Эрон ва Туркия ўртасидаги баланс бузилдими?
Интервью
−
18 Март 3092 10 дақиқа
Яқин Шарқ яна хавотирли босқичга кирмоқда. Минтақада кескинлик кучайиб, айрим давлатлар дипломатларини эвакуация қилмоқда. Туркия ҳаво ҳудудига ҳам бир неча бор ҳужумлар уюштирилди. Бунда Эрон томони айбланмоқда. Ушбу жараён фонида кўпчиликни бир савол қизиқтирмоқда: асрлар давомида уруш қилмаган Эрон ва Туркия ўртасидаги мувозанат бузилиши мумкинми? Бу саволларга жавоб излаб, биз Эрон сиёсати бўйича таниқли эксперт, Жанубий Алабама Университети профессори Надер Энтессар билан суҳбатлашамиз.
Абдураҳмон Эргашев, мухбир: Хайрли кеч, профессор Энгезар. Суҳбатлашишга вақт ажратганингиз учун катта раҳмат. Аҳволингиз қандай?
Жанубий Алабама Университети профессори Надер Энтессар: Мен яхшиман. Сизнинг ишларингиз қалай?
А.Э.: Мен ҳам яхшиман, раҳмат. Биринчи саволимни беришга рухсат этинг. Яқин Шарқда сўнгги йилларда кучайиб бораётган кескинлик нуқтаи назаридан Эрон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни қандай баҳолайсиз? Улар кўпроқ рақибми ёки стратегик шерик?
Н.Э.: Иккаласи ҳам. Жавоб – иккаласи ҳам. Айтмоқчиманки, бу тарихий савол. Ушбу саволга жавоб бериш учун уни тарихий контекстга қўйиш керак. Сафавийлар даврига назар ташласак, моҳиятан Сафавийлар империяси ва Усмонли империяси мавжуд бўлган пайтларда ҳам бугунги Эрон ва Туркия ҳам рақобатчи, ҳам рақиб бўлган. Ва бу муносабатлар XVI асрдан бери деярли ўзгармасдан қолмоқда. Бу икки давлатда турли ҳукуматлар, турли хил режимлар ҳокимиятга келди. Аммо кўтарилиш ва пасайишлар деярли ўзгармас бўлиб қолди. Шунинг учун саволингизга қисқача жавоб берсам: Эрон ва Туркия ҳам рақиб, ҳам рақобатчи, ҳам иттифоқчидир.
Айрим жиҳатларда улар ҳамкорлик қиладилар. Уларнинг умумий манфаатлари бўлган қатор соҳалар бор. Яқин Шарқда эса манфаатлари бир-биридан фарқ қиладиган соҳалар мавжуд. Аммо бир нарсани таъкидлашимиз керакки, муносабатлардаги ушбу кўтарилиш ва пасайишларга қарамай, ҳар икки давлат ҳам ўз муносабатларини бошқаришда муваффақият қозониб келмоқда. Бошқача айтганда, фарқларнинг умумийликлардан устун келишига йўл қўймайдилар.
Биз буни, ҳатто бугун Эрондаги уруш пайтида ҳам кўряпмиз, Туркия можародан яхши масофани сақлаб қолди. Эрон ҳам Туркияни аралаштириб юборишдан ўзини тийди. Эрон нишонга олган объектлар, гарчи АҚШнинг Туркияда ҳам объектлари бўлса-да, Туркиянинг ўша ҳудудларини четлаб ўтди ва Туркия билан Эронга ҳозирча бир оз масофада қолиш ҳамда ушбу можарога аралашмаслик имконини берди.
Шу сабабли, бу икки давлат муносабатларни, ҳатто Эрон тарихидаги энг кескин даврларда ҳам, фарқларнинг назорат қилиб бўлмайдиган вазиятга айланиб кетишига йўл қўймасдан бошқариб кела олишмоқда.
А.Э.: Сўнгги ҳафталарда минтақада кескинлик кучайди. Баъзи давлатлар ўз дипломатик ходимларини чақириб олишмоқда. Бу жараён минтақавий хавфсизлик ҳақида нимани англатади?
Н.Э: Хўш, минтақавий хавфсизлик. Ҳозирги можародан кейин қандай минтақавий хавфсизлик шаклланишини билмаймиз. У қачон ва қандай тугашига ишончим комил эмас. Булар бизда жавоби йўқ саволлардир. Ҳозир айтган ҳар бир гапимиз шунчаки тахмин бўлади, лекин бир нарса аниқки, можаронинг бу босқичи тугайди.
Можародан кейинги даврда хавфсизлик масаласи жуда муҳим бўлиб қолиши табиий. Менимча, минтақада сўнгги 40 ва ундан ортиқ йиллардан бери мавжуд бўлган вазият ўзини оқлай олмайди. Бошқача айтганда, АҚШнинг минтақадаги тўлиқ ҳукмронлиги энди Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва бошқа давлатлар хавфсизлиги учун кафолат бўла олмайди.
Шунинг учун қандай хавфсизлик тузилмалари пайдо бўлишини ҳозир тахмин қилиш жуда қийин. Аммо, Яқин Шарқнинг бу қисми, ҳеч бўлмаганда Жануби-Ғарбий Осиё, ҳукмрон супер давлат ўз хавфсизлик соябони остидаги кичик давлатлар хавфсизлигини таъминлай оладиган аввалги ҳолатига қайтмайди деб ўйлайман.
Бу худди шиша идишга ўхшайди. Шиша идишни синдириб қўйсангиз, унинг парчаларини қайта бирлаштириш жуда қийин. Бирлаштирган тақдирингизда ҳам, у аввалгидек мустаҳкам бўлмайди. Охир-оқибат у барибир парчаланиб кетади. Шундай қилиб, аввалгидан фарқ қиладиган бошқа турдаги хавфсизлик тузилмаси пайдо бўлади. Ушбу давлатлар хавфсизлиги учун АҚШга тўлиқ боғлиқлик энди қайта тикланмайди.
А.Э.: Яқинда Эрон Туркияга ҳужум қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо Эрон расмийлари бу айбловларни рад этишди. Ушбу вазиятни қандай баҳолайсиз ва бу зид даъволар ортида нима бўлиши мумкин?
Айтиш қийин. Биринчидан, ҳеч қандай нишон урилмаган ва Эрон ўзингиз айтганингиздек бир неча бор Туркия ёки Озарбайжонни нишонга олмаганини таъкидлади. Дарҳақиқат, Эрон Ташқи ишлар вазири сўнгги уч кун давомида бу нуқтани яна бир бор таъкидлаш учун Туркия Ташқи ишлар вазири билан доимий алоқада бўлди.
Н.Э: Хўш, бу қандай содир бўлди? Эрон дронлари Озарбайжон ва Туркия ҳудудига қандай кириб қолди? Ҳамма нарса турли йўналишларга отилаётган бундай урушда буни тушунтириш қийин. Бўлиши мумкинки, адашган дронлар ёки ракеталар нотўғри нишонга бориб урилиши мумкин.
Аммо шуниси аниқки, Эронни бунда ҳеч қандай манфаати йўқ. Эроннинг диққат марказида АҚШ кучлари жойлашган ва Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланилган ҳудудлар турибди. На Озарбайжон ва на Туркия бу жараёнга аралашган. Туркия, албатта, НАТО давлати ва масалан, Инжирлик базасида Америка ҳарбий иштироки сезиларли.
Яна айтаман, менда бу борада тўғридан тўғри маълумот йўқ. Аммо Эрон ҳукумати бу икки давлатни нишонга олмаганини жуда аниқ ва шубҳасиз айтаётгани шундан далолат берадики, агар ҳақиқатан ҳам Туркия ёки Озарбайжон йўналишида дронлар бўлган бўлса, бу ўша адашган нарсалардан бири бўлган бўлиши мумкин. Биласизки, бундай турдаги урушда 100 фоизлик аниқликка эришиб бўлмайди. Сиз бирор нарсани отасиз ва баъзида ракеталар ёки дронлар нотўғри йўналишга кетиб қолади.
Ҳатто, нишонни жуда аниқ уриш қобилиятига эга бўлган АҚШ ҳам Жанубий Эрондаги мактабни 30 дақиқа ичида икки марта уриб, 170 га яқин мактаб болаларини ўлдирди – бу каби нарсалар катта эҳтимол билан асл нишон бўлмаган. Хатога йўл қўйилган. Шунинг учун жуда кўп ўлчовли бундай урушда 100 фоизлик аниқликка эга бўлиш қийин. Сиз ният қилмаган жойларга ҳам ўқ узиб қўйишингиз мумкин.
А.Э.: Туркия НАТО аъзоси бўлганлиги сабабли, Эрон томонидан стратегик таҳдид сифатида кўриладими?
Н.Э: Йўқ, йўқ, Эрон Туркияни стратегик таҳдид деб ҳисобламайди, на можародан олдин ва на можародан кейин. Чунки Туркия бу можарога аралашмади, бу можарода томон эмаслигини жуда аниқ билдирди ва Туркияни Эронга таҳдид қилиб қўядиган даражада ёрдам кўрсатмади.
А.Э.: Сизнингча, Туркия ва Исроил ўртасидаги яқинлашиш эҳтимоли Эронни хавотирга соладими?
Н.Э: Албатта, улар буни танқид қиладилар, аммо гап шундаки, Туркия ва Исроил ўртасида Исроил ташкил этилганидан кўп ўтмай дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Исроил ва Туркия ўртасидаги бу яқинлашиш Эронга қарши бўлмагунча, Эроннинг бу йўналишда хавотири кам.
Дарҳақиқат, биз ҳозир кўраётган нарса шуки, кечагина Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннет Туркияни кейинги нишони бўлиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Шундай экан, бу муносабатларда яқинлашиш бор, лекин бу “нотинч яқинлашиш”. Агар шундай аташ мумкин бўлса, Туркия ва Исроил ўртасидаги бу “дўстона бўлмаган яқинлашиш”дир ва Эрон икки давлат ўртасидаги муносабатларни ҳисобга олиб, буни жиддий таҳдид деб ҳисобламайди.
А.Э.: Эрон ва Туркиянинг Сурия, Ироқ ва Кавказ минтақасидаги манфаатлари қай даражада тўқнашади?
Н.Э: Хўш, бу иккала соҳада ҳам жиддий келишмовчиликларга айланиш эҳтимоли бор, айниқса Жанубий Кавказ ва Сурияда. Эрон Суриядан узоқлашиб бўлди. Туркиянинг Сурияда нима қилиши борасида энди у қадар катта хавотир йўқ. Ироқда эса, асосан Ироқ Курдистонидаги турк иштироки ҳақида гапиряпмиз.
Бу масалада Эрон ва Туркиянинг баъзи умумийликлари бор. Иккаласи ҳам Ироқдаги курдлар ҳар икки давлат учун хавф туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайди. Шунинг учун, менимча, Ироқда тўқнашувдан кўра ҳамкорлик қилиш салоҳияти кўпроқ. Аммо Кавказ Эрон учун бошқа минтақавий масаладир. Агар биз Туркиянинг Кавказда, айниқса хавфсизлик масалаларида, Эрон билан чегарадош қисмларида кўпроқ иштирокини кўрсак, у ҳолда икки давлат ўртасидаги муносабатлар бир оз кескинлашиши мумкин. Аммо ҳозирча улар “келишмасликка келишиб”, вазиятни иссиқ тўқнашув майдонига айлантирмасдан бошқариб келишмоқда.
А.Э.: Марказий Осиё ва минтақавий транспорт йўлларидачи, унда рақобат қанчалик?
Н.Э: Бу анча вақтдан бери давом этмоқда ва рақобат анча юқори. Умуман олганда, Эрон бу борада Туркия каби яхши натижа кўрсата олмади. Туркия, ҳеч бўлмаганда, муқобил коридорларни яратишда муваффақиятлироқ бўлди. Эроннинг Марказий Осиёда кўпроқ таъсир кўрсатишига ёки иштирок этишига имкон берадиган катта коридори –“Шимолий-Жануб” йўлаги шулардан бири, аммо у ҳали тўлиқ амалга ошмади.
Бу амалдан кўра кўпроқ гап-сўз бўлиб қолмоқда. Ҳали қурилмаган ёки тегишли темир йўл ва қуруқлик алоқалари ўрнатилмаган муҳим ҳудудлар бор. Бу ҳудудни шунчаки режалаштириш ва гапиришдан ташқари, ҳаётий йўлакка айлантириш Эрон учун жуда муҳимдир. Ва бу гаплар 20 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда, аммо мен “Шимолий-Жануб” коридорининг аниқ натижасини кўрганим йўқ.
Лекин Туркия муваффақиятлироқ бўлди. Ҳар бир ҳолатда эмас, лекин кўп ҳолларда Марказий Осиёдан Туркияга ва кейин Европага товарлар ва хизматларни ташиш учун муқобил энергетика ва транспорт коридорларини яратишда кўпроқ муваффақият қозонди. Шундай экан, бу рақобат бир мунча вақт давом этади ва ҳозирча Эрон бу рақобатда заифроқ позицияда.
А.Э.: Жанубий Кавказдаги сўнгги ўзгаришлар, Озарбайжон ва Арманистон жараёни Эрон ва Туркия муносабатларига, айниқса Зангезур коридори масаласига қандай таъсир қилмоқда?
Н.Э: Трамп ҳозир уни “Трамп коридори” деб атаяпти. Шунинг учун уни “Трамп коридори” ёки “Зангезур коридори” деб аташни билмайман. У шубҳасиз, Эроннинг шимолга йўналтирилган яна бир йўналиш яратиш уринишларига зарар етказади. Аммо Озарбайжон ҳозирча бу коридорни Эрон учун тўсиб қўйиш нияти йўқлигини ва Эрон хоҳласа ундан фойдаланиши мумкинлигини айтди. Албатта, Эроннинг ҳозирда бу коридор орқали ташиш учун унчалик кўп нарсаси йўқ, шунинг учун бу ҳозирча ҳақиқий таҳдиддан кўра кўпроқ назарий таҳдиддир.
Аммо бу нима билан тугашини билмайман. Трамп, албатта, Арманистондаги ушбу коридорга сармоя ва хавфсизликни таъминлашни ҳамда уни кенгайтириш учун зарур инфратузилмани яратишни хоҳлашини айтди. Аммо биз гаплашиб турган вақтда, бу масалалар ҳали жуда бошланғич босқичда. Нима бўлишини вақт кўрсатади.
А.Э.: Профессор, сизнингча, Эрон ва Туркия ўртасида ҳарбий тўқнашув бўлиши эҳтимоли реалми ёки бу кўпроқ сиёсий тахминми?
Н.Э: Йўқ, менимча, бу сафар бу кўпроқ сиёсий тахмин. Турли сабабларга кўра ҳеч бир давлат ҳарбий можарога киришишни хоҳламайди. Албатта, Туркия НАТО давлати ва агар шундай бўлса, бу НАТО ва Эрон ўртасидаги можарога айланади. Лекин менимча, бу ҳозирги вақтда реал вариант эмас, чунки ҳеч бир давлат бир-бири билан ҳарбий тўқнашувни истамайди.
А.Э.: Сизнинг фикрингизча, Эрон ва Туркия Яқин Шарқда барқарорликни сақлашда қандай роль ўйнаши мумкин?
Н.Э: Шубҳасиз, булар ХХ асрнинг маҳсули бўлган ёки яқинроқда пайдо бўлган кўплаб Яқин Шарқ давлатларидан фарқли ўлароқ, ўрнатилган эски давлатлардир. Шунинг учун уларнинг иккаласи ҳам ўн йилликлар, балки асрлар давомида шаклланган маданий ва сиёсий иштироки ҳамда таъсирига эга.
Шу сабабли, агар сиёсий шароитлар имкон берса, улар барқарорлик учун ижобий роль ўйнаш салоҳиятига эга. Айтмоқчиманки, бу катта “агар”. Агар сиёсий шароит имкон берса. Аммо, Яқин Шарқнинг икки асосий устуни сифатида (Мисрни ҳам эҳтимол учинчи устун сифатида қўшишим мумкин, лекин Миср сўнгги йилларда бир оз четга чиқиб қолди), Туркия ва Эрон, шубҳасиз, бугунгидан кўра анча катта роль ўйнаш учун барча имконият ва қобилиятларга эга.
А.Э.: Профессор Энтеэзар, қимматли фикрларингизни биз билан ўртоқлашганингиз учун сизга катта раҳмат. Вақтингиз ва жавобларингиз учун миннатдорман. Сиз билан суҳбатлашиш жуда ёқимли бўлди.
Н.Э: Суҳбатга таклиф қилганингиз учун сизга ҳам раҳмат, ишларингизга ривож тилайман.
Live
Барчаси