Германияга тарсаки. Россияда “Deutsche Welle” фаолиятига тақиқ қўйилди

Олам

image

Германия Федератив Республикасида немис тилида фаолият юритувчи Россиянинг йирик ахборот агентлиги “Russia Today DE” (RT DE) фаолияти тақиқланиши ортидан Мовква жавоб қайтарди. Германияга қарашли йирик хорижий ахборот агентлиги “Deutsche Welle” (DW) Россияда ўз фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз расмий сайтида маълум қилган.

Билдирилишича, ҳозирда DW ходимларининг Россиядаги аккредитацияси тугатилиши ва мухбирлик марказининг ёпилиши кутилмоқда.

“Жавоб чораларининг биринчи босқичи доирасида, Россия томони Россия Федерацияси ҳудудида “Deutsche Welle” телерадиокомпаниясининг сунъий йўлдош орқали узатадиган ва бошқа эшиттиришларининг тўхтатилишини билдиради”, дейилади вазирлик хабарида.  

Бундан ташқари, Россия ТИВ агентлик фаолияти якунланиши доирасида қуйидаги чоралар қўлланилиши ҳақида ҳам маълум қилган:

•  телерадиокомпаниянинг Россиядаги мухбирлик офисини ёпиш;

•  DW рус бюросининг барча ходимлари аккредитациясини бекор қилиш;

•  телерадиокомпанияни хорижий агент сифатида фаолият юритувчи хорижий ОАВ деб тан олиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш;

•  Россиянинг “Russia Today DE” ОАВ операторига босим ўтказиш ва трансляциясини чеклашда иштирок этган Германия давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари рўйхатини шакллантириш ҳамда уларнинг Россия ҳудудига кириши учун тақиқ қўйиш.

"Жавобнинг кейинги босқичлари ҳақида маълумотлар эълон қилиб борилади", дея қўшимча қилади Россия ТИВ. 

Маълумот ўрнида, Германия оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш комиссияси кеча, 2 февраль куни зарур лицензияси йўқлиги сабаб “RT DE” телеканалига Германияда немис тилида кўрсатув тайёрлашни тақиқлаган.

Россия ТИВ немис расмийларининг қарори Москвани Россия Федерациясида аккредитациядан ўтган немис оммавий ахборот воситаларига қарши жавоб чоралари кўришга мажбур қилганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

583

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг