Эрон ва Украина устунлигининг калити нима?
Мусиқа
−
02 Апрель 8008 8 дақиқа
Айни пайтда дунёда давом этаётган Россия–Украина уруши ҳамда бошланганига бир ойдан ошган АҚШ, Исроил–Эрон ўртасидаги можаролар замонавий жанг усулларини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, дронлар урушнинг марказий воситасига айланиб бормоқда. Мазкур феноменни таҳлил қилган Технология ва инновациялар бўйича катта илмий ходим Майкл С.Ҳоровитс ўз мақоласида дронлар уруш характерини тубдан ўзгартираётганлигини таъкидлайди.
Аввал Украина, энди Эрон
Муаллиф дронларнинг жанг майдонидаги роли кескин кенгайганини алоҳида урғулар экан, дронлар бугун артиллерия, қанотли ракета ёки торпеда вазифасини ҳам, разведка самолёти ёки бомбардимончи ролини ҳам бажара олишини таъкидлайди. Ҳоровитсга кўра, бу қурилмалар АҚШ фойдаланаётган қимматбаҳо қирувчи самолётлар ёки сувости кемаларига нисбатан камроқ имкониятга эга бўлса-да, уларнинг арзонлиги ва тез кўпайтириш имконияти жанг тақдирини ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
Яқин Шарқдаги вазият эса бу тенденцияни янада кескинлаштирди. Эрон ўзининг арзон баллистик ракеталари ва айниқса “Shahed-136” дронларига таяниб, янги уруш моделини амалда синовдан ўтказмоқда.

“Shahed-136” круиз ракета ёки баллистик ракетага қараганда анча арзон, ҳар бири 20 мингдан 50 минг АҚШ долларигача туради, 2000 километргача масофага уча олади ва аниқ йўналтиришга эга, агар уриб туширилмаса, мўлжаллаган объектини йўқ қилади”, дея ёзади муаллиф.
Унинг фикрича, Россиянинг Украинада ушбу дронлардан кенг фойдаланиши Эрон учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилган ва улар радиоэлектрон курашга чидамли тизимлар билан янада такомиллаштирилган бўлиши мумкин.
Сўнгги ойлар ичида Эрон минглаб бир марталик ҳужум дронларини Исроил, АҚШ базалари ва минтақадаги бошқа давлатларга қарши қўллади. Бу зарбалар катта талофат ва беқарорлик келтириб чиқарди. Ҳатто, бир дрон ҳужуми натижасида АҚШнинг олти нафар ҳарбийси ҳалок бўлгани қайд этилган.
“Эрон дронларининг аксарияти уриб туширилган бўлса-да, улардан доимий фойдаланиш Қўшма Штатлар ва минтақадаги бошқа мамлакатларнинг ресурсларини муваффақиятли равишда камайтирди ва АҚШ радар тизмлари каби муҳим мудофаа имкониятларини йўқ қилди”, дейди Ҳоровитс.
Украина тажрибаси шуни кўрсатадики, дронлар 80 фоизгача йўқ қилиниши мумкин. Аммо муаммо шундаки, қолган 20 фоизнинг ўзи ҳам катта зарар етказади. Муаллиф бу ҳолат Эрон стратегиясининг марказий элементи эканлигини ҳамда арзон ва кўп сонли зарбалар орқали Эрон АҚШ ва унинг ҳамкорларини мудофаа ресурсларини тезда тугатишга мажбур қилаётганини айтади.
Бироқ, асосий муаммо иқтисодий номутаносибликда. Ҳимоя тизимлари ҳужум воситаларига нисбатан бир неча баробар қиммат туради. Масалан, Patriot тизими ракеталари тахминан 4 миллион АҚШ доллари, улар уриб тушираётган дрон эса ўртача 35 минг АҚШ доллари туради. Ҳатто, нисбатан арзон тизимлар ҳам 125 минг АҚШ доллари сарф талаб қилади. Бу эса мудофаа томонини молиявий жиҳатдан ноқулай ҳолатга солмоқда.
Яна бир муаммо – тутиб қолувчи снарядлар захирасининг чекланганлиги. Уруш бошланганидан икки кун ўтмай, оммавий ахборот воситалари АҚШ ва унинг тарафдорларида мудофаа ракеталарининг камайиб бораётганини хабар қилган. Бирлашган Араб Амирликлари қисқа вақт ичида юзлаб ракета ва юзлаб дронлар ҳужумига учраганини маълум қилган.
Қизиғи шундаки, АҚШ ҳатто, Украинадан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Владимир Зеленский: “Уч кун ичида Яқин Шарқда ишлатилган Patriot ракеталари сони Украинада 2022 йилдан бери ишлатилганидан кўп бўлди”, дея таъкидлаган. Бу эса янги давр урушларида ресурслар учун глобал рақобат кучайиб бораётганини кўрсатади.
Дронлар ҳақида тасаввур
Замонавий урушлар ҳақида гап кетганда, “дрон” атамасининг ҳаддан ташқари умумий қўлланилиши муаммони чуқурроқ англашга тўсқинлик қилаётгани тобора яққол намоён бўлиб бормоқда. Ҳоровитс таъкидлашича, бундай умумлаштириш уларнинг жанг майдонидаги реал ролини баҳолашни мураккаблаштиради.

Дарҳақиқат, замонавий дронлар бир хил эмас. Улар орасида тактик разведка қурилмалари, Туркиянинг “TB2 Bayraktar” каби юқори ва ўрта баландликда узоқ муддат учувчи тизимлар – “MALE” (Medium-Altitude Long-Endurance) ва “HALE” (High Altitude Long Endurance) дронлари, Эроннинг “Shahed-136” ва Россиянинг “Geran-2” учувчисиз аппаратлари сингари бир марталик зарба берувчи “OWA” (one-way attack) дронлар, Украинанинг “Vampire” дронларига ўхшаш қисқа масофали “FPV” (first-person-view) дронлар ҳамда ҳатто, анъанавий урушлар учун мўлжалланган юқори технологияли ҳамкор жанговар самолётлар мавжуд.
Муаллифга кўра, масалага янгича ёндашув зарур. Яъни, бу тизимларни “дрон” деб аташ ўрнига, уларнинг ҳарбий функцияси ва йўқ қилиш қанчалик осон эканига қараб таснифлаш мақсадга мувофиқ.
“Бир дона қурилманинг нархи, уни қайта ишлаб чиқариш имконияти ва вазифанинг марказийлиги ҳисобга олинганда, дронлар арзон ва тез алмаштириладиган тизимлардан тортиб, жуда қиммат ва йўқотилиши оғир оқибатларга олиб келадиган платформаларгача бўлган спектрни ташкил этади”, дейди у.
Масалан, “MALE” ва “HALE” туридаги дронлар кўпинча разведка самолётлари ёки вертолётлар ўрнини босади. Улар асосан мураккаб ҳаво мудофаасига эга бўлмаган ҳудудларда қўлланади. Бироқ, улар бошқа дронлар сингари арзон эмас. Бундай учувчисиз мосламалар миллионлаб доллар туради ва уларни йўқотиш қирувчи самолёт ёки ҳужум вертолётини йўқотишдан арзонроқ бўлса-да, улар бир марталик эмаслигини ҳам унутмаслик керак.

Бошқа томондан, “OWA” – бир марталик ҳужум дронлари бутунлай бошқа категория ҳисобланади. Улар кўпроқ қанотли ракеталар ёки артиллерия тизимларига ўхшаш функцияни бажаради. Россия ва Украина урушида кенг қўлланилаётган бу дронлар мураккаб ҳимоя тизимларига эга эмас ва кўпинча паст баландликда ёки катта миқдорда учирилганда самарали бўлади.
“Уларнинг асосий вазифаси – рақиб мудофаасини чарчатиш ва кейинги зарбалар учун йўл очиш. Россия бу ёндашувдан ўзининг гипертовушли ракеталарига йўл очиш учун фойдаланган”, дейди муаллиф.
Яна бир муҳим тоифа – тактик разведка дронлари. Улар асосан қисқа масофада кузатув ва маълумот тўплаш учун мўлжалланган бўлиб, оддий ва тез ишлатилиши билан ажралиб туради. Бу вазифани илгари отлиқ қўшинлар ёки ҳаводан кузатувчи самолётлар бажарган, ҳозир эса бу функция арзон ва кичик қурилмалар орқали амалга оширмоқда.
Энг юқори даражадаги технологиялар эса ҳамкор жанговар самолётларда мужассам. Улар анъанавий дронлардан фарқли ўлароқ, илғор қирувчи самолётлар билан бирга ҳаракат қилади ва разведка, эрта огоҳлантириш, радиоэлектрон кураш ҳамда мослашувчан зарба бериш каби мураккаб вазифаларни бажаради.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий урушларда “дрон” тушунчаси ортида турли хил стратегик ва тактик воситалар яширинган. Уларни тўғри таснифлаш ва ҳар бирининг ўрнини англаш эса янги давр ҳарбий можароларини тушунишнинг калитига айланмоқда.
Жангнинг янги даври
Замонавий ҳарбий можаролар янги босқичга ўтаётгани, айниқса “аниқ ва оммавий зарба” (precise mass) концепциясининг кенг ёйилиши билан изоҳланмоқда. Майкл Ҳоровитс бу жараённи янги давр урушларининг асосий белгиси сифатида кўрсатади. Учувчисиз қурилмаларнинг жанг майдонларида қўлланилаётгани уларни ишлаб чиқариш қулайлиги, учувчисиз сунъий интеллект орқали бошқарилиши ва аниқ йўналтириш имконияти билан боғлиқ. Олимнинг таъкидлашича, бу жиҳат замонавий қуролланиш пойгасини тубдан ўзгартирмоқда.
Муаллиф фикрича, Эрон, Россия ва Украина тажрибаси буни амалда исботлади. 2022 йилдан буён ушбу давлатлар йилига ўн минглаб, ҳатто миллионлаб дронлар ишлаб чиқара бошлади.
“Бу давлатлар замонавий урушда устунлик фақат технологик мукаммаллик билан эмас, балки ишлаб чиқариш ҳажми ва тезлиги билан ҳам белгиланишини кўрсатди”, дея қайд этади Ҳоровитс.
Шу нуқтада АҚШ учун ҳам дронлар тизими янада муҳим бўлиб бормоқда. Масалан, “LUCAS” дрони “Shahed-136” га ўхшаш тизим сифатида қисқа вақт ичида кенг кўламда ишлаб чиқарилиши мумкин. Бироқ, ҳозирча унинг реал ишлаб чиқариш қуввати ноаниқ. Ҳозирча эса АҚШ мудофаа бюджетининг атиги 0,5 фоизидан камроғи ушбу йўналишга ажратилаётгани бу борада ҳали катта ўсиш имконияти мавжудлигини кўрсатади.

“Эронга ҳужум операциялари давом этар экан, АҚШ ва унинг иттифоқчилари нафақат мудофаа, балки ҳужум қуроллари бўйича ҳам чекловларга дуч келади. Эроннинг баллистик ракета учириш мосламалари мунтазам равишда йўқ қилинаётганлиги сабабли, Ислом Республикаси минтақавий ҳаво мудофаасига босим ўтказишда давом этиш учун “Shahed-136” каби узоқ масофали, бир томонлама ҳужум дронларига кўпроқ таяниши мумкин”, дейди муаллиф.
Бу эса яна бир муҳим хулосага олиб келади. “Precise mass” технологиялари худди Украинада бўлгани каби, Эрон каби нисбатан заиф давлатларга янги имкониятлар яратади. Бироқ олим бу жараён фақат кичик давлатлар билан чекланиб қолмаслигини, балки етарли инвестиция қилинса, йирик давлатлар учун ҳам ҳал қилувчи омилга айланишини таъкидлайди.
Хулоса қилиб айтганда, технологик тараққиёт ва иқтисодий самарадорлик кесишган нуқтада “аниқ ва оммавий зарба” тушунчаси замонавий урушларнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Ҳоровитс айтганидек, келажакда дронлар худди пулемёт ёки танклар каби ҳарбий можароларнинг доимий элементи бўлиб қолади. Шу боис, ҳар бир давлат бу тенденцияни жиддий қабул қилиши зарур. Зеро, хавфсизлик бугунги замоннинг энг қимматли бойлигидир.
Live
Барчаси