Официант жосуслар ва “тузоқ”га тушган Трамп. Хитой сафарининг сирли томонлари

Таҳлил

Официант кўринишидаги Хитой ҳарбийлари АҚШ расмийларига хизмат қилди. Худди кинолардагидек. Трампнинг жамоаси хитойликларга шунчалик ишонмайдики, берилган кортеж машиналарини соатлаб, лекин иложи борича билинтирмай текширди, латталар билан! Илон Маск Xiaomi раҳбарини менсимади. Буни очиқчасига кўрсатди. Яккама-якка учрашувда эса, Трамп “тузоққа тушди”. Уни атайлаб паст қилиб кўрсатишди. Си Цзиньпин ўрнидан тургач, Трамп унинг дафтарини ўғринча ўқишга урингани айтилди. Хўш, аслида вазият қанақа? Ҳар қандай олий даражадаги ташрифнинг расмий қисми — бу шунчаки қуруқ баёнотлар ва камералар учун сохта ҳамда мажбурий табассумлардан иборат. Аммо ҳақиқий сиёсат, давлатларнинг бир-бирига бўлган асл муносабати ва кучлар нисбати саҳна ортидаги майда деталларда, тана тили ва махфий хизматларнинг ўйинларида намоён бўлади. Ҳозир АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашуви доирасидаги энг қизиқарли, махфий ва шов-шувли воқеаларни кўриб чиқамиз.

Жангнинг бошланиши — Саломлашув

Учрашув ўйинлар билан бошланди. Дональд Трамп ўзининг рақибларини руҳан синдирадиган, қўлини ўзига қаттиқ тортиб кўришиш услубини Хитойда ҳам, тўғридан-тўғри камералар қаршисида қўллади! Мақсад — “Бу ерда мен етакчиман” деган сигнални бериш эди. Аммо Си Цзиньпин худди буни билгандек, ўз позициясини темирдек сақлаб қолди ва қўлини қаттиқ тортиб турди. Бу шунчаки кўришиш эмас, икки супердавлатнинг геосиёсий тортишуви эди. Хитой раҳбари Пекиннинг Вашингтонга осонликча ён босмаслигини илк сонияларданоқ тана тили орқали кўрсатиб қўйди. Трампни кутиб олиш маросимидаги болалар ва уларнинг рақслари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Бу педофил Эпштейн ва Трампнинг ёнма-ён болалар билан тургани акс этган ҳамда шов-шувларга сабаб бўлган видеосига ишора ҳамда психологик босим сифатида баҳоланди!

Машина “артиш” операцияси

АҚШ Махфий хизмати хавфсизлик масаласида ҳеч кимга ишонмайди, ҳатто мезбон давлатга ҳам. Меҳмон делегация учун Хитой томони тақдим этган лимузинлар ва махсус машиналар атрофида ғалати ҳолат кузатилди. Америкалик тансоқчилар латта ва махсус суюқликлар билан машиналарни худди мезбонларга ҳурмат юзасидан ялтиратиб артиб, тозалаётгандек кўрсатишди. Яна бу ишни шу даражада узоқ ва такрор-такрор қилишдики, бу кўпчиликда бир хил тахминларни келтириб чиқарди. Ходимларнинг қўлидаги латталар ва мосламалар остига микрофон, яширин камера ва радиоактив моддаларни аниқловчи сканерлар ўрнатилган эди деган фикрлар пайдо бўлди. Яъни улар машина тозалаш баҳонасида Хитой махфий хизмати машиналарга эҳтимолий ўрнатган ҳар қандай яширин жосуслик қурилмаларини қидиришган ва зарарсизлантиришган. Бу юқори даражадаги паранойя ва профессионаллик сигнали.

“Блогер” Маск ва унинг меросхўри

Ташрифнинг энг ёрқин фигураларидан бири Илон Маск бўлди. У ўзини расмий шахсдан кўра, кўпроқ эркин таҳлилчи ва блогердек тутди. Маск деярли барча ёпиқ қабуллар, коридорлар ва учрашув майдончаларида телефонини чиқариб, ҳамма жойни “съёмка” қилиб юрди. Хитой протокол хизмати бундан қанчалик асабийлашмасин, Маскка тега олмади. Шунингдек, Маск ушбу ўта муҳим сафарга ўз ўғли, исми бироз бошқачароқ бўлган X Æ A-12 ни ҳам олиб борди ва уни Хитой элитаси билан таништирди. Маскнинг бу ҳаракати анъанавий дипломатия қоидаларини парчалаб ташлади. У ўзини шунчаки тадбиркор эмас, балки давлатлараро муносабатларга таъсир ўтказа оладиган “мустақил куч” сифатида намоён этди. Ўғли Х ни бундай ёпиқ ва глобал даражадаги тадбирга олиб келиши эса, Хитой маданиятидаги “сулола” ва “ворислик” тушунчаларига ишора бериш ҳамда ўз фарзандини болалигиданоқ дунёнинг энг юқори элита қатламига мослаштириш стратегиясидир, балки!

Смартфонлар жанги: Apple ва Xiaomi раҳбарларига икки хил муносабат

Технология оламининг гигантлари учрашган даврада Илон Маскнинг икки йирик смартфон ишлаб чиқарувчиси раҳбарлари билан расмга тушиш жараёни ҳақиқий “визуал хабар”га айланди.

Apple компанияси раҳбари Тим Кук билан учрашганда, Илон Маск вазиятга жуда жиддий, профессионал ва ҳурмат билан ёндашди. Самимий қилиқлари ва фахрли нигоҳлари ҳам эътиборга тушди. Уларнинг бирга тушган сурати ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлар мулоқотини эслатди. Аммо навбат Хитойнинг технологик гиганти Xiaomi раҳбари Лэй Цзюнь билан расмга тушишга келганда, Маск ўзининг ҳақиқий ва бепарво муносабатини яшириб ўтирмади. У ўзи билан селфи тушмоқчи бўлган Xiaomi раҳбарини очиқчасига менсимади, юзаки ва масофани сақлаган ҳолда, гўё оддий бир одам билан расмга тушаётгандек совуққонлик билан суратга тушди.

Бу кадр ортидаги лаҳза АҚШ ва Хитой ўртасидаги глобал технологик урушнинг яққол аксидир. Маск Америка брендлари ва иқтисодиёти, яъни ўша вазиятга мослаб айтганда Apple билан ички рақобатда бўлса-да, геосиёсий майдонда уларни биринчи даражали деб билади. Хитойнинг электромобиллар ва смартфонлар бўйича глобал бозорни эгаллаётган бренди Xiaomi’ни эса, ўзининг тўғридан-тўғри ва хавфли рақобатчиси деб ҳисоблайди. Маск тана тили орқали Хитой технологияларини Американики билан тенг кўрмаслигини бутун дунёга намойиш этди.

Трампни паст қилиб кўрсатишди

Икки президентнинг тор доирадаги, ёпиқ эшиклар ортидаги учрашуви ташкил этилган хонада протокол тузоғи тайёрлаб қўйилган эди. Трамп учун ажратилган диван Си Цзиньпинникига қараганда бир неча сантиметр пастроқ ва юмшоқроқ эди. Трамп диванга ўтирганда, у беихтиёр пастга чўкиб кетди ва қаршисида ўтирган Си Цзиньпинга пастдан юқорига қарашга мажбур бўлди. Бу эса, табиийки медиа вакилларининг эътиборидан четда қолмади. Протокол ва дипломатияда мебелнинг баландлиги, ўлчами ва жойлашуви жуда катта роль ўйнайди. Хитой томони ушбу визуал ва психологик ҳийла орқали Си Цзиньпинни “устунроқ ва вазиятни назорат қилаётган раҳбар” сифатида кўрсатишга эришди. Трамп эса, ўтиргандан кейингина буни ҳис қилди, бироқ энди кеч эди.

Жосусга айланган Трамп

Кечки овқат ва норасмий суҳбат жараёнида энг кулгили, аммо ўта жиддий характерга эга дея баҳоланган воқеа юз берди. Си Цзиньпин қисқа муддатга, эҳтимол, атайлаб ўйлаб топилган сабаб билан ўрнидан туриб кетди. Унинг столи устида очиқ турган дафтарга Трамп фурсатдан фойдаланиб, тезда қараб олди ва ундаги ёзувларни ўқишга уринди. Сиёсатда ахборот — энг қимматли нарса. Трамп у ерда қандайдир махфий тезислар ёки Хитойнинг музокаралардаги стратегик режалари ёзилганини ўйлаган чоғи, тезкор разведка қилиб олишни хоҳлади. Бу унинг провокацион табиатидан далолат беради. Бир қарашда жуда қизиқ ва давомини билишга ундайдиган ҳолат, шундай эмасми?

Аммо “ўғринча қараб олиш” акс этган видео ижтимоий тармоқларда оммалашиб, катта шов-шувга сабаб бўлганидан сўнг, АҚШ томони ва етакчи халқаро ОАВлар дарҳол раддия беришди ҳамда вазиятга расмий аниқлик киритишди. Оқ уй ва АҚШ расмийлари тарқалган хабарларни мутлақо рад этишди ва буни контекстдан юлиб олинган фейк маълумот деб баҳолашди. АҚШ томони ва мустақил фактларни текширувчилар учрашувнинг тўлиқ ва кесилмаган видеосини эълон қилишди. Унга кўра, Си Цзиньпин столдан туриб, минбарга нутқ сўзлаш учун кетганида, Трамп ҳақиқатан ҳам чап томонидаги қора рангли чарм папкани очиб, ичини кўздан кечирган. Бироқ, бу папка учрашув бошланишидан аввал айнан Трампнинг ўриндиғига қўйилган ва унинг ўзига тегишли нутқ матнлари бўлган. Қолаверса, Оқ уй тақдим этган яқинлаштирилган тасвирларда Трамп очган ўша қора жилд устида АҚШ Президентининг расмий герби ва муҳри яққол кўриниб тургани исботланди.

Гиргиттон образидаги ҳарбийлар

Овқатланиш ва қабуллар жараёнида меҳмонларга хизмат кўрсатган хитойлик официантлар ўзларининг ҳаракатлари билан барчани ҳайратда қолдирди. Лаган кўтарган йигитларнинг қадам ташлаши, қизларнинг атрофга тез-тез ва мақсадли нигоҳ ташлаши, орқа бурчакда тик туриши ва буйруқларни бажариш тезлиги оддий ресторан ходимларига мутлақо ўхшамасди. Уларнинг елкалари тик, нигоҳлари ўткир эди.

Сиёсий таҳлилчилар “бу “официантлар” аслида Хитой Халқ Озодлик Армиясининг энг элита бўлинмаларидан саралаб олинган, махсус ҳарбий ва психологик тайёргарликдан ўтган офицерлар бўлган”, деган фикрни илгари суришди. Хитой ҳар бир зонани, ҳатто ошхона ва хизмат кўрсатиш йўлакларини ҳам тўлиқ ҳарбийлаштирган. Мақсад — ҳар қандай кутилмаган суиқасд ёки фавқулодда вазиятда сониялар ичида профессионал жавоб қайтариш ва АҚШ махфий хизматига “биз ҳамма жойни назорат қиляпмиз” деган таҳдидли сигнални юбориш эди.

Трампнинг ушбу ташрифи шуни кўрсатдики, XXI асрда глобал етакчилик учун кураш фақат иқтисодий санкциялар ёки ҳарбий таҳдидлар билан чекланмайди. У тана тиллари, яширин сканерлар, диван баландлиги ва официант ниқобидаги ҳарбийларнинг нигоҳларида давом этади. Бу учрашувда ҳар икки томон ҳам бир-бирининг заиф нуқталарини қидирди ва саҳна ортидаги жангда ғолиб номи расмий баёнотлардан кўра, анча тушунарлироқ бўлди. Хўш, сиз қайси тарафни кучлироқ деб биласиз? Изоҳ бўлими фикрингизни билдиришингиз учун очиқ!


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Си Цзиньпин Apple Xiaomi Хитой сафари Официант жосуслар “тузоқ”қа тушган Трамп Жангнинг бошланиши “Блогер” Маск Гиргиттон образидаги ҳарбийлар иқтисодий санкциялар ҳарбий таҳдидлар АҚШ Махфий хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг