Германиядаги ватандошлар Сирдарё ва Бухорога моддий ёрдам юборди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ёшлар ассоциациясининг мазкур давлатдаги вакили ва бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари томонидан “Куч бирликда” хайрия акцияси ташкил қилинди. Бундан мақсад Сирдарёдаги сув тошқини ва Бухородаги табиий офатлардан зарар кўрган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш бўлди.

 “Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, Сирдарё ва Бухоро вилоятлари аҳолиси бошига тушган синовларга бефарқ бўлмаган юзлаб ватандошлар, Германия жамоатчилиги вакиллари акцияда фаол иштирок этмоқда.

Маълумотларга кўра, хайрия доирасида йиғилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистонда табиий офатлардан зарар кўрган 600 дан зиёд оилага зарур кундалик гигиеник ва тиббий воситалар, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

Сув тошқини оқибатида бошпанасиз қолиб, Гулистон шаҳридаги қурилиш касб-ҳунар коллежи биносига жойлаштирилган Сардоба туманининг “Қўрғонтепа” маҳалласи, Оқолтин туманининг “Учтом” маҳалласидан эвакуация қилинган 120 нафар ҳамда Гулистон олимпия захиралари коллежи биносига жойлаштирилган Оқолтин туманининг “Чинобод” ва “Шодлик” маҳаллаларидан 130 нафар оила ана шундай ёрдамдан баҳраманд бўлди.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг табиий офатдан жабр кўрган Олот, Пешку ва Қоракўл туманларидаги 75 нафар хонадон эгаларига зарур кўмак кўрсатилди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида моддий қийналган ва боқувчисини йўқотган 300 дан ортиқ оилага ҳам улар эҳтиёжидан келиб чиқиб, хайрия ёрдамлари тақдим этилди.

Маълум қилинишича, Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан сардобалик яна 200 оилага моддий ёрдам бериш кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг