Германияда Усмоновнинг активларини “музлатиш” талаб қилинмоқда
Олам
−
16 Май 2022
4112Германияда россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг активларини музлатиш ёки мусодара қилиш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Усмоновнинг Тегернзе кўли бўйида жойлашган Бавариянинг Роттах-Эгерн коммунасида учта вилласи бор.
Маҳаллий сиёсатчи, “Яшиллар” партияси ва Роттах-Эгерн шаҳар кенгаши аъзоси Томас Томашек расмийлардан ушбу виллаларни тортиб олишни талаб қилмоқда.
NYT нашрининг ёзишича, Томашек жорий йилнинг март ойи охирида виллалар яқинида 300 га яқин одамни тўплаб, норозилик намойишини уюштирган ва Бавария аҳолисини ҳайратда қолдирган.
“Бизда бу олигархлар билан маънавий муаммо бор. Кўпчилик менга: "Шовқин қилманг, бу бизнинг ишимиз эмас", дейишади. Менимча эса, бу айнан бизнинг ишимиз ”, дейди Томашек нашрга берган интервьюсида.
Маҳаллий ҳокимият ва тадбиркорлар эса унинг ташаббусига қарши. Роттах-Эгерн мэри Кристиан Кек ҳам Томашекни акция ўтказишдан қайтармоқчи бўлган.
Виллаларни таъмирлаш билан шуғулланадиган маҳаллий уста Андреас Китцероу турар-жойларни ҳибсга олиш ғоясини "ғайритабиий" деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, Усмонов "ҳар доим эҳтиёткор бўлган" ва Россиянинг Украинага босқинига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Китцероунинг сўзларига кўра, россиялик миллиардер ундан ва яна бир қанча ходимларидан 1 миллион долларга яқин қарзи бор, бироқ санкциялар туфайли уларни тўлай олмайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 февраль куни ЕИ кенгаши Алишер Усмоновни бошқа россиялик тадбиркорлар, расмийлар ва маданият арбоблари қатори Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахслар "қора рўйхат"ига киритди. Уларнинг барчасига Европа Иттифоқига кириш тақиқланди, Европа Иттифоқидаги активлари музлатилди.
Шундан сўнг, Алишер Усмонов Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилганига норозилик билдириб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Шуни айтиш жоизки, Франция ҳукумати ҳам миллиардернинг иккита вертолётини ҳибсга олган. Италияда унинг умумий қиймати 80 млн евродан юқори бўлган активлари мусодара қилинган.
Германиянинг Гамбург шаҳри ҳукумати Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова номига расмийлаштирилган Dilbar яхтасини мусодара қилган.
LiveБарчаси