Германияга кибержиноятлар 289 млрд евро зарар етказди

Олам

image

Сўнгги 12 ой ичида Германия иқтисодиёти маълумотлар ўғирланиши, саноат жосуслиги ва саботажлар оқибатида 289,2 миллиард евро зарар кўрди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Мамлакатдаги рақамли уюшма – Битком маълумотига кўра, Германиядаги мингдан ортиқ компаниянинг 87 фоизи ўтган бир йил давомида киберҳужумлар, маълумотлар ўғирланиши ёки жосусликка дуч келган. Бир йил олдин бу кўрсаткич 81 фоизни ташкил этганди.

Қайд этилишича, ҳужумларнинг катта қисми Россия ва Хитой билан боғлиқ. Ўтказилган сўровларда компанияларнинг 46 фоизи камида бир марта Россиядан келган киберҳужумга учраганини билдирган. Хитой билан боғлиқ уринишларни ҳам худди шунча корхона қайд этган. Шунингдек, Шарқий Европа мамлакатлари, АҚШ ва Германиянинг ўзидан ҳам хакерлик ҳужумлари аниқланган. Бироқ ҳар учинчи компания тажовузчиларнинг келиб чиқишини аниқ белгилай олмаган.

Корхоналарнинг 28 фоизи ҳужумларда хорижий махсус хизматларнинг алоқаси бўлиши мумкинлигини айтган. 2024 йилда бу кўрсаткич 20 фоиз, 2023 йилда эса 7 фоиз бўлган. Аксар ҳолларда эса ташкиллаштирилган жиноятчилик фаолияти қайд этилган.

Зарар кўлами нафақат ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиши ва молиявий йўқотишларни, балки суд жараёнлари, шантаж ва рақобатбардошликнинг пасайишини ҳам ўз ичига олади.

Германия Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси раҳбар ўринбосари Синан Селен маълумотларни шарҳлар экан, мамлакат йиллар давомида Россия билан боғлиқ тажовузкорлар учун нишонга айланганини таъкидлаган.

Битком раҳбари Ралф Винтергерст эса компанияларни кибержиноятчиликдан ҳимоя чораларини кучайтиришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хакерлар Бразилиянинг олти банкидан тахминан 140 миллион доллар ўғирлаганди. Улар бу жиноятни C&M номли IT компаниясининг ходими орқали амалга оширган. Ушбу компания Бразилия Марказий банки билан молиявий муассасалар ўртасидаги алоқа тизимларини ишлаб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия кибержиноят Битком

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг