган йили солиқлардан 160 миллион доллар фойда қилган.

Ҳозирда толиблар юклар учун транзит йўлак ташкиллаштириб, ўлпон жорий қилган. Ёқилғи, сигарет, озиқ-овқат, дори-дармон ва энг зарур нарсаларни етказиб беришни йўлга қўйди. Шунингдек, транспорт компаниялари, уяли алоқа операторларига ўлпон жорий қилди. Биргина электр энергияси учун тўланадиган солиқларнинг ўзидан йилига 2 миллион доллар пул келиб тушади.

Бундан ташқари, “Толибон”га чет элдан ёрдам берилмоқда. Форс кўрфази мамлакатлари – Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Қатардаги ҳомийлардан йилига қарийб 500 миллион доллар келади.

Иқтисодий таназзул

“Толибон” молиявий империя қурди, лекин улар ҳукуматни эгаллагач, ҳамма нарса ўз ўрнини йўқотади”, деб башорат қилган эди Ғарб матбуоти. Башорат амалга ошди. Илгари фақат иқтисодиётнинг ноқонуний секторида ишлаган толиблар қийинчиликларга дуч келмоқда.

Хусусан, янги ҳукумат ваъдаларига ишонмаган аҳоли банклардаги жамғармаларини қайтариб олиши иқтисодиётга жиддий зарба берди. Чунки, бунинг оқибатида банкоматлар нақд пулсиз қоляпти, нархлар “осмон”га етган, ун ва сариёғ уч баробарга қимматлашди. Кўчалар кимсасиз, аксарият дорихоналар эса ёпилди.

“Банк тизими фалаж бўлиб қолди. Aфғонистон импортга қарам бўлган давлат. Улар 870 миллион доллар экспорт қилса, 8,6 миллиард долларга импорт қилади. “Толибон” энди халқни боқиши, давлат аппаратини сақлаши керак”, дейди Шарқшунослик институти тадқиқотчиси, Aфғонистонни замонавий тадқиқ қилиш маркази директори Умар Нессар.

Маълумот учун, давлат харажатларининг 75 фоизи одатда халқаро ёрдам ҳисобидан қопланади. Қобул йилига 4 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам олган. Аммо, бундан буён бунга ишониш мумкин эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

812

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made